«Мендирман Жалолиддин» сериали ижодкорлари журналистлар билан учрашди

Шу кунларда «Миллий» телеканали орқали турк ва ўзбек ижодкорлари ҳамкорлигида тасвирга олинган «Мендирман Жалолиддин» тарихий бадиий сериали томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Мазкур сериал эфирга узатилмасданоқ одамларда катта қизиқиш уйғотди ва қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Кеча 8 март куни Тошкент Ситидаги «Hilton» меҳмонхонасида «Мендирман Жалолиддин» сериали ижодкорлари ва журналист ҳамда блогерлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Киноижодкорлар сериалнинг кастинг босқичидан тортиб тасвирга олиш жараёнлари,  пандемия сабаб дуч келинган қийинчиликлар, съемка вақтидаги қизиқ воқеалар, актёрларнинг кадр орқасидаги ҳаёти ҳақида сўзлаб бердилар.

Жалолиддин Мангуберди сўнгги Хоразмшоҳ Ала ид-Дин Муҳаммад II нинг туркман хотини Ойчечакдан бўлган ўғли эди. У саройдаги турли можаролар сабаб ўзига содиқ қўшинларни тўплаб ота юртидан чиқиб кетади. Чингизхон бошлиқ мўғулларга қарши жанг қилиб, уларни тор-мор этади. Бир нечта давлатларни ҳам мўғул босқинидан қутқаради.

Тарихий саркарда Жалолиддиннинг жасурлигига бутун дунё тан берган. Она ватан ҳимояси учун  муросасизлик билан кураш олиб борганини кўрган Чингизхон ҳам душмани бўлсада уни «ота ўғил бўлса, шундай бўлсин» дея эътироф этган.

Туркиянинг «Bozdag‘ film» кинокомпанияси продюсери Меҳмет Бўздағнинг таъкидлашича, у буюк тарихий шахснинг мисли кўрилмаган мардлиги, ватанпарварлигини ҳаққоний акс этириш, барчага ибрат қилиш мақсадида бу сериалга қўл урган.

М.Бўздоғ таъкидлашича, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси», «Кўҳна дунё» каби романларини мутолаа қилиш жараёнида унда ўзбек халқининг тарихи ҳақида фильм яратиш ғояси туғилган. Шу боис Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Жалолиддин Мангуберди ҳақида сериал олиш таклифини катта қизиқиш билан қабул қилган.

Сериал ижодкорларининг айтишича, бу тарихий сериал лойиҳасини бошлаш учун 9 ой ҳозирлик кўришган. Аввало тарихий манбалар, ҳужжатларни ўқиб-ўрганишган, бир неча марта Ўзбекистонга зиёратга келиб кетишган. Энди ишга киришганларида пандемия бошланиб қолган.

«Ҳамкорларимизга, барча ўзбек актёрларига катта раҳмат! Улар пандемия бошлангандан сўнг 3 ой давомида меҳмонхонадан чиқмай, карантин қоидаларига амал қилишди. Оиласи ва яқинларини қанчалик соғинган бўлсада жамоадан кетиб қолишмади», – деди М. Бўздағ.

Сўнг ёз ойларига келиб, коронавирус инфекцияси бироз чекингач тасвирга олиш ишлари бошлаб юборилган.

«Кастюмларимиз қиш ойларига мўлжалланган эди, аммо актёрлар 40-50 даража иссиқда уларни кийиб рол ижро этишларига тўғри келди. Лойиҳадаги 500 нафардан ортиқ иштирокчининг сабр-бардоши, профессионал маҳорати самарасида ушбу дунёни лол қолдирадиган сериални яратишга муваффақ бўлдик.

Иш бор жойда хато бор. Мухлислар тушунишини истардик, бу ҳужжатли сериал эмас, шунинг учун унда тўқима сюжетлар бўлиши мумкин. Лекин булар, албатта, Жалолиддиннинг мардлиги, қўрқмаслигини яна бир бор таъкидлашга хизмат қилади. Халқ ўз қаҳрамонига бемалол эргашиши мумкин».

Сериалда Жалолиддин Мангуберди ролини Эмре Кивилжим исмли таниқли турк актёри ижро этган. У биз билан суҳбатда асли кимё-технологиялари йўналишидаги ОТМда ўқиганини, аммо санъат йўлини танлаганини, бу сериалдан олдин ҳам бир қатор фильмларда роль ижро этганини айтди.

Туркияда кино технологиялари жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон эса бой тарихи ва маданияти билан машҳур. Юртингизда маҳоратли актёрлар ҳам кўп. Демак кучларимизни бирлаштириб, ўзаро тажриба алмашишимиз учун сабаблар етарли», – деди Эмре Кивилжим.

Ёзувчи Бобохон Шарифнинг таъкидлашича, «Мендирман Жалолиддин» сериалида тарихий воқеликни тўлақонли ифодалашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Албатта, тарихни ўқиган томошабин реаллик билан тўқимани ажрата олади. Шу ўринда бу сериалда тўқима сюжетлар ҳам бор, улар киноасарга ранг-баранглик киритишга хизмат қилган, деб айта оламиз. Мухлислар билган ва кутган тарихий воқеалар ҳам сериалнинг кейинги қисмларида тасвирланади.

«Мендирман Жалолиддин» қўшиғини айтганимдан сўнг китоб дўконларида Хоразм тарихи, Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги китобларни кўп сўраб келишибди. Буни бир сотувчи аёл айтди, – дейди ғоя муаллифи Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков. Ушбу сериални кўргач фарзандларимиз Жалолиддинни севиб қолишса, ота-оналаридан унинг кийимларини, қиличини сотиб олиб беришни сўрай бошлашса, биз мақсадимизга етишган бўламиз».

Ҳар қандай йўналиш ўз-ўзидан илгарилаб кетмайди. Аввало дўст тиргаги, устоз насиҳати керак бўлади. Шу маънода яқин қардошлар, ҳамдўстлик кинокомпаниялари билан ҳамкорлигимиз киносанъатимизга ўзгача кайфият олиб кирмоқда. Тарихий фильмлар яратиш тажрибасига эгамиз. Эл таниган устоз киноижодкорларимиз бор. Ютуқлар ўзимизники, камчиликлар ҳам. Демак илк тажрибаларга таяниб тарихий сериалларга ҳам дадил қўл урсак бўлади.

Манзура БЕКЖОНОВА,

Фото: Мадина НУРМАН.

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: