Шундай ҳоллардан бири шифохона синдроми дейилади.
Хўш, бу касаллик кўпроқ қандай одамларда пайдо бўлади? Шу каби саволларига Тошкент тиббиёт академияси профессори, нейропсихолог Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ жавоб берди.
— Ушбу синдром ёш болаларда нисбатан яққолроқ намоён бўлгани боис, бу ибора дастлаб кичкинтойларга нисбатан қўлланган. Кейинчалик эса унинг белгилари катталарда ҳам кузатилиши аниқланди.
Яқинларидан узоқда, ҳафталаб, баъзан ойлаб шифохонада даволаниш ёш бола тугул катталар учун ҳам осон эмас. Шу маънода шифо масканида бўлиш мурғакнинг руҳияти ва жисмоний ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатиб, унда шифохона синдромини юзага келтириши мумкин.
Яъни бола жисман заифлашиб, турли оғриқлардан шикоят қилади ва ташқи муҳит билан алоқаси тобора пассивлашиб боради. Бемор бола шифохонадан уйга қайтгач ҳам кўчага чиқишни хоҳламайди, тенгқурлари, оила аъзолари билан чиқишмайди. Дори ичишга ўч ёки аксинча муолажалардан безиб қолади. Қизиғи шундаки, энди бемор уйдан кўра шифохонани афзал кўради.
— Беморларда шифохона синдроми қандай сабабларга кўра келиб чиқиши мумкин?
— Беморда шифохона синдроми юзага келишининг ўзига яраша сабаблари бор. Уларнинг асосийлари қуйидагилардир:
• сурункали касалликлар;
• узоқ муддат стационар даволаниш ёки тез-тез шифохонага тушиш;
• даволаниш маҳали уйдан ва ташқи дунёдан узилиб қолиш;
• руҳий касалликлар билан оғриш;
• яқинлар меҳрига тўймаслик ёки аксинча, ҳаддан зиёд ғамхўрликдан баҳраманд бўлиш;
• касаллик туфайли вафот этишдан қўрқиш, яъни турли фобиялар…
— Шифохона синдроми болада қандай салбий ўзгаришларни юзага келтиради? Бу пайтда қандай йўл тутиш керак?
— Агар 5-6 ёшли бола, дейлик, 2-3 йил мобайнида кўп маротаба шифохонага тушган ва у ерда бир неча ҳафталаб ётган бўлса, нафақат жисмоний, балки тенгқурларига нисбатан ақлий ривожланишдан ҳам ортда қола бошлайди.
Бунинг сабаби шубҳасиз, бола уй, маҳалла-кўй, боғча ёки мактаб муҳитидан анча узоқлашганлигидир. Ҳатто шифохонага тарбиячи ўқитувчи чақирилиб, таълим-тарбия берилганда ҳам кўзланган натижага эришиш мушкул. Чунки бола узоқ муддат даволангани боис “мен хастаман” деган фикр миясига ўрнашиб қолади ва ҳар бир вазиятга бемор кўзи билан қарайди.
Тиббиёт ходимлари, шунингдек, ота-она керагидан ортиқча меҳр кўрсатиши туфайли болада худбинлик ривожланиши ҳам мумкин. Ёки аксинча, унга етарли даражада эътибор берилмаса, ён-атрофдагиларга нисбатан адоват ҳисси шаклланиши ҳеч гап эмас. Демак, бу вазиятда болага ғамхўрлик кўрсатишда меъёрни топа олиш муҳим.
–Шифохона синдроми катталарда қандай намоён бўлади? Ундан қутулиш учун нималар қилиш керак?
— Меланхолик феъл-атворли кишилар шифохона синдромига кўпроқ мойил бўлиши бир неча бор тадқиқ қилинди.
Шифохона синдроми катталарда турлича намоён бўлади. Тиббий масканда узоқ муддат даволаниш туфайли у ердаги шарт-шароит кишининг ҳаёт тарзига айлана боради. Баъзи беморларни ҳатто қандай дори-дармон қабул қилаётгани, ташхис натижаси, даволаш самараси ҳам қизиқтирмай қўяди.
Улар, одатда, шикоят қилмайди, тиббиёт ходимлари билан дўстлашиб, мавжуд шароитга кўникишади. Оиладагилар билан эса чиқишмай қўйишади. Шу боис, бутунлай тузалгач ҳам кўп ўтмай, турли баҳоналар билан шифохонага қайтишга уриниш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Фикр тарқоқлиги, хотира сусайиши, диққатни жамлай олмаслик каби ҳолатлар мазкур синдромга хосдир.
Шифохона синдроми, айниқса, руҳий касаллик билан оғриган беморлар орасида кенг тарқалган. Одатда, улар руҳий касалликлар стационарида бир неча ойлаб ётгач, руҳиятдаги бўшлиқ ўрнини юқорида қайд этилган ҳолатлар билан тўлдиради.
— Шифохона синдромининг даво чоралари қандай?
— Авваламбор, беморни самарали даволаш ва шифохонадан сўнг реабилитация ёки соғломлаштириш марказларига юбориш зарур. Бу борада психореабилитация беқиёс аҳамият касб этади.
Энг муҳими, бемор тиббий масканда ётиб даволаниш маҳали оила ва ижтимоий ҳаётдан узилиб қолмаслигини таъминлаш зарур. Шифохоналарда мусиқа терапия, даволаш гимнастикаси тадбирларини, физиотерапевтик муолажалар, психотерапия ва спорт ўйинлари ўтказиб туриш жоиз.
Узоқ муддат даволанадиган беморларда мазкур синдром пайдо бўлмаслиги учун уларни фақат дори-дармонга боғлаб қўймаслик муҳим аҳамият касб этади.