Ўзбекистонда зўравонлик тўғрисида расмий статистик маълумотларнинг йўқлигига қарамай тадқиқотлар шуни кўрсатдики, оилаларда психологик ва жисмоний зўравонлик ҳамда иқтисодий ҳуқуқларнинг чекланишини киритган ҳолда зўравонликнинг турли шакллари кенг тарқалган. Ўзбекистон ҳукумати муаммоларни ҳал қилишга тарафдорлик ва кучли сиёсий иродани намоён этмоқда ва шунга қарамай, мамлакатда кенг жамоатчилик орасида зўравонликнинг туб сабабларини тушунмаслик оқибатида хали-ҳануз бу муаммо давом этиб келмоқда.
Экспертларнинг айтишича зўравонликлар фақатгина иқтисодий кам таъминланган оилаларда юз бермайди. Айрим гендер тенглигини тан олинмайдиган ўзига тўқ оилаларда ҳам учраб туради. Лекин аксарият ҳолларда паст иқтисодий кўрсаткичли ижтимоий қатламга мансуб оилалар бошига тўғри келади. Шу жумладан, зўравонликлар кўпинча аёлларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий пассивлиги туфайли юз беради, деган қарашлар мавжуд. Шу ўринда зўравонликнинг авж олиш сабаблари қаторига «мажбурий сабрлилик» деган омилни ҳам қўшган бўлардим…
Насиба (исмлар ўзгартирилган): Мени дадамнинг синглиси – аммамнинг ўғлига узатишган. Бўлажак турмуш ўртоғим билан ўртамизда муҳаббат бўлмаган, ота-онамнинг қистови билан турмушга чиқдим. Хўжайиним коллежда ўқиш давридан ичишни бошлаган экан. Шу тариқа ичкиликка ўрганиб қолган. У ҳеч қаерда ишламасди, бизни қайнотам боқарди. Шифокорлар эримга ичкиликка муккасидан кетиш касаллиги (белая горячка) ташхисини қўйишганди. Эрим тез-тез бўлар-бўлмас нарсага тўполон чиқарар, мени аямай дўппосларди. Мен бу ишларни ичимга ютиб чидам келардим.
Шу тариқа икки нафар қизлик бўлдик. Қизларим отасиз ўсмасин деб уруш-жанжалларга чидадим. Қайнотам вафот этганидан кейин бозорда савдо қиладиган бўлдик. Аммо эрим маҳсулот сотган пулларини менга кўрсатмасди. Топган маблағига ичкилик олиб ичарди, уйга озиқ-овқат олиб келмасди. Болаларим билан нонсиз оч қолган кунларимиз ҳам бўлган. Кейин коллежда ўқийдиган катта қизим ошхонада ишлаб бизни боқа бошлади.
Эрим қизларим олдида ичиб, мени ҳақорат қилишини бас қилмасди, сочимдан судраб урарди. «Сассиқсан, сендан овқат ҳиди келади» дерди. Урган вақтларида бир неча бор «участковой»га айтганман, аммо уни бир кун олиб кетиб, яна уйга қайтариб юборишарди. Тағин аввалгидек қийноқлар давом этарди. Эрим фақатгина ўзимга азоб берса чидашим мумкин, аммо у кейинги пайтда бўйи етиб қолган қизларимга ҳам руҳий зўравонлик ўтказа бошлади. Ҳатто кийимсиз қизларнинг олдига чиқар, икки қизим ҳам бундан стресс ҳолатига тушиб қолишганди. Мен бунга чидай олмадим…
Бир куни гинеколог шифокор қабулига даволанишга борганимда эрим бошимга солган азобларни айтиб бердим. Ажрашай десам, борадиган жойим йўқ, дедим. У шифокор менинг бошимдан ўтган ишларни эштитиб лол қолди. Кейин «Ойдин нур» марказига боришимни маслаҳат берди. Шу тариқа бу ерга келиб қолганман.
Марказдаги психологлар қизларим ва менга руҳий ҳолатимизни тиклашга ёрдам беришди. Бу ердаги ҳуқуқшунос ёрдамида ҳуқуқларимни ўргандим, ҳозирда эрим билан ажрашишга ариза берганман. У билан ажрашиб фарзандларимни ўзим тарбиялашга қарор қилдим.
«Ойдин нур» маркази мутахассислари Насибага ўхшаган ҳаётда қийналган, зўравонликка учраган аёлларга бизнас лойиҳа ёзишни, фермерлик, маиший хизмат, тикувчилик, тўқувчилик каби соҳаларда тадбиркорлик билан шуғуланишни ўргатишмоқда. Шулардан 25 нафар ўз лойиҳаси билан ютиб чиққан хотин-қизларга ҳар бирига 10 миллион миқдорида қайтарилмас кредит берилди. Бу пулга уларнинг имкониятига қараб сигир, қаймоқ чиқариш ускунаси, совиткич, тикувчилик машиналари, салон учун «мойка», катта тошойна, мебель ва бошқа зарур жиҳозлар харид қилинди.
Бугунги кунда улар турли чекка қишлоқларда тадбиркорлик қилиб, даромад топишмоқда. Ҳатто қўшниларининг келинларини ҳам иш билан таъминлашмоқда.
Медиа-тур доирасида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ижтимоий ярмарка ташкил қилинди. Янги иш бошлаган тадбиркор аёллар бу ярмаркага ўз маҳсулотларини олиб чиқишди. Меҳмонлар уларнинг бир-биридан гўзал ҳунармандчилик маҳсулотларини савдолашмасдан харид қилишди.
«Эримдан кўрмаган меҳрни сигиримдан кўрдим…»
–Менга халқаро ташкилотлар кўмагида мослашув маркази томонидан болали сигир, қаймоқ чиқарадиган «сепаратор», катта «холодильник» олиб беришди, – дейди Умида. – Уни олиб келишганда ҳаттоки оғилхонамиз ҳам йўқ эди. Сигир ва бузоқча кўчада қолиб, касал бўлмасин деб уларни уйга олиб кирдим. «Сигир билан бир хонада қандай ётдингиз, деб ҳалиям аёллар бу воқеани эслаб кулишади. Менга шундай имконият бериб, бепул совлиқ сигир олиб беришса, уни эҳтиёт қилишим керак-да… Мана шу сигир келгандан бери еб-ичишимиз бироз яхшиланди… Ҳозирда сигирни соғиб, сутини сотяпман. «Сепаратор»ни ишлатиб, сут маҳсулотлари ҳам тайёрлаяпман. Уларни совиткичда қўйсам, қўшнилар, таниш билишлар уйдан сотиб олиб кетади. Сигиримни жуда тоза тутаман. Уни чўмилтирсам бошларини елкаларимга суркайди, қўлларимни ялайди. Эримдан кўрмаган меҳрни сигиримдан кўрдим…»
Содда қишлоқ аёлининг чин кўнгилдан айтган гапларидан таъсирланиб кўзимиздан ёш қуйилади. Кимдир четга қараб ёшини артиб олади. Кимдир: «Опа сиз юрган йўллардан мен ҳам ўтганман, мана ҳозир ўзимни тутиб олдим. Энди кучли аёлга айландим. Сиз ҳам кучли бўлинг!» – дейди.
Умида опанинг айтишича, бу иккинчи турмуши. Ўртада фарзанд бўлмагани сабабли биринчи турмуши бузилган. Кейин иккинчи бор ногирон одамга турмушга чиққан. Кейинги оиласида уч нафар қиз фарзандлик бўлган.
«Эрим учинчи гуруҳ ногирони, оёғини бироз оқсаб босади. Ўзи ҳеч иш қилмайди. Кун бўйи уйда телевизор кўриб ётади. Мен доим унинг хизматидаман. Лекин барибир кўнглини тополмайман, арзимаган нарсага калтак остида қоламан. Уч нафар қизим ҳам ҳаммаси аълочи, олий ўқув юртида ўқийман дейишади. Олдин мен уларни контрактда қандай ўқитаман, дердим. Ҳозир эса таъминотимиз яхши. Қизларим мактабни битириб, ўқишга киргунча сигирим яна туғади, насиб қилса болаларини сотиб, албатта, уларни ўқитаман» дейди.
Бир пайтлар зўравонлик кўрган, ҳаёт шу экан деб тақдирга кўнган, ҳатто ўз орзу-умидларидан кечган аёллар бугунги кунда ҳуқуқларини яхши билади. Улар ўзини, оиласини таъминлашда қийналмаяпти. Аввалги қийинчиликларни баъзан кулиб эслашади. «Аёл кучли бўлса, ўзи мустақил иқтисодини кўтарса, бировга қарам бўлмаса атрофдагилар олдида ҳам ҳурмати ошар экан», дейишади. Ҳозирда қаддини тиклаган ишбилармон аёллар ўзига ўхшаган дугоналарига руҳий далда бўлишмоқда, уларга ўз ҳаётий тажрибасини ўргатишмоқда.
Маълумот учун: АКТЕД гуманитар ёрдам ташкилоти 1993 йилда Франциянинг Париждаги штаб-квартираси томонидан ташкил этилган. Бу дунёнинг 38 та мамлакатида ваколатхоналари бўлган халқаро ноҳукумат ташкилот. АКТЕДнинг мақсади инсонларнинг барқарор ўсиши ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун имкониятлар яратиш, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ва инсонлар нуфузини ҳимоя қилишда шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган. АКТЕД Ўзбекистонда 1999 йилдан бери фаолият олиб бормоқда.
Бухоро вилоятидаги «Ойдин нур» оилаларни ижтимоий ҳимоялаш маркази –зўравонликдан зарар кўрганларга юридик ва психологик кўмак бериш ҳамда хавфсиз турар-жой тақдим этиш билан шуғулланувчи нодавлат-нотижорат ташкилот. Мавлуда Солиҳова – «Ойдин Нур» маркази раҳбари.
2000 йили очилган Марказ томонидан бугунги кунгача 500 дан ортиқ аёл ва болаларга вақтинчалик бошпана, 5000 дан ортиқ она ва болага психологик, 2100 дан ортиқ кишига юридик консультациялар берилган. Кўпгина аёллар Марказ кўмагида ўзларининг ажрим юзасидан олиб бораётган ишларини якунлашлари, касб эгаллашлари ва иш топишлари мумкин.
Самарқанд вилоятидаги «Раҳмдиллик» жамияти – 2000 йилда ташкил этилган маҳаллий фуқаролик жамияти ташкилоти. Бибисора Орипова – «Раҳмдиллик» жамияти раҳбари. «Раҳмдиллик» жамияти оғир вазиятларда аёллар ва уларнинг фарзандларига вақтинчалик бошпана, психологик ва тиббий кўмак хамда юридик ёрдамни киритган ҳолда мажмуавий ижтимоий ҳимоялаш хизматларини тақдим этади. Жамият аёллар ва уларнинг болалари учун таълимий тадбирларни ҳам таклиф қилади ҳамда ногиронлиги бўлган болалар ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари каби нохуш ҳолатдаги гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоялайди. Охирги икки йил давомида «Раҳмдиллик» жамияти 1100 дан ортиқ аёлларга консультация ва кўмак берган бўлса, 250 нафар аёлга вақтинчалик бошпана тақдим этган.
Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент-Бухоро-Самарқанд
(Расмдаги аёллар зўравонликка учраганлар эмас)