Туберкулёз касаллиги, касалликнинг олдини олиш, ўз вақтида ташхислаш, руҳий кўмакнинг мавжудлиги ва туберкулёз хасталиги билан боғлиқ ижтимоий тамға тўғрисида аҳолини хабардор қилишнинг долзарблиги:
Мутахассислар бу борада Фарғона вилоятида амалга оширилаётган амалий ишлар ҳақида маълумот берди.
Ғуломова Эъзоз Қосимовна,
фтизиатерапия бўлими мудири, олий тоифали шифокор:
- «Ҳолсизлик, тез чарчаш, иштаҳанинг ёмонлашуви, озғинлик, сержаҳллик, меҳнат фаолиятининг сусайиши туберкулёз интоксикациясининг эрта белгилари ҳисобланади.
- Туберкулёз билан касалланган беморлар бу белгиларни касаллик билан боғлашмайди, сабаби жуда кўп касалликларда юқоридаги каби умумий белгилар кузатилади.
- Туберкулёз (сил) кўп ҳолларда грипп ёки нафас йўлларининг шамоллаши ниқоби остида кечади. Нафас йўлларини шамоллашида ишлатиладиган дорилар эса туберкулёз таёқчаларига таъсир қилмайди. Оқибатда инсон касалликни ўтказиб юборади. Агар бемор ўз вақтида даволанмаса, йўтал кучайиб, балғам ажралиб чиқади, баъзан қон туфлаш эҳтимоли бор.
- Туберкулёзни дорига сезгир турини даволаш 6 ой муддатни талаб этади. Бу муддат давомида шифокор тавсия этган дориларни қабул қилишда танаффусга асло йўл қўймаслик керак, туберкулёзга қарши дорилар беморга мутлақо бепул берилади.
- Авваллари касалликни аниқлаш ва ташхислаш учун ойлаб вақт талаб этиларди. Ҳозирда эса бу касалликка генно-молекуляр усули орқали бор-йўғи 70 дақиқа ичида аниқ ташхис қўйилмоқда.
- Давлатимиз томонидан берилаётган бепул дори-дармон воситаларининг ҳажми эса йилдан йилга ортиб бормоқда».
Ҳудойназарова Мавлуда Неъматовна,
Фарғона вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази болалар бўлими шифокори,олий тоифали фтизиапедиатр:
- «Айни пайтда шифохонанинг 40 ўринга мўлжалланган болалар бўлимида 3 нафар малакали шифокорлар фаолият кўрсатади.
- Давлатимизнинг эътибори, соҳага кириб келган сўнги замонавий ускуналар ёрдамида туберкулёз касаллигига тезкор ва аниқ ташхис қўйилиб, бу қулайликлар беморларни даволашда жуда қўл келмоқда.
- Ҳозирда туберкулёз касаллигини тезкор диагностика қилишга мўлжалланган GeneXpert ускунаси нафақат беморда туберкулёз касаллиги мавжудлигини, балки касалликнинг маълум бир турини даволаш учун одатда буюриладиган антибиотикларга чидамлилигини текшириш имконини яратиб, бу эса шифокорларга бемор учун энг самарали дори-дармонларни танлаш имконини беради.
- Хасталик профилактикаси, диагностикаси ва муолажаси учун барча дори воситаларни давлат томонидан бепул берилиши, айниқса АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) туберкулёзга қарши кураш бўйича дастури лойиҳаси доирасида касалликни олдини олиш ва ташхислаш, даволаш борасидаги олиб бораётган саъй-ҳаракатлари катта аҳамият касб этмоқда.
Мамаджанова Х. (исми ўзгартирилган),
уй бекаси:
- «Турмуш ўртоғим Россия Федерациясида мавсумий ишчи, шу йилнинг январь ойида патент учун тиббий кўрикдан ўтаётган вақтда турмуш ўртоғимда туберкулёз касаллигининг турғун формаси аниқланди.
- Текширувлар натижасида 3 нафар фарзандимда ҳам ушбу касаллик аниқланиб, мана 6 ойдирки шу ерда муолажа олябмиз. Шифохонада барча шароитлар, 4 маҳал иссиқ овқат, бепул дори-дармонлар, қўшимча витаминлар берилади. Бу ердаги шифокорлар қўли енгил ва ширин сўз. Келганимда жуда тушкун ҳолатда эдим, лекин шифокорларнинг далдаси, руҳий кўмаги ва жонкуярлиги мени қийин вазиятдан олиб чиқди. Бу учун уларнинг барчасидан миннатдорман. Бу касаллик одамлар айтганидек давосиз эмас экан. Мана тузалдик…»
Ферузбек Мамадалиев,
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Фарғона вилоят бошқармаси врач-эпидемиологи:
- Аҳоли ўртасида туберкулёз билан касалланишларнинг олдини олиш, самарали даволаш ва инсон саломатлигини тиклаш мақсадида бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Хусусан Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида» ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Республика аҳолиси ўртасида силга қарши чора-тадбирларни такомиллаштириш тўғрисида» ги буйруғи асосида аҳоли ўртасида туберкулёз касаллигини олдини олиш, уни даволаш ишларини янада такомиллаштириш, касалликка қарши курашиш муассасаларининг моддий техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўзда тутилган.
- Касалликни даволагандан кўра уни олдини олган афзал.
- Мутахассисларимиз томонидан доимий равишда касалликни олдини олиш ва эрта аниқлаш, мунтазам профилактик тарғибот ишларини олиб бориш йўлга қўйилган.
- Жумладан, касаллик билан рўйхатда турган беморлар холидан хабар олиш, аҳолини тиббий маданиятини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларни олдини олиш ва эрта аниқлашда зарур амалий ёрдамлар бериб келинмоқда.
- Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан ўтган йилнинг шу даврига қадар туберкулёз касаллиги аниқланган 1321 та касаллик ўчоқларида дезинфекция тадбирлари ўтказилди.
Шу ўринда мутахассислар касалликка чалинмаслик учун қуйидагиларни тавсия қилади?
- Ҳар йили камида бир марта шифокор назоратидан ўтиб туриш, ва ўпкани рентген текширувидан ўтиш;
- Кашандалик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби иллатларни шаклланишига йўл қўймаслик;
- Таомланиш режимига риоя қилиш, рационал овқатланиш;
- Хоналарга қуёш нури тушиб туришини таъминлаш ва тез-тез шамоллатиб туриш, жиҳозлар чангини нам ёки ҳўл латта билан артиш;
- Ўрин-кўрпа, ёстиқларни офтобда ёйиб туриш.
Соғлигингиз ўз қўлингизда эканини унутманг!
Бахтигул ЮНУСОВА,
журналист.