Масофавий таълимнинг афзаллиги ва муаммолари

Бугунги кунда дунёда кўпгина ОТМлар, йирик корхоналар мутахассислар малакасини оширишда масофадан ўқитиш тизимидан фойдаланиб, йилига миллионлаб пул маблағларини тежамоқда.

Дилором ГАИПОВА, Хива шаҳридаги 15-мактаб ўқитувчиси

Айни пайтда карантин сабабли мактаб ўқувчилари масофадан ўқитиш тизимида таълим олмоқда. Масофавий таълим услуби ўқитишнинг янгича замонавий шакли бўлиб, у ўқувчининг мустақил фикрлаш, ҳолатни баҳолаш, хулоса қилиш қобилиятларини ривожлантиради. Мустақил билим олишга, изланишга, фикрлашга ўргатади.

Масофавий таълимнинг афзаллиги шундаки, унда ҳар ким ўзига қулай вақтда, қулай жойда, қулай муҳитда билим олиши мумкин. Шу туфайли ушбу тизим бугунги кунда дунёда кенг оммалашмоқда.

Ижобий томонлари

Масофавий таълим – ўқув жараёнининг мақсади, мазмуни, услублари, ўқитиш воситалари ва интернет технологиялари ёрдамида тингловчи ҳамда ўқитувчиларнинг масофадан туриб, интерфаол мулоқот қилиш жараёни ҳисобланади.

Бугунги кунда дунёда кўпгина ОТМлар, йирик корхоналар мутахассислар малакасини оширишда ушбу услубдан фойдаланиб, йилига миллионлаб пул маблағларини тежамоқда.

Шунингдек масофавий таълимнинг ташкилий-иқтисодий афзалликлари ҳам мавжуд бўлиб, масалан, ўқитиш учун сифлар, доскалар, столлар ва бошқа ўқув қуроллари зарур эмас. Молиявий харажатлар асосан ўқув-услубий материаллар тайёрлаш ҳамда интернет трафик учун сарфланади. Табиийки бу тизим самарасида харажатлар камаяди. Ўқув-услубий материаллар қанчалик тушунарли ва батафсил бўлса, шунчалик ўқувчига фойдали бўлади.

Масофавий таълим учун нималар зарур?

Бу ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги онлайн дарс жараёнидир. Бундай дарслар учун аввало коммуникация, масофавий таълим услубий материаллари, лектрон ва одатдаги дарсликлар, аудио ва видео дарсликлар, онлайн дарслар (интернет саҳифа) ээлектрон кутубхоналар, тестлар, мультимедиа электрон дарсликлар ва, албатта, интернетга уланган компьютер керак бўлади.

Бундай таълимда ўқувчи ҳар куни мактабга бориши шарт эмас. Шу билан бирга бу тизим воситасида саломатлиги чекланганлар, узоқ ҳудудларда яшовчи болалар, ҳатто маҳкумлар билан бирга бўлиб турган болалар ҳам таълим олиши мумкин.

Катталарга эса масофавий таълимда ўз меҳнат фаолиятидан ажралмаган ҳолда таълим олиш ва малака оширишларига имконият яратилади.

Бундан ташқари, масофадан туриб ўқиганда  бир неча курсларда бир вақтнинг ўзида таълим олиш имкони мавжуд.

Тадқиқотларда аниқланишича масофавий таълим анъанавий таълимдан асло қолишмайди. Балки самарасига кўра устунлик жиҳатлари ҳам бор. Негаки, ўқув материалининг асосий қисмини ўқувчи ўзи мустақил ўқиб-ўрганади. Бу ўтилган мавзуларни пухта ўзлаштириш ва эслаб қолишга ёрдам беради. Бунинг устига дарсларни янги технологиялар воситасида ўқиш бола учун қизиқарли ва мазмунли бўлади.

Бундай таълим тизимида дарсликлар, қўлланмалар етишмаслиги каби муаммолар бўлмайди. Ўқувчи ўқув материалини электрон почта ёки ижтимоий тармоқ орқали қабул қилиб олади. Шу билан бирга маълум сайтларга обуна бўлиши, маълумотлар базасига кириб, ўзига керакли ахборотларни олиши мумкин.

Масофавий таълимнинг яна бир афзаллиги унинг арзонлигидир. Жумладан ўқишга бориш-келишга, тарнспортга пул сарфланмайди. Чет элда ўқиш учун эса виза ва хорижий паспорт ҳам талаб қилинмайди.

Масофадан ўқитишда ўқувчиларни баҳолаш онлайн-тестлар ёрдамида амалга оширилади. Шу сабабли ўқувчиларда имтиҳон пайтидаги ҳавотир ва ҳаяжон кузатилмайди.

Бундай ўқитиш жараёнининг ўқитувчи учун фойдали жиҳати шуки, масофадан туриб педагогик фаолият олиб бориш воситасида нисбатан кўп ўқувчиларга эътибор қаратиши мумкин. Ўқитувчи дам олиш ёки декрет таътилида бўлганида ҳам бемалол фаолиятини давом эттира олади.

Муаммолари ҳам борми?

Муаммоли жиҳати шундаки, бундай жараёнда ўқувчи барча материални мустақил тарзда ўқиб-ўрганиши керак. Шунинг учун ундан ирода кучи, масъулият ва ўз-ўзини назорат қилиш талаб этилади.

Шу билан бирга масофадан туриб ўқитилганда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида бевосита мулоқот бўлмайди. Шунинг учун доимий тарзда бундай тизимда ўқиган ўқувчи кўпчилик орасида фикрини бемалол ифодалашга қийналиши мумкин.

Бундан ташқари, онлайн ўқитишда ўқувчининг уй вазифаларини ўз ечгани, мустақил ишлаганини аниқлаш қийин. Шунинг учун масофавий таълим  тизимидаги олийгоҳларда якуний имтиҳонларда талаба шахсан ўзи келиб, синов имтиҳонларини топшириши белгиланган.

Чекка ҳудудларда интернет тезлиги яхши бўлмаслиги ҳамда айрим болаларнинг интернетдан фойдаланиш кўникмалари етарли эмаслиги бундай таълим жараёнининг самарали бўлишига ҳалал беради.

Айни вақтда юртимизда эпидемиологик вазиятда карантин жорий қилинган. Республикамиз ҳудудларида мактаб ўқувчиларини масофадан туриб ўқитиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Хива шаҳридаги 15-мактаб жамоаси ҳам фаоллик кўрсатяпти. Бундай ўқитиш тизимида айниқса ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ўзига талабчанлиги, масъулияти ошганлиги янгича таълим дастурларини ўзлаштиришда яхши самара бермоқда. Ўқувчиларимиз қисқа вақт ичида интернетдан маълумот тўплаш, масофадан туриб берилган вазифаларни мустақил бажаришни ўрганиб олишди. Ҳатто халқаро онлайн танловларда қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритишмоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: