Сардоба тошқини туфайли бошпанасиз қолган оилаларга Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги кўп қаватли уйлардан 3 ва 2 хоналик квартиралар берилди. Бу савобли ишларнинг ғоявий ташкилотчиси Маданият вазирлиги, ҳамкор тадбиркорлар кўмагида квартираларни таъмирлаб, жиҳозлаб, ҳатто кўрпа-тўшак, идиш-товоқлар билан таъминлаб берган инсон – таниқли санъаткор Озода Нурсаидова жабрдийдаларнинг қувончига сабабчи бўлишди.
Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан персс-тур ташкил қилиниб, етакчи ОАВ журналистлари, шу жумладан “manzur.uz” сайти муҳаррири ҳам уй эгаларига сертификат топшириш маросимида қатнашди.
Хонанданинг таъкидлашича, фалокат жабрланувчилари учун тадбиркор Акбар Анваров билан хайрия акцияси ташкил қилинган. Унга кўра, Сардобалик 5 нафар оилага Тошкент вилояти Оҳангарон тумани 5 та уй совға қилинган.
Сардоба фожиасида уй-жойи, мол-ҳолидан ажралгал аҳоли учун давлатимиз томонидан кўплаб уйлар бунёд этилмоқда. Бу хайрли ишларга халқ севган санъаткорлар ва саҳоватли тадбиркорлар ҳам баҳоли қудрат ҳисса қўшаётгани ибратли ва қувонарлидир.
“1 августдан ҳудуд сув билан тўлиқ таъминланади”
Ҳамида ЭШБАЕВА, Оҳангарон туманидаги “Эвалак” маҳалласи фуқаролар йиғини раиси:
–Туманда “Эвалак” темир-бетон заводи қурилгандан кейин мана шу қўп қаватли уйлар барпо этилган. Бу ерда сув танқислиги бўлгани сабабли оилалар кўчиб кетиб, уйлар ташландиқ ҳолга келиб қолган эди. Ҳозирда “Обод маҳалла” дастури доирасида бу ерга ичимлик суви олиб келиш учун 6,5 километрлик қувур тортилди. Шу жараёнлардан кейин жорий 2020 йилнинг 1 августигача бу ҳудуд сув билан 100 фоиз таъминланиши кутилмоқда.
Ҳозирда бу ерда яшаётган аҳолига ҳар куни 2 соатдан сув берилади, оилалар ертўлада катта бочкаларга сув тўлдириб, шундан фойдаланиб келмоқда. Мана, сув олиб келиш ишлари ҳам якунига етай деб қолди. Насиб қилса, 1 августдан ҳудуд аҳолиси тоза сув билан узлуксиз таъминланади.
Таниқли санъаткор Озодахонга ташаббус кўрсатиб ҳомийлар ёрдамида уйларни таъмирлаб, жиҳозлаб халққа тақдим этаётгани учун катта раҳмат!
“Ҳокимлик ва тадбиркорлар бизни қўллаб-қувватлади”
Озода НУРСАИДОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
–Сардоба фалокати оқибатида аҳолининг кўп қисми талафот кўрди. Одамлар эвакуация қилинди, давлат раҳбари ўша ерга етиб борди. Бу ёқда бутун халқ жипслашиб, жабрланган аҳолига қўлидан келган ёрдамини берди, ҳалигача беряпти. Қанча саховат карвонлари ташкил этилди, ёш болалардан тортиб ёши катта фуқароларимизгача ёрдамини аямади. Ҳатто айрим пенсионерларимиз пенсиясининг тийин-тийинигача сардобаликларга хайрия қилди.
Биз ҳам мана шу хайрия акцияларидан таъсирланиб, тадбиркор, саховатпеша укамиз Акбар Анваров билан бирга акция ташкил қилдик. Шу акция доирасида Сардоба тошқинидан азият чеккан 5 та оилага Тошкент вилоятидан 3 та уч хонали ва иккита икки хонали уй совға қиляпмиз.
Уйларни ҳадя қилдик, лекин бироз камчилиги бор. Оилаларнинг уйларга келиб яшаши учун техника, жиҳозлар керак бўлади. Масалан, музлаткич, телевизор, гилам ва ҳоказо нарсалар. Агар уларга ёрдам бериш истагида савоб қилмоқчи бўлган кўнгиллилар бўлса, албатта хурсанд бўламиз.
“Сотиб, уй оламиз деб қўй боққандик…”
Озода МАМАЕВА, уй бекаси:
–Хўжайиним Сардоба сув омборида ишлайди. Ўша куни хўжайиним ишда эди. Мен болалар билан уйда ёлғиз қолувдик. Эрта тонгда дарвозамиз тақиллаб қолди. Очсам қўшнимиз экан. У менга сув омбори ёрилиб кетганини, ҳамма одамлар кўчиб кетаётганини айтди. Сўнг овсинимни уйига чиқдим, уни ва бошқа қўшниларимизни уйғотиб, қочиш керклигини тушунтирдим. Шу орада болаларимни кийинтириб тез чиқдим ва қўшимизнинг машинасига ўтирдик. Ҳеч нарсани ҳатто ҳужжатларимизни, тақинчоқларимизни ҳам олишга улгуролмадик.
Ўша куни қўрқувми ёки бошқа нарсаданми, нима қилаётганимизни қаёққа кетаётганимизни билмасдик. Хўжайинимга телефон қилиб тушолмадим. Кейин шерикларига қўшнилар билан қишлоқдан қочиб кетаётганимизни етказиб қўйишини айтдим. Ҳозир Гулистон маҳалласидан бир уй беришди. Вақтинча уйларимиз битгунча шу ерда бемалол яшаб туришимиз мумкинлигини айтишди. Ҳомийлар ва саҳоватли инсонлардан, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан кўмак олиб турибмиз. Қайнонам сиҳатгоҳда дам олиб келдилар, болаларим оромгоҳда бепул дам олишяпти.
Ўзимиз ижарада турардик, далага мош ва қовун экардик. 7 йил давомида йиққан тежаганимизга уй оламиз деб қўй олиб боқиб юрардик…
Қайним шу куни далада эди, тошқин бошланганда у қўйларимизнинг бир қисмини қутқариб, тепаликка олиб чиққан экан. Ўша куни талотўпда велосипедни ҳайдаб қочиб келаётганида сув оқизиб кетган. Эгнидаги футболкаси лотокнинг сеткасига илиниб қолгани сабабли омон қолган. Уни вертолётда келган қутқарувчилар сувдан олиб чиққан. Худога шукур ҳамма яқинларимиз омон қолди.
Кейин Озода опам хайрия акцияси ташкил қилаётгани, уйсиз қолганларга уй бермоқчи эканлигини билиб қолдим ва телефон қилдим. Аммо шунча одамлар орасида менга уй беришларига ишонмагандим.
Бир кун Нилуфар опа (Озода Нурсаидованинг синглиси) телефон қилиб, бизга уй берилишини айтиб қолди. Шунда ҳам мен билан ҳазиллашишяпти деб ўйлаганман. Шунчалик меҳрибон инсонлар бор экан. Барчасига раҳмат, мана жиҳозлари ва техникалари билан уйга эга бўлдик.
“Инсонга биринчи ўринда бошпана керак экан”
Саодат ХОЛҚЎЗИЕВА, ўқитувчи:
20 йилдан буён мактабда ишлайман. Келин бўлиб тушганимга ҳам 20 йил бўлди. Мана шу 20 йиллик рўзғор, йиққанларимиз, топган-тутганларимиз тўғон бузилиши туфайли барчаси лой остида қолди. Ўғил-қизимизга тўй қиламиз деб, яхши ниятда уй-жой қилгандик. Ҳаммаси лой остида қолиб кетди. Фақат ҳужжатларимизни олиб, эгнимиздаги битта кўйлакда қочиб кетишга улгурдик…
Сувдан қочиб молларимиз, қўйларимиз молхонага кириб қолган экан. Молхона йиқилиб ҳаммасини босиб қолибди…
Лекин минг шукур, болаларим омон қолди. Президентимизнинг “Жонларинг соғ қолибди, менга шунинг ўзи етади. Минг шукур!” деганлари бизга далда бўлди. Ўзбек халқи ҳақиқатдан меҳр-оқибатли эканини яна бир бор кўрсатди. Уларнинг саҳоватпешалиги бизни тушкунликдан чиқарди.
Мана, Сардоба тошқинига ҳам тўлиқ икки ой бўлди. Ҳозирда чайла қуриб, шунда яшаб юргандик. Инсон яшаши учун биринчи ўринда бошпана керак экан… Яқинда бу ерга уй берамиз деб чақиришди. Барака топишсин, ҳаммаси учун раҳмат.
Манзура БЕКЖОНОВА