Беҳи – ширин озиқа, шифобахш неъмат

Кузги хуштаъм мева – беҳини барчамиз севиб истеъмол қиламиз. Бу ажойиб мевадан тўйимли озуқа бўлиши билан бирга халқ табобатида ҳам унумли фойдаланиш мумкин.

Беҳи таркибида 74,7-83,5 фоиз сув, 8,5-15,2 фоиз қанд, 0,2-1,5 фоиз кислота, шунингдек ошловчи моддалар мавжуд. Калорияси кам, шу сабабли озишга ёрдам берувчи парҳез маҳсулот саналади. 100 грамм янги узилган меваси бор-йўғи 40 ккал қувватга эга. 100 г беҳи меваси таркиби тахминан 0,6 г оқсил, 0,5 г ёғ, 9,6 г углевод, 84 г сувдан иборат. Таркибида жуда кўп пектин бирикмалари, фруктоза, глюкоза, калий тузлари, темир, кальций, фосфор ва мис бор.

Қадимда беҳидан ошқозон-ичак касалликларини даволашда меъда фаолиятини яхшилашда фойдаланишган. Беҳи юрак ўйноғи, сариқ ва ичкетар касалликларини даволашда ижобий натижалар бериши аниқланган.

Беҳи иштаҳани очувчи хусусиятга эга бўлгани учун уни овқатланишдан олдин истеъмол қилиш фойдали. Унинг шарбати камқонликда, диарея ва меъда-ошқозон йўли яраларидан қон кетганда, шу билан бирга буйрак муаммоларида пешоб ҳайдовчи восита сифатида тавсия этилади.

Қирғичдан ўтказиб, сувда қайнатиб пиширилган беҳи меваси жигар касалликларида, кўнгил айнишида, қайт қилишни тўхтатишда тавсия этилади. Шунингдек аёллар репродуктив тизимидаги қон кетиш касалликларида ҳам беҳи яхши самара беради.

Шифобахш малҳам тайёрлаш учун 10 г қуритилган беҳига 100 г қайноқ сув қуйиб дамланади. Кун давомида уни тайёрлаб, ичиб юрилса яхши натижа беради.

Беҳининг янги узилган меваси таркибида темир моддаси кўп бўлади. Шу сабабдан темир моддаси етишмовчилиги билан боғлиқ камқонликда ва бу ҳолатнинг олдини олишда ёрдам беради. Бундан ташқари беҳи узоқ ётиб даволанган беморларнинг қувватини тиклашда ҳамда тана ҳарорати баландлигида истеъмол қилинса организм ички кучларини фаоллаштиради.

Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ошқозон-меъда фаолияти бузилганда, беҳи меваси шарбатини асал ва сирка қўшиб “ошқозонни қувватлантириш” ва “заиф жигар”ни даволаш мақсадида истеъмол қилишни тавсия этган.

Беҳи мевасидан дамланган чой юрак-қон томир касалликлари натижасида келиб чиққан шишларни даволашда ҳам яхши самара беради. Бундай чойни йўталда ва нафас йўлларининг ўткир шамоллашида ҳам истеъмол қилинса фойда беради.

Уруғи — энг яхши антисептик

Беҳи уруғи ўраб олувчи, юмшатувчи, шамоллашни тузатувчи ва антисептик хусусияти билан машҳур. Тиббиёт амалиётида беҳи уруғи қайнатмаси сил ва бошқа касалликларда аъзолардан қон кетишини тўхтатишда, ич кетар касалликларида ичаклар ишини меъёрига келтиришда ишлатилади.

Уруғининг қайнатмаси ёрдамида терини юмшатиш, пардозлаш, кўз касалликларини, шунингдек ангинани даволаш мумкин.

