Айни пайтда Тошкент шаҳрининг бир қатор дорихоналарида тиббий ниқоблар нархининг асоссиз оширилиши юзасидан фуқаролардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳолат солиқ тизими ходимлари томонидан атрофлича ўрганилиб, айбдорларга нисбатан чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ДСБ Матбуот хизмати ахборот берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 16 март куни Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси «Ишонч телефони»га Юнусобод тумани А.Темур кўчасида жойлашган «Универсам» савдо мажмуаси олдидаги дорихонада бир марталик тиббий ниқоб 2,5 минг сўмдан, дорихона яқинидаги ер ости ўтиш йўлида эса номаълум фуқаро томонидан 4 минг сўмдан сотилаётганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушган.
Шунингдек, Чилонзор тумани Фарҳод кўчасида жойлашган «Республика Шошилинч тиббий илмий» маркази рўпарасидаги «Бест» номли дорихонада харидорларга бир марталик тиббий ниқоб 3 минг сўмдан сотилаётганлиги хабар қилинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати ходимлари жойига чиққан ҳолда сотувчи ва фуқаролар билан профилактик суҳбатлар ўтказиб, бу каби ҳолатлар такроран содир этилган тақдирда қонуний чоралар кўрилиши ҳақида батафсил тушунтириш беришди.
«Ҳурматли фуқаролар! Бундай вазиятларда барчамиз биргаликда, осойишталик билан тўғри йўл тутишимиз ва ўзимизни ўзимиз ҳимоя қилишимиз керак!» Шундай экан, сифати кафолатланмаган, соғлигимизга жиддий путур етказиши мумкин бўлган озиқ-овқат ва тиббий воситаларни харид қилишда эътиборли бўлинг!» дейилади хабарда.