Инвестор, инвестор, деймиз, ўзи ундан нима наф кўрамиз?

Ўзбекистон жадал иқтисодий ўзгаришларни бошдан кечириб келмоқда. Ўз навбатида, халқаро ҳамжамиятда ҳам бизнес ва инвестициялар учун турли хил тўсиқларни бартараф этишда очиқлик, янгиланиш ва қатъиятлилик рамзларидан бири сифатида ўз қиёфасини намоён этмоқда. Шу жараёнда аҳоли ва маҳаллий тадбиркорлар орасида “Чет эллик инвесторлар бизга нима фойда беради?”, “Нега маҳаллий ишлаб чиқарувчига эмас, асосан хорижлик инвесторларга кенг шароит яратиляпти?” мазмунидаги саволлар кўп учрамоқда.

Ушбу мулоҳазаларга ва соҳага тегишли яна бир қатор саволларга Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати кўмагида мутахассислардан изоҳ олишга ҳаракат қилдик.

Вазирлик вакилларининг айтишича…

Вазирлик вакилларининг айтишича, хорижий инвестициялар мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини оширмоқда ҳамда келажакда ялпи ички маҳсулот ўсишига ижобий таъсир қилади. Бундан ташқари, сармоялар ўсиш ва барқарор ривожланиш учун жуда муҳим. Улар ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, иш ўринлари яратишга ва даромадларни оширишга ёрдам беради. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар қабул қилувчи мамлакатларга янгиликларни ва янада барқарор ишбилармонлик амалиётини олиб бориш пировардида фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш орқали қўшимча фойда келтиради.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 26 январда инвестициялар ва инвестиция фаолиятида долзарб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг амалга оширилиши, ушбу йўналишда тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар мавжуд эмаслиги сабабли ягона унификациялаштирилган “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун кучга кирганди. Унга кўра, чет эллик инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар ҳуқуқлари тенглаштирилган ҳамда инвестицион фаолият юритувчи тадбиркорларга бир хил имтиёзлар берилган.

Хорижий тадбиркорларга берилган ерлар қайтариб олинадими? 

— Ер давлат мулки – умуммиллий бойлик. Ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди. Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Ер участкалари юридик ва жисмоний шахсларга доимий ва муддатли (вақтинча) эгалик қилишга ҳамда улардан доимий ва муддатли (вақтинча) фойдаланишга берилиши мумкин.

Ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қишлоқ ва ўрмон хўжалиги юритиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса бошқа мақсадлар учун ҳам доимий эгалик қилишга берилади. Доимий ёки муддатли (вақтинча) фойдаланиш учун ер участкалари:

Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига;

саноат, транспорт ҳамда бошқа ноқишлоқ хўжалик корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга;

чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга берилади.

Ер участкаларидан муддатли фойдаланиш қисқа муддатли – уч йилгача ва узоқ муддатли – уч йилдан ўн йилгача бўлиши мумкин. Ишлаб чиқариш зарурияти тақозо этганда бу муддатлар тегишлича қисқа муддатли ёки узоқ муддатли вақтинча фойдаланиш муддатларидан ортиқ бўлмаган даврга узайтирилиши мумкин. Ер участкаларидан вақтинча фойдаланиш муддатларини узайтириш шу участкаларни берган органлар томонидан амалга оширилади.

Инвестиция шартномаси ёки давлат хусусий шериклик асосида қуйидагилар:

қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар ва лалми ерлар — Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарига;

ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерлари — жисмоний ва юридик шахсларга;

яйловлар, бўз ерлар, кўп йиллик дов-дарахтлар — Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, қишлоқ хўжалиги корхоналарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган инвесторларга уч йилдан кам бўлмаган ва қирқ тўққиз йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилиши мумкин.

Инвесторга қандай шартлар қўйилади?

— “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра, инвесторнинг бир қатор мажбуриятлари мавжуд. Солиқлар, тўловларни ўз вақтида тўлаш, шартнома мажбуриятларини бажариш, бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги сабабли инвестиция фаолияти иштирокчисига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаши керак. Шунингдек, қонун ҳужжатлари талабларига, жумладан рақобат, коррупцияга қарши курашиш, инвестициялар ва инвестиция фаолияти ҳамда меҳнат, шаҳарсозлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига ва техника хавфсизлик, санитария нормалари ва қоидаларига риоя этади. Энг асосийси ваколатли давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколатлари доирасида қўйиладиган талабларини бажариши шарт.

2016 йил 26 августда қабул қилинган “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга кўра тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этадиган корхоналар солиқ имтиёзларига эга бўлиш учун маълум шартларни бажариши лозим. Мисол учун, юртимизнинг барча шаҳарлари ва қишлоқ аҳоли пунктларида корхонани жойлаштириш (ер олиш), бундан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти мустасно. Бундай ҳудудий чеклов туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи корхоналарга ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишга татбиқ этилмайди. Корхонанинг устав капиталида хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 33 фоизни, акциядорлик жамиятларида эса камида 15 фоизни ташкил этиши лозим. Мазкур имтиёзларнинг қўлланилиши муддати давомида имтиёзлардан олинган даромаднинг камида 50 фоизи корхонани янада ривожлантириш мақсадида қайта инвестициялашга йўналтирилади.

Хорижий сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётининг қайси тармоқларига сармоя киритиши белгиланганми?    

— “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга кўра, бериладиган имтиёзлардан фойдаланиш учун хорижий сармоядорларга йигирмадан ортиқ иқтисодиёт тармоғида фаолият юритиши шарт.

1.Радио электрон саноати буюмлари ҳамда компьютер, ҳисоблаш техникаси бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш. 2. Енгил саноат.

3. Ипакчилик саноати.

4. Қурилиш материаллари саноати.

5. Парранда гўшти ва тухумни саноат миқёсида етиштириш.

6. Озиқ-овқат саноати.

7. Гўшт-сут саноати.

8.Балиқ ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда консервалаш.

9. Кимё саноати.

10. Нефть-кимё саноати.

11. Тиббиёт саноати, шунингдек ветеринария учун дори воситаларини ишлаб чиқариш.

12. Қадоқлаш материалларини ишлаб чиқариш.

13. Муқобил энергия манбалари негизида электр станциялари қуриш.

14. Кўмир саноати.

15. Ишлаб чиқаришга мўлжалланган электроферросплав ва металл буюмларни ишлаб чиқариш.

16. Машинасозлик ва металлга ишлов бериш.

17. Станоксозлик ва асбобсозлик саноати.

18. Шиша ва чинни-фаянс саноати.

19. Микробиология саноати.

20. Ўйинчоқлар ишлаб чиқариш.

21. Туризм.

22. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш.

Инвесторларга маҳсулотини жаҳон бозорида сотиш бўйича ҳам шартлар қўйиладими? 

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида экспорт салоҳиятини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқарган товарларини хорижий давлатларга экспорт қилиш учун қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 декабрдаги “Экспорт контрактларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан, “тадбиркорлик субъектлари экспорт контракти тузмасдан ва товарлар, ишлар (хизматлар) экспорти учун банк воситачилик ҳақи олинмасдан интернет тармоғидаги электрон савдо майдончалари воситасида товарлар, ишлар (хизматлар) экспортини амалга оширишга ҳақлидир. Фақатгина Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича айрим товарлар бундан мустасно”.

Манзура БЕКЖОНОВА

“Даракчи” газетаси 25 (1152) 24 ИЮНЬ 2021 Й

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: