Телевизор ва интернет—ижтимоий тармоқлардаги уруш-тўполон, ёлғон, енгил-елпи маълумотлар ҳамда жанжаллар ҳақидаги хабарлардан кўнгли ўксиган Ўктам онасидан сўради:
–Ойижон, нега одамлар жанжаллашадилар?
–Билмадим. Доим шундай бўлган. Лекин сен катта бўлгач, буни ўзгартиришинг мумкин.
–Қандай қилиб?
–Ўзингникини ўтказгандан кўра, ўзгани яхши кўришни ўрган. Жанжал ўзаро томонларнинг ўз ҳақиқатларини бир-бирларига сингдиришга уринганлари асосида келиб чиқади. Фақат меҳр-муҳаббатгина уни енга олишга қодир.
Дарҳақиқат, нега одамлар жанжаллашадилар? Бу берилган қисқа умрнинг адоват, алам, нафратга тўла урушлар билан фурсатни бой бермаслигини била туриб, нега бир-бирларига руҳан ва жисмонан салбий таъсир ўтказадилар? Жанжаллар асосини ташкил этувчи ҳақиқат ўзи нима? Бу ҳақиқатнинг чегараси борми?
Аслида… Жанжал — тинчликка биринчи рақамли таҳдид. Буюк файласуфлардан бири Конфуций “дунёда тинчликка эришиш учун мамлакатлар тинч бўлиб, шароит яхшиланиши керак, мамлакатлар тинч бўлиши учун жамият аҳил ва сокин яшаши керак, жамият тинчлигини оилалар тинчлиги ташкил этади. Оилалар тинч бўлиши учун эса ҳар бир оила аъзоси ўзлигини англаб, ўз-ўзи билан муросада яшай олиши керак”, — дейди.
Ҳақиқатан, кузатилаётган жанжалларнинг барчасига сабаб инсон ўзлигини ҳали-ҳамон англай олмай, ўз-ўзи билан муросага келолмаётганида эмасмикан? Тан олишимиз керакки, инсон ички оламида икки куч мудом кураш олиб бориши сир эмас. Яъни, эзгулик ва ёвузлик. Ўз ички оламида тинчликка, ўз-ўзи билан муросага келолмаган инсон ҳаётда ҳам ўзлигини англаши мушкул. Натижада, ўз хатти-ҳаракатлари билан арзимас ваажларни рўкач қилиб, аҳамиятсиз жанжаллар келтириб чиқаради. Бу эса шубҳасизки, катта жанжалларга айланиб кетади. Жанжалда инсон ғалабани кўзлайди. Агар рақибим мен ҳақ эканимни тан олса ғолиб бўламан, деб ўйлайди. Лекин… ғолиблик ўзи нима? Бировни маҳв этишми, бировнинг эрки ва ҳақ-ҳуқуқларини чеклаб, устунлик қилишми, бошқани ўзига бўйсундиришми, сизникини маъқулламаганни йўқ қилишми? Аксинча…
Бировнинг бахтсизлиги эвазига бахтга эришиб бўлмайди. Кимнидир енгиш орқали ғолиб бўлиш даргумон. Шундай экан, жанжалдан ғалаба кўзлаш бутун умр ўз-ўзини алдаб яшаш билан баробар. Ҳақиқат шундай нарсаки, унга инсон ўзи тайёр бўлмагунгача тушунмайди, шундай ҳақиқатлар борки, уни инсон ўзи англаши керак. Сиз ҳис қилаётганингизни ўзга инсон ҳам худди сиздек ҳис қилишига, англашига барибир эриша олмайсиз. Зеро, инсон эшитишни истаганини эшитади, бу ҳаётни қандай кўришни истаса, шундай кўради.
Демак, “мен ҳақман”, деб жанжаллашгандан кўра, чиройли муросага келган маъқулроқ. Акс ҳолда, оқибати яна ўша дилозорлик, кўнгил совушидир. Шу ўринда, юқоридаги фикрдан келиб чиқадиган бўлсак, шахс нотинчлиги — оила нотинчлигига, оила нотинчлиги — жамият нотинчлигига, жамият нотинчлиги — мамлакат нотинчлигига, мамлакат нотинчлиги — дунё нотинчлигига олиб келар экан.
Шунингдек, ўзини англаган инсон ўзи нимага қодир эканлигини, ўз қўлидан нима келишини билади ва идрок этади. Шу орқали жамият ва ҳаётий эҳтиёжларини ижобий ҳал қилишга ҳамда саодатга эришади.
Бундан ташқари ўзлигини англаган инсон тўғри фикр юритади. Тўғри фикр юритувчи инсон эса ўз онгини бошқара олади – онгини бошқара олаяпти дегани, ўз ҳаётини бошқаряпти деган билан баробар. Ҳаётини бошқараётган инсон эса ўз тақдирини қўлга олган бўлади.
Қарангки, бахтнинг пойдевори мана шу муросадан, инсоннинг ўз-ўзидан бошланар экан. Бахтли инсон ўзгаларга ҳам бахт улашади, ҳаётини савобли ишлар, яхшилик, эзгулик-ла мазмунга тўлдиришни истайди. Яхши кайфият улашади, атрофдагиларни ҳам бахтли қилади. Бундай инсон нафақат жамият, балки бутун дунё учун керак!
Бутун олам тортишиш қонуни – энг кучли қонун. Бу шунчаки гап эмас. Инсон тортади ва тортилади. Барча инсонлар ўзига чиройли фазилатларни, яхши кайфиятни тортиши мумкин. Аксинча ёмон иллатлар, жанжал кайфиятини ҳам тортиб олиши ҳеч гап эмас. Биргина вазият инсон ҳаётини буткул ўзгартириб юборишга қодир. Бир фурсатнинг ўзи инсон ҳаётини боқийликка ёки тубанликка буркаши ҳам ҳеч гап эмас. Шундай экан, вазиятга тўғри баҳо бера олиш ва унинг муросали ечимини топиш ҳам — буюк қобилиятдан далолат.
Жанжални ташкил этувчи ҳақиқат чегараси — муҳаббатдир. Ўйлаб кўринг, сизга нима муҳимроқ, ўз “мен”ингизми ёки сизларни боғлаб турган ришта? Фақат энг кучлиларгина ришталар қадрини билади. Меҳр ва муҳаббатнинг қадрини англаганлар ўзиникини ўтказгандан кўра, ўзганинг бахтини афзал кўра олади. Қолаверса, ҳақиқатни етказишнинг жанжалдан бошқа кўринишлари ҳам мавжуд. Улардан энг афзали — намуна бўла олиш. Бир биримиз учун намуна бўлайлик. Намунали инсонларга “умрингдан барака топ”, дейди доно халқимиз. Бир кун уруш чиққан уйдан эса қирқ кунлик барака кетади. Шундай экан, юртимиз тинч, хонадонимиз файз-у баракага тўла бўлишига ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Гулҳаё НУРМЕТОВА