Бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири “Онлайн таълим” ҳисобланмоқда. Энг катта эътибор ҳам шунга қаратиляпти. Чунки таълим сифатини ошириш ёш авлод келажаги учун жуда муҳим омилдир.
“Онлайн таълим” оддий таълимдан фарқли ўлароқ ўқувчи ва ўқитувчидан жуда катта масъулият талаб этади. Шунингдек бу таълим жараёнида ота-она ва устоз ҳамкорлиги муҳим роль ўйнайди. Яъни ота-она фарзанди учун устозга айланиб, ўқитувчи билан таълим жараёнида фаол иштирок этиши керак.
Масофавий таълимга ўтиш, албатта, осонлик билан йўлга қўйилмади. Лекин, афсуски, мени баъзи ота-оналарнинг бефарқлиги, эътиборсизлиги ҳайрон қолдиради. Шундайлар ҳам борки, фарзандининг келажагига умуман қизиқмай қўйган. Ўз боласига оддий интернет орқали онлайн дарсларда иштирок этиш учун шароит яратиб бера олмайди. Бунда айримлар иқтисодий етишмовчиликларни рўкач қилиб кўрсатса, айримлар буни муҳим деб билмайди ва эътибор қилмайди, янгиликни ўрганиш ва ўзлаштиришга интилмайди.
Афсуски, орамизда фарзандига “ўқиб ойни олиб берасанми”, “ўқиб олим бўласанми” деб унинг қизиқишини сўндирадиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Бунинг асосий сабаби бугунги кунда баъзи кишилар ўз фарзандларининг билим олишидан кўра уларни пул топишга йўналтиришни афзал деб билганидадир. Лекин интеллекутал билимлар, замонавий технологияларни ўзлаштириш, улар орқали билим доирасини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш каттага ҳам кичикка ҳам ижтимоий фаол бўлишда жуда керак. Бу технологияларни ота-оналарнинг ўзи ҳам ўрганиб олсалар зиён қилмайди.
Масофавий дарс жараёнини тўлиқ ўзлаштириш ўқувчилар учун келгусида, бирон олийгоҳга кирганида ҳамда ОТМдан кейинги меҳнат фаолиятида ҳам ҳар томонлама фаол бўлишда фойдадан ҳоли эмас. Албатта, бу борада уларга тўғри маслаҳат берувчи, шарт-шароит яратувчи ва тушунмаганини тушунтирувчи ота-она бўлиши керак.
Тўғри, интернет орқали машғулотларда қатнашиш муайян вақт ва маблағ талаб қилиши мумкин, лекин ўқиш-ўрганишга сарфланган маблағ келажакда, албатта ўз мевасини беради. Ишонаверинг, фарзандингиз эгаллаган тезкор ва аниқ замонавий технологиялар келажакда унинг жамиятга фойдаси тегадиган инсон бўлишига ҳисса қўшади. Ўғил-қизингизни комилликка элтувчи интеллекутал билимлар сарфлаган маблағингизга арзийди.
Масофавий таълимнинг қулай томонлари билан бирга ноқулай томонлари ҳам бор. Масалан, ўқувчи интернет орқали алоқага чиқмаса ўқитувчи барча ўқувчиларни бирданига машғулотга қамраб олиши қийин кечади. Шунингдек берилган дарсларни масъулият билан ўз вақтида тайёрламайдиган ўқувчилар билан ишлаш, уларни назорат қилиш ва баҳолашда ҳам муайян қийинчиликлар учрайди. Мана шу ҳолатда ўқитувчиларга ота-онанинг ёрдами ниҳоятда муҳим.
Мисол учун, масофавий таълим йўлга қўйилгандан буён умуман топшириқларни бажармаган, дарсликларини бирон марта ҳам очиб кўрмаган ўқувчилар бор… Бунда кимни айблаш керак?
Одатда таълимда ўқувчи дарсни ўзлаштира олмаса ота-она айбни ўқитувчида деб билади. Аммо бунда фақат ўқитувчини айблаш тўғримикан? Бу машаққатли касб эгалари ўз фарзандидан қизғонган вақтни сизнинг фарзандингизга ажратади.
Тўғри, фарзандига эътиборли, уй вазифаларини бажаришда кўмаклашадиган ота-оналар ҳам жуда кўп. Бундай инсонларга мингдан-минг ташаккур айтамиз!
Мен бошланғич синф ўқитувчиси сифатида шуни таъкидлаб айтмоқчиманки, ота-оналар фарзандингиз келажагига бефарқ бўлманг. Ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, билимли, эркин фикрловчи, юксак маънавиятли, баркамол, ватанпарвар шахслар бўлиб етишишини таъминлаш йўлида сизнинг ўрнингиз беқиёсдир.
Нилуфар ОМОНБОЕВА, Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 41-мактаб ўқитувчиси
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли