«Халқ жасорати» – ҳақиқий ватанпарварларни тарбиялайдиган фильм

Тарихни сир сақлаш ва ўзгартириш мумкин эмас. «Ҳақиқат букилади, лекин синмайди» деганларидек тарих ҳам лой чапланиб, бўялиб кўрсатилганда ҳам йиллар суронида яна ўзининг асл қиёфасида намоён бўлаверади. 

Дарҳақиқат ўтган вақт ичида ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, бу муҳим тарихий воқеада тутган ўрни турлича талқин этилиб келинди. Бу биз учун «бегона уруш» деган қарашлар ҳам пайдо бўлди. Оқибат шу бўлдики, мустақиллик йилларида туғилиб, катта бўлган болалар яқин ўтмишимиз ҳақида деярли билмайди. Аммо улар тарихни билишга ҳақли. Чунки уларнинг ота-боболари ҳаёти ва қисмати шу тарихга даҳлдордир.

Биз – саксонинчи йиллар болалари уруш ҳақидаги фильмларни кўриб катта бўлганмиз. Шунинг учун тинчликнинг қадрига етамиз. Афсуски, ўша йилларда севиб томоша қилинган, инсонларда ватанпарварлик, бурч, садоқат ва масъулият, миллатлараро дўстлик, меҳр-оқибат туйғуларини тарбиялашга ҳисса қўшган фильмлар, ҳатто ҳужжатли кинохроника маҳсулотлари яқин 20-25 йиллар орасида эфирга берилмай қўйилганди. Гўёки бу «бегона уруш», «бегона тарих»…  Ким нима деса десин, аммо урушнинг бегонаси бўлмайди. Чунки унда «ҳўлу-қуруқ баравар ёнади». Жангу-жадалларда бегуноҳ инсонлар, гўдаклар қони тўкилади. Бизнинг болажон халқимиз бунга томошабин бўлиб қараб туролмайди. Керак бўлса қийналганларнинг барчасини бағрига олади, сўнгги нонини илинади, уйининг тўрини бўшатиб беради…

Бугун тарихнинг яширин қаватлари очилмоқда. Яхшиямки «Ўзбеккино» МА архивида шонли тарихимиздан ҳикоя қилувчи ҳужжатли кинохроника бекаму кўст шу кунгача сақланиб қолган. Биз бу нодир дурдоналарга қайта ва қайта мурожаат қилишимиз, бизга шунчалик яқин ўтмишни унутишга маҳкум қилинган ёшларнинг онгида яралган бўшлиқни тўлдиришимиз керак.

Таниқли режиссёр Али Ҳамроевнинг «Халқ жасорати» бадиий-хроникал фильми ана шу мақсадда «Ўзбеккино» МА буюртмасига биноан ишлаб чиқилди. Бу фильм бугун «Севимли» телеканали орқали эфирга узатилди. Бу картина ҳақида мутахассислар ва телетомошабинлар ўз муносабатларини билдиришмоқда.

Қуйида мазкур ҳужжатли фильм ҳақида таниқли ижодкорлар, режиссёрлар санъташунослар, адабиётшунослар томонидан билдирилган фикрларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Зулфиқор Мусоқов, кинорежиссёр: Бу кинонифильмни ҳаяжон билан томоша қилдим. Бироз йиғлаб ҳам олдим. Аслида ҳиссиётларга берилувчан инсон эмасман. Лекин мана, ҳозир ҳам титраб ўтирибман. Мен кинобизнесга тамоман қаршиман. Президентимиз ҳам айтган санъат ва тижоратни ҳеч қачон бирлаштириб бўлмайди. Бу фильмни телеканалларда узатиш керак, ҳамма кўрсин!

Биз бугун жуда эмоционал маҳорат билан ишланган, ҳозирги ёшларга жудаям керак бўлган ҳужжатли фильмни кўрдик. 

Муаллифга эгилиб таъзим қиламан. Мана бўларканку! Афсуски 15 йил давомида уят ишлар қилинди. Ҳатто Собир Раҳимов номидаги метро номини олиб ташлашди… Улар ўзини ватанпарвар деб ҳисоблашди.

Мустақиллик йилларида жуда маънавий саёз авлодларни тарбиялашди. Худди тарихимиз 29 йил олдин бошлангандек… Қандай қилиб бу тарихни унутаман, ахир унда отам бор эди… Мен мана шунинг учун йиғладим…  

Али Ҳамроевга ажойиб картина учун, ҳақиқий ватанпарварларни тарбиялайдиган фильм учун катта раҳмат!

Минҳожиддин Мирзо, Республика  Маънавият ва маърифат маркази раҳбари: Бу жуда яхши ҳужжатли картина бўлибди. Мен режиссёрга бўлиб ўтган Бадиий кенгаш кўригида юзма-юз туриб, миннатдорлик билдирдим.

Бу фильмда мен бир тадқиқотни кўрдим. Архивда шунча ноёб кадрларни излаб топишнинг ўзи бир тадқиқот. Ва шу ўринда бадиий фильм билан ҳужжатли фильм кадрлари бир-бирига шунчалик ўрнаштириб уланганки, уларнинг бадиий ёки ҳужжатлилигини ажратиб ҳам бўлмаяпти. Бу фильмда ҳали Ўзбекистонга номаълум бўлган жуда ҳам ноёб кадрлар намойиш қилинди.

