«Илҳақ»: Уруш ҳақидаги фильм бизга керакми?

Бугун ўзбеклар «Катюша»ни куйлаётганда, қачонлардир ўзбек ўғлони: «Ҳиди келса маст бўлайлик…»ни хиргоя қилиб, қўлидаги гранатани портлатгани ҳам таъсирли чиққан.

Фильм таассуротларидан олдин, отаси, акалари, турмуш ўртоғи ва фарзандидан айрилган, умрининг ярмидан кўпини ўлганми ёки тирикми дараги бўлмаган турмуш ўртоғини кутиб яшаган бир онаизорнинг кўзларидаги мунгни, юрагидаги дард ва соғинчни кўриб, ҳис қилиб, ҳикояларини эшитиб келган эвара эканимни айтишим керак…

Шу сабабдир, кинони оддий томошабин сифатида кўра олмадим. Фильмни оиладаги барча эркакларидан айрилган момом кўзлари билан кўрдим.
Зулфия ая кўзидаги дард, дилидаги оғриқ миллатимиз оналари, бувилари юрагидаги дарддан сўзлайди.

Уни оддий томошабин сифатида кўрсангиз ҳис қилолмайсиз! Отаси, акалари, турмуш ўртоғи, ўғли ҳақида соғинчли хотираларни бўлишиб, уруш ҳақидаги, очарчилик ҳақидаги реал воқеаларни ўша даврда яшаган кишининг оғриқ аралаш ҳикояларидан эшитмаган ва жондек севган кишингизнинг жонлари шу уруш сабаб шаҳид кетганини, уларнинг ҳар бири сизнинг ҳам қонингиз эканини ҳис қилмаган бўлсангиз, фильмни ҳам ҳис қила олмайсиз.

Уруш ҳақидаги фильм бизга керакми?

Айримлар уруш ҳақидаги фильм кимга керак, бу билан кимни эъзозлашяпти деган савол қўйишибди! Урушнинг аччиқ изтироблари бува, буви, момолардан юрагига кўчиб ўтган ёшларга керак! Урушда вафот этганлар хотирасини унутмаслик учун… керак… Керакларни санасак анча…

Шу уруш бўлмаганда минглаган, балки миллионлаган болалар отасидан эрта ажралмас, аёллар бева қолиб минг турли синовларга дуч келмас, оналар фарзанд доғида куймас эди! Бизнингча, шунинг ўзи ҳам уруш ҳақида қайта ва қайта кино олишга арзигулик сабаб!

Менга энг ёққани фильмнинг сўнги: урушга кетаётганда ўғлонлар, оталар тишлаган нонларнинг сувда оқизилган саҳнаси бўлди. Ажойиб рамзий топилма!
Жуда кўп мажозий маъно юкланган! Офарин!

Нон билан боғлиқ яна битта эпизод бор: иккала ака-укалар немислар томонидан отиб ўлдирилади, изидан болаларнинг гиламда осиғлиқ турган иккита нонни олиб егани кўрсатилади. Ризқ узилганига чиройли рамзий ишора, бошқа томондан очарчилик, бундай пайти Зулфия аядек болаларини илҳақ кутаётган онанинг ўз қўллари билан нонларни невараларига бўлиб бериши жасорат!

Эслайман, бувижоним тоғам армияга кетганда тишлаб кетган нонларини кўз қорачиғидек асрардилар. Тоғамни соғинганларида ноннинг тишланган жойини ўпиб ҳам қўярдилар!

Зулфия аянинг нонларни невараларига едириш саҳнаси ҳам оддий саҳна эмас. Она учун бу қанчалик оғриқли бўлганини тасаввур қилиш мумкин! Жуда катта юрак керак бунинг учун…

Камчиликлардан ҳам ҳоли эмас

Фильмда таниш саҳналар кўп, кўпчилигимизга таниш бўлган асарлардан парчалар олинган. Камчиликлардан ҳам ҳоли эмас, албатта.

Айтайлик, диалог ва монологлар жуда бўш! Кинодаги юк воқеа ва мусиқагагина ташланган. Монолог, диалоглар фильмнинг устуни, бинони ёғоч устунлар кўтариб турса, кинода бу вазифани сўз — диалог ва монологлар ҳам бажаради!

Назаримда, Юсуфнинг ўлим саҳнасидаги гаплари, Зулфия аянинг ғалаба ҳақидаги хабарни эшитгандаги монологи, аянинг сўнги сўзи кинонинг чўққиси, том маънодаги портлаши бўлиши мумкин эди.

Фильмда кўтарилиш саҳналари кўп, сўнги ҳам улардан қолишмаслиги, аксинча «буюк портлаш» айнан сўнгидаги драматик эпизодларда рўй бериши мақсадга мувофиқ бўлармиди.

Сув бўйидаги қоя тошлар устида турган Зулфия ая лавҳаси жуда таъсирли, аммо жуда тез ўтиб кетади. Қаҳрамоннинг кўзидаги дардни, урушга кетган ўғлонларини ИЛҲАҚ кутаётганини ана шундай сўзсиз саҳналарда нигоҳ — кўз — мимикалар билан беришда бирозгина вақт қизғонилмаса ҳам бўлар эди.

Иккитагина чўмичга иладиган гап: «Мен онам, оилам учун урушяпман», «Болаларимнинг биттаси ҳам қайтиб келмадия…» Қолгани юксиз!..

Ҳа, яна, бугун ўзбеклар «Катюша»ни куйлаётганда, қачонлардир ўзбек ўғлони: «Ҳиди келса маст бўлайлик…»ни хиргоя қилиб, қўлидаги гранатани портлатгани ҳам таъсирли чиққан. Фақат биз каби авлодларга уят аралаш таъсир қилди…

Уруш ҳақида совет фильмларини кўриб катта бўлган авлодга фильм ёқмаслиги мумкин!
У фильмлардан фарқли ўлароқ бу фильм қаҳрамонлар оддий халқ вакили, вакилалари! Бошқа фильмлардагидек ўрис хотинларни севиб қолиб, улар билан битта стол атрофида арақ кўтариб, уруш ҳақида фалсафа тўқийдиган аристократлар эмас. Жанг саҳналарини ҳам бошқа фильмлар билан солиштириш ўринли эмас, бизнингча!

Фильм воқеалари 1961 йилга кўчганда 2020 йилгача ҳам келиб қолишмасинда, деб ўтирдим, айниқса, мустақиллик, ундаги бунёдкорлик ва ёки оддий ғалабага урғу берилганда ҳам фильм ютқазарди! Режиссёрга фильмнинг бош ғоясига юқоридагиларни қўшмагани учун раҳмат дегим келди!

Зулфия ая ролини ижро этган актриса Дилором опа Каримовага ҳам минг раҳмат! «Ролларини маромига етказиб ижро этибдилар», деган гапнинг ўзи ижроларини баҳолашга камлик қилади!
Томошабин бу образдаги Дилором опани жуда қаттиқ яхши кўриб қолади. Аллоҳ рози бўлсин!

Фильм номига келадиган бўлсак, ая кенжатойининг тирик, ўликлигини билмай гумон билан яшагани илҳақликдир! Аммо бу очиб берилмаган.

Ҳа, айтганча, кинода янги чеҳраларни кўрдим. Ҳар ҳолда мен учун янги! Режиссёрнинг янги «юз»лар билан ишлашга чўчимаслигини юксак баҳолаш керак. Шахсан мен фильмларида бир хил жамоа (актёр, актрисалар)дан фойдаланадиган режиссёрлар истеъдодига шубҳа билан қарайман. Қаҳрамонларни ижро этадиган актёр, актрисаларни ролларга мослаб танлай олиш, уларни кашф этиш ҳам режиссёрнинг маҳоратидан дарак беради.

Хуллас, фильмдан таъсирландим! Зулфия аянинг дарди юрагимга кўчиб ўтиб, раҳматли момомни эсга солди.

Яхши! Яна ҳам яхшиланиб боришига умид қиламиз!

Доно БЕКЧАНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: