Тошкентда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (НАЭСМИ) ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (НАННОУз) ташаббуси билан нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ўртасида парламент Қонунчилик палатаси депутатлари ва ёшларнинг Ўзбекистон ҳукумати аъзолари билан “Очиқ мулоқот: ижтимоий соҳа — кеча, бугун, эртага” мавзусида учрашуви бўлиб ўтди. Давлат сектори вакиллари ва раҳбарлар гуруҳини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Бегзод Мусаев бошқарди. Беҳзод Мусаев мулоқот давомида 2020 йил ижтимоий соҳа учун маъсулятли йил бўлганини таъкидлади:
“Ижтимоий соҳа давлат бюджетининг асосий қисми йўналтириладиган тармоқ. 2020 йил бу соҳа учун маъсулятли йил бўлди. Ўтган йилда улар энг кўп фаоллик кўрсатишди. Соғлиқни сақлаш соҳасига катта оғирлик тушди. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унинг асосий маблағлари Президент ташаббуси билан тиббиёт ходимлари ва коронавирусга қарши курашаётган шифокорларни рағбатлантириш учун йўналтирилди. Шунингдек, Бу маблағлар ҳисобидан чет элдан ватандошларимизни пандемия даврида олиб келиш ва уларни карантин зоналарида сақлаш ва таъминотига сарфланди” дея фикр билдирди Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев.
Мулоқот давомида журналистлар ва ҳукумат вакиллари ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлиги масалаларини муҳокама қилдилар. Сўнгги тўрт йил статистикаси катта молиявий сармоялар ва институционал ўзгаришларни кўрсатади. Шундай қилиб, 2017-2020 йилларда ижтимоий соҳага 188,8 триллион сўм (22 миллиард АҚШ доллари) ажратилди.
Таълим, спорт, маданият, фан ва инновация, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳалари устувор йўналишлар қаторига киради. Ўтган йилнинг энг катта сарф-ҳаражатли жабҳаси, бутун дунёда бўлгани каби, юртимизда ҳам соғлиқни сақлаш тизими бўлди. Жумладан, фақат “COVID-19”га чалинган касалларни даволашга ихтисослашган махсус шифохоналар, карантин мажмуалари ва замонавий лабораторияларни зудлик билан қуриш учун 96 миллион доллар миқдоридаги маблағ ажратилди.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистоннинг «COVID-19» пандемиясидан нисбатан тезроқ чиқиб кетиши маҳаллий тиббиётнинг талабга жавоб беришини исботлади ва бу аввалги 4 йил ичида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар ҳамда мамлакат раҳбарининг ушбу соҳага бўлган шахсий эътиборининг ижобий самараси эканлигини кўрсатди. Тиббиёт ходимлари иш ҳақининг 1,5 бараварга оширилиши, ихтисослашган тиббиёт марказлари сонининг 18 тага кўпайиши, ҳудудларда 310 та махсус бўлимларнинг ташкил этилиши, “тез тиббий ёрдам” сонининг 818 тадан 1666 тага кўпайтирилиши ва уларнинг олис минтақалардаги аҳоли учун ҳам етарлилиги, автоулов паркининг кўпайиши, қиймати 5,0 триллион сўмлик 1700 дан ортиқ тиббиёт муассасаларининг қурилиши ва таъмирланиши ҳамда хусусий тиббиётнинг ривожланиши тиббий хизмат сифатига ҳам, аҳолининг маҳаллий тиббиётга бўлган ишонч даражасига ҳам катта таъсир кўрсатди.
Коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш ҳамон мамлакатдаги муҳим вазифаларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. 2021 йилги давлат бюджети ҳисобидан 3 триллион сўм миқдорида захира маблағи шакллантирилди. Ушбу маблағлар аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш учун ҳам сарфланади. Ишларнинг сифатини яхшилаш ва санитария-эпидемиология хизматининг моддий-техник базасини яхшилаш учун замонавий лабораториялар яратиш учун 200 миллион доллар ажратилади. Инновацион ривожланиш вазири Иброхим Абдурахмонов вакциянация жараёнлари бўйича маълумот берди:
“2021 йилда қилинадиган ишлар кўп. Хитойлик мутахассислар билан ҳамкорлик вакцина ишлаб чиқилди. Клиник тажрибаларнинг биринчи ва иккинчи фазаси омадли ўтди. Ҳозирда учинчи этап давом этмоқда. Ҳамкорликдаги вакцинанинг эҳтимолий зарарли таъсири минимал кўрсаткий 0.8%ни ташкил этди. Бу бошқа вакциналарга қараганда анча камроқ натижа. Эндиликда бутун дунёга тарқатиладиган ушбу вакцинадан Ўзбекистонга ҳам бир миллион доза етказиб берилади. Шунингдек Россия ва Америка вакциналари ҳам истовчиларга тақдим этилади. Умуман вакцина олмоқчи бўлмаганларга ҳам қаршилик бўлмайди” дея фикр билдирди вазир Абдурахмонов.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий соҳанинг муҳим тармоғи таълим бўйича маълумотлар берди: “Пандемия истисносиз ижтимоий сиёсатнинг барча соҳаларига таъсир кўрсатди. Мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган таълим тизимининг бюджети сўнгги тўрт йил ичида 3,3 бараварга оширилди. Йил охирига қадар мактабгача таълим билан қамраб олишни 65 фоизгача ошириш устувор вазифа этиб белгиланди. Ушбу мақсадга эришиш йўлида бюджетнинг 600 миллиард сўм миқдоридаги субсидиялари ҳисобидан 2 мингта нодавлат болалар боғчасини барпо этишга эришилади. Ярим миллиондан ортиқ 6 ёшли болалар мактабга бепул тайёргарлик тизими билан қамраб олинади. Бу ушбу ёшдаги болаларнинг 82 фоизини ташкил қилади”
Халқ таълими соҳасида тезлаштирилган ислоҳотлар жадал суръатларда давом эттирилмоқда. 2021 йилда 31 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш учун бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади. Бундан ташқари, бошқа туманда жойлашган мактабда дарс берадиган ўқитувчилар қўшимча равишда 50 фоиз, бошқа минтақада ишлайдиганлар эса 100 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ оладилар.
Шунингдек, ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилади. 2021 йилда мамлакатимизда 10 та Президент мактаби ва кимё, биология, математика ва ахборот технологиялари бўйича 197 та ихтисослаштирилган мактаб очилади.
Бу йил Халқ таълими тизимини рағбатлантириш учун минтақавий фондларга 330 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, 240 мингдан зиёд мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақи 1,5 бараварга кўпайтирилади. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан 400 миллиард сўм ажратилади.
Ислоҳотлар маҳалла институтини ҳам қамраб олди. Энди маҳалладаги ишлар ҳолатини вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар фаолиятини баҳолашда асосий мезон қилиб белгилаш режалаштирилган. Ўтган йили мамлакатда бюджетларнинг ортиқча бажарилган қисмининг камида 10 фоизини бевосита маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишга йўналтириш амалиёти жорий этила бошланди. Жумладан, бунинг учун 70 миллиард сўм маблағ ажратилди. Энди бу амалиёт янада кенгаяди: маҳаллалар туман бюджети харажатларининг 5 фоизини ҳам олади. Бу йилги яна бир янгилик — маҳаллада ишлайдиган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат органларида раҳбарлик лавозимларга илгари суриш тизими жорий этилди.
Оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва хотин-қизларни ҳимоя қилиш масалалари алоҳида назорат остига олинган. Сўнгги тўрт йиллик статистика аёлларнинг фуқаролик ва ишбилармонлик фаоллигининг ўсиб бораётганлигини кўрсатади. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи нафақат ҳукуматнинг вазифаси бўлиб қолди: Хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси билан биргаликда аёллар тадбиркорлигини, уй шароитидаги фаолият ва боғдорчиликни кредитлаш дастурига тижорат банклари ҳам қўшилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ажратилган умумий маблағ 6,9 трлн. сўмни ташкил этди. Қийин турмуш шароитида яшаётган 8 мингга яқин кам таъминланган аёллар имтиёзли уй-жой билан таъминланди.