Янги меваси ва қуритилгани беҳи қайнатмаси аёллардаги климакс нохушликларини енгишда кўмак беради. Соғлом одамлар ҳам майда кесилган беҳи бўлакчалари ёки беҳи қоқини чойга солиб ичиб юрса меҳнат фаоллигини оширишга кўмак беради.
Беҳи уруғинидаги ёпишқоқ модда теридаги жароҳатларнинг битишини тезлаштиради. Шу билан бирга бу восита балғам кўчирувчи, йўталга қарши, тинчлантирувчи, оғриққа қарши самара бериши мумкин.

10 гр беҳи уруғи устига 1 стакан илиқ сув қуйиб, 7-9 дақиқа аралаштириб, ҳосил бўлган моддани ошқозон яллиғланишида, юқори нафас аъзолари шамоллашида, балғам кўчириш мақсадида истеъмол қилиш фойдали. Бу восита кунига 3-4 маҳал 1 ош қошиқ миқдорида овқатланишдан 20-30 дақиқа ўтгач истеъмол қилинади. Бу малҳамдан тери куйганда, ёрилганда ва ўта қуруқ бўлганда терига суртилса силлиқ ва нафис қилади.

Барглари ҳам фойдали

Беҳи барглари қайнатмаси астма хуружларини енгиллаштиради, ич кетишини тўхтатади. Ундан малҳам тайёрлаш учун беҳи баргларига қайноқ сув қуйиб дамланади (200 мл қайноқ сувга 5 та барг).

Беҳининг уруғи ва баргларидан дамланган чой яхши пешоб ҳайдовчидир. Уни тайёрлаш учун беҳининг қуритилган баргларидан 1 ош қошиқ олинади, уруғидан ҳам шунча миқдор қўшилади, устидан 200 г қайнаган сув қуйиб, паст оловда 5-6 дақиқа қайнатилади, тиндириб, докадан ўтказиб, таъбга кўра асал қўшилади. Кунига 3-4 маҳал 1 ош қошиқдан ичилади.

 Табобат тавсиялари

  • Камқонликда ўртача катталикдаги беҳини уруғини тозалаб, ичини 2 чой қошиқ асал билан тўлдиринг. Сўнг 15 дақиқа газ печига қўйиб, юмшатиб пиширинг. Асалли беҳини бир кунда бир маротаба истеъмол қилиш кифоя. У камқонлик ва ҳазм қилиш фаолияти билан боғлиқ муаммоларда асқотади.
  • Йўтал тутганида битта беҳини иккига бўлиб, уруғидан ажратинг. Алоҳида идишда 100-150 гр. сув билан аралаштириб, оловга қўйинг. Ўртача оловда қуюқроқ бўлгунича қайнатинг. Сўнг оловдан олиб, илиқ ҳолатда 1 ош қошиқдан кунига 3 маҳал овқатдан аввал ичишингиз мумкин. Ҳар куни дамлама янгидан тайёрланади. У қуруқ йўтал ҳамда бронхлар шамоллашида тавсия этилади.
  • Агар сизни цистит қийнаётган бўлса, кунига 50-80 гр. янги сиқилган беҳи шарбатини истеъмол қилинг. Шарбат таркибидаги фойдали моддалар пешоб ажралишини яхшиласа, бактерияларга қарши хусусияти касалликка қарши курашишда кўмакчи воситадир.

Қачон зарарли?

Беҳининг меваси ва уруғи колит ва ошқозон яраси бор кишилар ичагида тиқилма ва спазмни юзага келтириши мумкин.

Шунингдек, плеврит ва қабзиятда беҳи истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Меваси майда тук билан қоплангани сабабли, пўсти артилмасдан истеъмол қилинганда овоз пардаларига ва халқумга зарарли таъсир кўрсатиши мумкин.

Айрим одамларда аллергияга сабаб бўлиб, йўтал пайдо қилиши эҳтимоли бор. Шу сабабдан ҳонандаларга, нотиқлик билан боғлиқ касб эгаларига артилмаган янги беҳини истеъмол қилишдан тийилиш тавсия этилади.

 Шаҳризода Атабаева тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: