Кўпчилик сингари, мен бу касаллик ҳақида биринчи марта январ ойининг ўрталарида эшитдим. Очиғи, кўпчилик қатори мен ҳам бунга ҳеч қандай аҳамият бермаганлигимни тан оламан.
Касаллик атрофидаги ваҳима ҳақиқий таҳдиддан каттароқ бўлса керак, деб ўзимни ишонтирдим. Ушбу эпидемия жуда тез орада тугайди, чўчқа ва парранда гриппи ёки Эбола атрофидаги барча ваҳима ҳужумлари каби тарқаб кетади, деб ишонгандим.
Миш-мишлар, уйдирмалар ва ўта ишонувчанлик ҳақида
Жамиятнинг бу иллатлари ҳар қандай юқумли касалликларга қараганда кўпроқ хавфлидир. Шу нуқтаи назардан, феврал ойидаги банан билан боғлиқ воқеа эсимга келди. Телеграм гуруҳларига бир аёлнинг ваҳимали овоз билан касаллик банан орқали бизга юқаётганини айтганда, мен шунчаки кулдим. Aхир, биламан, чунки банан Эквадордан олиб келинади.
Шунинг учун, албатта, мен бу бемаъни хабарга аҳамият бермадим. Aммо уч кундан кейин мамлакатда банан савдоси уч бараварга тушиб кетди. Яъни, республика аҳолисининг учдан икки қисми — бу асосан йирик шаҳарларнинг аҳолиси, энг кулгули, нотўғри маълумотларга оғиб кетганлигини намоён этди. Бу каби ўта ишонувчанлик жуда хавфлидир. Барча касалликларга қарши фуқароларнинг энг яхши қуроли бу билим ва танқидий фикрлашдир.
Илк хабарларни англаган вақтимда, бу AҚШ билан савдо уруши доирасида Қўшма Штатлар авж олдираётган ахборот ҳуружи бўлса керак, деган тахминларга бордим. Ўз версиямни ҳеч ким билан баҳам кўрмаганим яхши бўлди, аксинча, энди ҳижолат бўлиб юрган бўлардим.
Келинг, касалликнинг ўзига қайтайлик
Биринчи огоҳлантирувчи қўнғироқ мен Хитойдан эвакуация қилинган ва келганида карантинга жойлаштирилган талабалар орасида яқин дўстимнинг ўғли бор эканлигини билганимда янгради. Aммо, хайриятки, ватандошларимиз орасида касалликка ҳеч ким дучор бўлмагани аниқланди. Илк бор коронавирус хавфи жиддийлигини Италиядаги беморларнинг сони бирданига ўсиб кетганида билдим. Aхир касаллар сони у ерда атиги бир ҳафта ичида уч ҳолатдан уч минггача ўсди. Ҳозирда Италияда беморларнинг сони 25 мингга яқинлашди. Covid-19 эпидемияси бошланганидан бери 1809 киши вафот этган…
Бу хабарлардан сўнг, ўғлимни Мисрдаги оилавий таътилидан воз кечишга мажбур қилдим, у ўша куни уч минг доллардан кўпроқ пулни йўқотиб, сафарини бекор қилди. Мен у шунчаки бўйсунганини ҳис қилдим, лекин шу вақтда у менинг ташвишларимга ишонмади.
Бироқ касалликнинг пандемия даражасига етганини англаб, олдимга келиб, уни саёҳатдан қайтарганим учун миннатдорлик билдирди.
Энди ҳозирги ҳолат ҳақида
Биз нима қилишимиз керак? Бу, эҳтимол, энг муҳим масала. Мен Италиядаги воқеага қайтиб, уни Сингапурда бўлаётган воқеалар билан таққослашни ўринли, деб ўйлайман. Сингапурда коронавирусни аниқлаш бўйича биринчи ҳолат 23-январ куни қайд этилди. Ўша кундан бугунга қадар, Сингапурда 140 дан кам ҳолатлар қайд этилган. Италияда эса бир ҳафта ичида беморларнинг сони 3 тадан 3000 тагача кўтарилди ва ўсишда давом этмоқда.
Aлбатта, Сингапурда соғлиқни сақлаш органлари таҳдидга кўпроқ тайёр эди ва жуда тезкор равишда шароит назоратга олиниб, улар тегишли чораларни тезкор амалга оширишди, вируснинг тарқалиш нуқталарини аниқлаб, тарқалишининг олдини олишди. Шу билан бир қаторда Италия соғлиқни сақлаш хизмати бундай вазиятга тайёр эмас эди. Aммо бу саволга тўлиқ жавоб деб бўлмайди. Жамият Сингапурда касалликка қарши курашда муваффақият қозонишда муҳим рол ўйнади. Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимига ишонадилар ва ҳокимият тавсияларига қатъий амал қиладилар. Юқори онг туфайли, барча саёҳатлардан кейин, бирон бир хавф туғилганда ёки касаллик ҳақида шубҳа уйғонганда, сингапурликлар ихтиёрий карантинга ўтдилар, шифокорлар билан алоқада бўлдилар, бирон бир касаллик бўлса, улар махсус инқироз маълумот марказларига хабар бериб турдилар ва ҳоказо.
Эҳтиётсиз италияликлар эса бундай амалларни ўз вақтида қилишмади ва умуман аввалига жуда лоқайд бўлишди. Мана, кўриб турибсизки, бу масала яна бориб, биз, шу юрт аҳли, ўзимизни қандай тутишимизга бориб тақалади.
Мен нимани маслаҳат бераман?
- Соғлиқни сақлаш органларининг ҳаракатлари ва тавсияларини масхара қилишни бас қилинг ва уларга қатъий риоя қилинг.
- Соғлиқни сақлаш тизимига ишонмасликнинг юзлаб сабаблари бўлиши мумкин, лекин биринчи навбатда бизда бошқа тиббиёт тизими йўқ, ва энг муҳими, соғлиқни сақлаш идоралари ЖССТ билан доимий алоқада бўлиб, улар орқали дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва вирусологлари билан боғланишган ва шу асосда бизга тавсиялар беришмоқда.
- Хушёр бўлинг: аниқроғи, ҳар қандай давлатга сафарлардан сўнг, идорага келмасдан, узоқдан ишлаш тавсия этилади, оммавий тадбирлардан ўзимизни чеклашимиз керак.
- Иложи бўлса, чет ел сафарларини қолдиринг ёки бекор қилинг.
- Ваниҳоят, энг муҳими, бепарво бўлманг ва ҳеч қачон бу масалада дангасалик қилманг. Биз ва яқинларимизнинг саломатлиги, ҳаёти, бутун мамлакатнинг фаровонлиги бунга боғлиқ.
Дуо қилинг, яқинларингизни севинг ва ўзингизга ғамхўрлик қилинг.
Зафар ХОШИМОВ, «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси