Дунёни ваҳимага солган янги коронавирус барча мамлакатлар олимларини COVID-19 га қарши вакцина устида бош қотиришга мажбур қилди. Чунки хавфли инфекциядан сақланишнинг энг самарали усули вакцинация дейилмоқда.
Айни пайтда кўпчилик мамлакатларда жамоавий иммунитет ҳосил қилиш учун эмлаш жараёнлари бошлаб юборилган. Аммо мавсумий иммунитетгагина ёрдам берадиган (бир умрлик эмас) коронавирусга қарши вакцина билан эмлаш жараёнини интенсив тартибга солиш ҳақида етарли ўйлаб кўрилмаяпти. Масалан, барчадан олдин коронавирусга қарши вакцинани рўйхатдан ўтказган Россия Федерациясида бугун аҳолини эмлаш жараёни жуда суст кечмоқда. Хусусан вакцина рўйхатга олинганига қарийб бир йил бўлган бўлса-да, мамлакатда 18,5 миллиондан ортиқ киши эндигина битта дозани олгани айтилмоқда. Бу аҳолининг бор йўғи 12%ини ташкил этади.
Шу ўринда Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада ва Хитой аҳолининг 40%идан ортиғини камида бир доза вакцина билан эмлашга эришган. Исроилда эса бугунгача 70 фоиз аҳоли аллақачон эмлаб бўлингани айтилмоқда (!) Яхудийлар ҳар борада пухта амалиётлари билан дунёга ўрнак бўлиб келган. Агар вакцина коронавирусданда хавфли бўлганида улар миллатни хавф остига қўйишмаган бўларди.
Аҳолининг зарур фоизи қачон эмланади?
Ўзбекистонда пандемия даврида коронавируснинг илк тўлқинлари кўп талофатсиз, айтилишича муваффақиятли “бостирил”ган бўлсада бизда ҳам вакцинация ишлари суст олиб бориляпти. Юртимизга ҳар хил вакциналар олиб келинган, улардан бирини ихтиёрий танлаш имконияти бор, аммо ҳамон эмлаш суръати паст. Мана оқибатда вирус юқтирганлар сони яна ошиб бораётир. Бу кетишда аҳолини эмлашга кетган қанча сарф-харажатлар исроф бўлади. Бугун айрим тоифа кишиларгина вакцина олган. Аҳолининг асосий қисми эмланиш ҳақида ҳатто ўйламаяпти. Афсуски бунақада эпидемия занжирини узолмаймиз.
Фуқароларни эмлашга жалб этиш учун таъсирли тарғибот чораларини амалга оширишга ҳам етарли эътибор берилмаяпти. ССВ ахборот хизмати эса ҳамон касалланганлар ҳамда вафот этганларни санаб беришдан нарига ўтмаяпти. Аммо бу маълумотларнинг аниқлигига ҳеч кимда кафолат йўқ. Республикадаги 2020 йилдаги жами ўлим статистикаси ва унинг 2019 йил ҳамда ундан олдинги йиллардаги умумий ўлим статистикаси билан солиштирсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.
2021 йил бошида эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда бир йил ичида жами 175,6 минг киши вафот этган. Хусусан бир йил аввалгига қараганда 21 мингта кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилган. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотида қайд этилган ўлим ҳолатларининг 60 фоизига қон айланиш тизими касалликлари сабаб бўлгани айтилган. Яна 8 фоизига ўсимталар, 7 фоиздан сал ортиқроғига эса, нафас олиш аъзолари касалликлари асосий омил сифатида тилга олинган.
Маълум бўлишича энг кўп ўлим ҳолатлари пойтахт ҳисобига тўғри келган. Ўзбекистонда ҳам ўтган йил глобал коронавирус пандемияси фонида кечганини ҳисобга оладиган бўлсак, одатдаги ўлим статистикаси бир йилда 21 мингта ошишига вафот этганларнинг аксарияти коронавирус хасталиги ва унинг асоратларидан ўлганлигини англаш қийин эмас.
Шу ерда коронавирусдан вафот этганлар сони аниқ айтиляптими, статистик маълумотларни аниқлашда хатога йўл қўйилмаяптими, деган ҳақли савол туғилади. Тўғри, аниқ рақамларни яшириш туристик салоҳиятга эга, йирик фестивалларни режалаштирган мамлакат имиджини сақлаб қолиш учун жуда муҳим, бироқ юртдошларимиз хавфсизлиги учун эса…
Олимлар кафолат беришича CОVID-19 вакциналари инактивлаштирилган, яъни вируснинг маълум бир штамми асосида таёрланган ўлик вакциналар ҳисобланади. Яъни улар бевосита касаллик чақирмайди аммо инсон танасида антителаларни пайдо қилиб, касалликнинг турли штаммларидан асрайди. Дастлабки маълумотларга кўра уларнинг самараси 50-70 фоиз деб эълон қилинган. Шундай бўлсада, кўпчилик юртдошларимиз вакцина билан эмланиш борасида бир қарорга келишолмаяпти. Бунинг сабаби нима? Балки бунга сабаб ижтимоий тармоқлар ва сайтларда вакциналарнинг ножўя таъсири ҳақида салбий фикрлар кўп тарқатилаётганидир?Балки эмлаш интенсивлиги ва шартлари нотўғри ташкил қилингандир ёки тарғибот ва тушунтириш ишлари суст олиб борилаётганидир…
Эмлашдан мақсад нима?
Хўш, эмлашдан асосий мақсад нима? Пандемияга сабаб бўлган вирус кенг тарқалишига қарши аҳоли орасида жамоавий иммунитет ҳосил қилишми? Унда нега 35 млн аҳолиси бўлган мамлакатда эмлаш бунчалик суст олиб борилмоқда? Ахир камида 70 фоиз аҳоли эмлансагина жамоавий иммунитетга эришиш мумкин дейилган. Агар 70-80 фоиз аҳоли эмланмаса шунча қилинган ишлар бесамар кетмайдими?!
Биз биламизки, эмлаш жараёнини чўзиб ҳам бўлмайди. Негаки COVID-19`га қарши вакцина худди грипп вакцинаси каби 1 та мавсум учун амал қилади. Тўғрироғи эмланган фуқаролардаги иммунитет умрлик эмас, маълум муддат учун, кейинги йилга етмайди. Бизда эса вакцинация жараёни бошланганига салкам 3 ой бўлдию, ҳали аҳолининг 20 фоизи ҳам эмланмади.
Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг 55 фоиздан кўпроғини 30 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил қилади. Республикада уларни эмлаш ишларига ҳали деярли киришилмаган. (тиббиёт ходимлари, ўқитувчиларва журналистлардан ташқари). Бунақада йил охиригача ҳам 70-80 фоиз аҳолини эмлашга эришолмаймиз. Демак жамоавий иммунитет ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Хуллас биздаги жараён жамоавий иммунитет ҳосил қилиш учун эмас, очиғи турли вакциналарнинг таъсирини синаш учун кенг қамровли тажриба ўтказиш амалиётига ўхшаб қоляпти. Бу менинг фикрим. Агар мутахассисларда бошқа фикр бўлса, марҳамат изоҳлаб беришсин.
Манзура БЕКЖОНОВА