Мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муносиб ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг жамиятда ва оилада муносиб эга бўлишлари, ҳаёт манзилларида доимо эътибор ва ардоқда яшашлари учун барча имконият ва шароитлар яратилмоқда. Бироқ бу йўналишдаги ишларнинг ташкил этилишига қармай, айрим жойларда назокат ва нафосат соҳибалари, мунис ва дилбар саналган аёлларга нисбатан меҳрнинг сусайтирилаётгани, уларга етказилаётган азоб ва жабр киши дилини ранжитади. Беш қўл баробар эмас. Юртимизда аёллар шаъни доимо улуғланиб келинган. Бироқ, “Аёл сабр-тоқат, итоат рамзи” , “Аёлнинг қирқта жони бор”, деб унинг сабрини ҳадеб синовдан ўтказишни бази кишилар учун ёқадиган ишдек кўринади назаримда.
Сабр-тоқат, итоат рамзими аёл?
Мен бир оилани биламан. Бу оиладагилар кўп йилдан буён аҳил бўлиб турмуш кечириб келишар эди. Икки қизини турмушга узатиб набиралик бўлган оила бекаси яқинда келин олиш тараддудида ҳам юрибди. Бироқ кейин маълум бўлишича бу оила бекасининг ҳам ўз ўтмишида кечган кечмишлари бор экан. Аёл ўта сабрли бўлиб, доимо ичкилик орқасида ўзига турмуш ўртоғи томонидан етказилган жабр ситамни бировга билдирмай яшаб келган. Бировларнинг назарида бу оила энг тинч ва бахтиёр оила. Фақат девор дармиён қўшниларгина оила эркагининг ичкиликка берилганини билади ҳолос. Бошқа маҳалла-кўй, қариндош-уруғ бу оилага ҳавас қиларди. Кунлардан бир кун шу аёл билан қилган суҳбатимда аёл дардини айтиб, бироз енгил тортгандек бўлди.
Турмушга 16-ёшимда узатилдим. У вақтларда қизларни ёш узатиш урфга кирганди. 17 ёшимда фарзанд кўрдим. Ёш бўлганим учун қайнона онажоним доимо меҳр кўрсатиб, ўз қизларидек кўрдилар. Қайнисингилларим ўз сингилларим, опаларим бўлишди.
Аввалида турмуш ўртоғим меҳрибон, ширин сўз, эътиборли эдилар. Менга барча овсинларим ҳавас қилишарди. Байрамларда, туғилган кунларда турмуш ўртоғим совғалар билан кўнглимни оларди. Лекин вақт, умр ўтиши билан ҳаммаси ўзгара бошлади. Хўжайиним бир икки ошна оғайнилари, улфатларга қўшилиб ичкиликка берилди. Кун ора ичиб келиб, уйда арзимаган нарасалардан айб қидириб тўполон қилар, ичган вақтида қўлида нима турса ҳар ёққа отиб синдирадиган бўлди. Яхшики бошимизда меҳрибон қайнонам онажоним бор эдилар, уларнинг сабр қилинг болажоним, ўғлим инсофга келиб қолар, деб оиламизнинг оила бўлиб кетишига сабабчи бўлдилар. Қайнонам ўғлининг шундай ичиб келиб, жанжал кўтаришини кўриб кўп йиғлар, уни тергаб инсофга чақирар, баъзан эса ичкилик ҳаддан ошса жуфти ҳалолимни бирор дарахтга боғлатиб қўярди. Кайфи тарқаб ўзига келган ўғил қилган айби учун барчамиздан узр сўраб чиқарди.
Нима ҳам қилардлик кечиришга мажбурмиз. Ўртада оила, фарзанддлар бор. Шу зайлда ойлар йиллар ўта бошлади. Қизларимнинг бўйи етиб турмушга узатдим. Тўйлари арафасида қуда томонни суриштирганимизда бу оила яхши оилаку, аммо келинчакларнинг қайнонаси бироз қаттиққўлроқ, тартиб қоидани ўрнатадиган аёл қизларининг бу оилада яшаб кўра олармикин, ўйлаб кейин узатинг дейишди.
Отасини деб азобга кўнган қизлар
Куёв томон совчи бўлиб, икки қизимни опа-сингил овсинлар қилиб келинликка олиб кетишди. Мана, қизларим ўзидан тинчиб, турмуш ўртоқлари, қайноналари билан муроса қилиб бахтли яшаб келишмоқда. Аслида қизларимнинг ҳам дарди ичида. Жаҳлдор қайнона, рашкчи турмуш ўртоқларининг баъзан озорларига бардош беришади. Чунки уйдаги муҳит уларга аён. Отаси ичкиликка берилиб, онасини не кўйларга солганини кўришган. Уйга аразлаб боришса уларнинг ҳоли бундан-да ёмон бўлишини улар билишади.
“Баъзи оилаларда эру хотиннинг бир бирига бўлган муносабати, меҳр оқибатини кўриб, жуда ҳавас қиламан. Турмуш ўртоғи аёлини эъзозлайди. “Маликам, хоним, вафодорим” дея аёлига юксак ҳурмат кўрсатади. Ахир динимизда ҳам аёлни эъзозлаш, уни асраб-авайлаш буюрилган. Буни нега барча оила беклари англаб етмас экан деб ўйлаб қоламан.
Баъзан турмуш ўртоғим спиртли ичимлик ичганда 9 ёшли ўғлим билан иккимизни уйдан қувиб солади. Шундай вақтларда на фарзандлари, на набиралари, қуда-андалари кўзга кўринади. Мен иложсиз чидайман, гоҳида кўчада, битмаган уйда тунни ўтказаман. Агар шундай вақтда кетиб қолсам оиламга путур етишини биламан. Энг ёмони бу опаларидан кейин туғилган оиламиз кенжаси – кичик ўғлим тарбияси ва руҳиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Ўғлим ана шундай оғир вақтда ўксиб-ўксиб йиғлайди. Она, онажоним мен катта бўлиб олай, сизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўяман, сизни ўзим ҳимоя қиламан, дея кўнглимни кўтаради”.
“Дадамга ичирманглар!”
Ойнаи жаҳон орқали хушовоз ҳонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Дадамга ичирманглар” деб номланган қўши янграганда ва ҳар гал тинглаганимни ҳудди менинг, ўғлимнинг дардини куйлаётгандек туюлаверади.
Кўзларимга ёш қалқийди, наҳот аёл ҳаётга азоб кўриш учун келса, наҳот кўргилиги жабр ва зулм бўлса?..
Парвардигордан биргина ўтинчим, тилагим эркакларга инсоф кирсин. Улар ўз оилаларида садоқатли турмуш ўртоқларига вафодор ва меҳрибон бўлишсин, аёл сўзини якунлади.
Ҳа, аёлнинг дарди оламни йиғлатишга қодир. Аёл, она меҳрсизлик, зўравонлик учун эмас бахт, эъзоз учун яратилган. У фарзандларни дунёга келтириб, комил, баркамол этиб тарбиялайди. Уни доимо ардоқ этган инсон, барча замонда саодатга эришиб бораверади. Аксинча бўлса-чи, эл олдида юзи шувут бўлиши шубҳасиз. Шундай экан доимо аёлларимиз эъзозлаб яшайлик.
Фотима ЎКТАМОВА, Журналист .