Президентимиз айтганидек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистоннинг қўшган улуғ ҳиссасини биз кўсатиб беришимиз керак. Мана, куни кеча «Ғалаба боғи»да халқимиз қаҳрамонларининг буюк жасоратига бағишланган ёдгорлик ва музей очилди. Уларни бунёд қилгунча катта ишлар бажарилди. Ҳозир Мудофаа вазирлигининг фактларидан ташқари ундан ҳам муҳим факт бор. Бу фронт ортидагиларнинг қўшган ҳиссаси.

Бундан ташқари қатағонлик йилларида 100 мингдан зиёд қатағон қилинган инсонлар бўлса, уларнинг 13 минг нафари отиб ташланган. Мен ўйлайманки, бу кейинги киноларга яна бир хомашё бўлиб хизмат қилади. 

Энди эса ҳақиқатда Зебо Ғаниеванинг Шайхонтоҳур киностдудиясига ёғоч оёқда келганлиги, ҳали юролмайдиган ҳолатда кинода ўтирган ҳолда суратга тушгани, Наби Ғаниевнинг тақиқлангани… Уралда қулоқ қилинганларнинг фарзандлари мажбурий мардикор қилингани… буларнинг ҳаммасини кино қилиш керак. Сизга катта раҳмат, соғ бўлинг!

Шуҳрат Ризаев, Ўзбеккино» бош директорининг биринчи ўринбосари: Афсуски, бизнинг ёшларимиз архив билан, кинохроника билан ишлашни билишмайди. Менимча, албатта, фильм ижодкорларини фақат табриклаш керак ва жуда катта баҳо бериш даркор бу фильм хроникага!

Фирдавс Абдухаликов, «Ўзбеккино» МА бош директори: Биз устоз режиссёр Али Ҳамроевнинг бу фильмидан кўп нарсани ўргандик. Кечаю кундуз ишлаганларини кўрдик, бундан ҳам ибрат олдик. Манимча қилинган меҳнат ҳали жуда катта резонансларга сабаб бўлади.

Али ака Италиядан келганда тасодифан кўришиб қолдик. Шунда ундан кинохроникадаги кадрлар билан шуғулланасизми, деб сўрадик. «Ҳа, албатта!» деди ва шу куни ва эртасигаям кун бўйи архивда ўтирди. «Мен архив билан ишлашни яхши кўраман. Чунки архив кадрларида менинг отам бор, унинг дўстлари, ўзимнинг бугунги кунда раҳматли бўлиб кетган биродарларим бор…» деди.

Бу фильм кинохроникага янги йўл очиб беради. Чунки шу пайтгача турли сабабларга кўра архивдаги кадрларни кўрсатишнинг иложи йўқ эди. Мана, бугунги кунда мамлакатда шунга шароит пайдо бўлди. 25 йил деганда биринчи марта тўсиқлар олиниб, мана шу хроникал фильм яратилди. Президентимиз таъкидлагандек биз халқимизнинг бу урушдаги ҳиссасини кўрсатиб беришимиз керак эди. Мана шу шарафли иш Али акага насиб этди.

Агар яна архивни тафтиш қилсак, янада чуқурроқ кирсак завод ва фабрикаларнинг эвакуация қилиниши ва бошқа турли мавзуларни топиб олишимиз мумкин. Булар Ўзбекистоннинг тарихи, ўзбек халқининг урушга қўшган ҳиссаси ҳақида янги-янги серияларни яратишга туртки бўлади. Али ака бу ишда бизга маҳорат дарси ўтиб бердилар.  

Санжар Бобоев, режиссёр, фильмограф: Бетакрор фильм учун раҳмат! Мен биламан, жуда қийин иш архивлар билан ишлаш. Бу фильмда тарих ҳам бор, шижоат ҳам, мусиқа ҳам, қувонч ҳам, дард ҳам… серқирра асар бўлибди. Бундай фильмлар бизга жуда керак. Негаки, кейинги пайтларда бизда ҳужжатли кино бир ёқлама бўлиб қолганди.. Али Ҳамроев эса уни серқирра кўринишда намойиш қилди.

Бугун шундай омадли кун бўлдики, 2 та ватанпарварлик мавзусидаги фильмни томоша қилдик. Булар ёшлар тарбияси учун ҳам жуда муҳим. Мен икки фильмнинг ижодкорларини ҳам ютуқ билан табриклайман. Томошабин, албатта, уларни кўради.

Бутун қалбини бериб, шундай бетакрор киносимфонияни яратган муаллифга раҳмат! Мен бу кинофильмдаги лавҳаларнинг кўпини ҳали кўрмаган эдим. Чин дилдан қутлайман!  

Нигора Каримова, санътшунос: Дарҳақиқат, бу Ўзбекистон халқига 9 майга катта туҳфа бўлди. Эргаш Ҳамроевдек инсон Али Ҳамроевнинг отаси урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Унинг ўғли, ўз отасининг хотирасига шу фильмни яратгани учун катта раҳматлар айтамиз!

Мутахассис сифатида архив киносини яратиш қанчалик мураккаб жараён эканлигини биламан. Устоз режиссёрга ота-боболаримизнинг шижоатини, қалбининг гўзаллигини кўрсатиб бергани учун ташаккур!

Биласизми, «Халқ жасорати» ҳужжатли фильми менга жуда ёқди, мен бунинг давомли бўлишини хоҳлайман…

Манзура БЕКЖОНОВА 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: