Бугун – 2021 йил 1 июлда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ХТБ тасарруфидаги 33-умумий ўрта таълим мактабида «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик» шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ватанимиз келажаги бўлган ёшлар фаоллигини янада ошириш, уларни юртимизда ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан таништириш, ўқишга кирмоқчи бўлган ёшларга ОТМга кириш бўйича ва ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганларга бизнес юритиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатиш, фойдали маслаҳатларни бериш мақсадида ташкил этилди.
Давра суҳбати тарзида давом этган учрашувда Қуйи Чирчиқ туман прокурори Абдумалик Қўлдошев ҳамда Туман халқ таълими бўлими мудири Абдусамад Шодмоновлар мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари томонидан берилган саволларга жавоб беришди. Шунингдек, мактаб директори Марям Аъзамова ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулнора Бердиқулова ҳамроҳлигида мактабда ташкил этилган тўгараклар, маърифий ва спорт тадбирлари жараёнларини кузатишди.
Туман прокурори аввало ўқувчиларни юртимизда кенг нишонланган “Ёшлар куни” билан табриклади, шунингдек улар учун ўқиш ҳамда меҳнат фаолиятини олиб боришда яратилган имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Шу жумладан олий таълимда ўқиш даврида контракт тўлаш бўйича тақдим этиладиган кредитлар муддати узайтирилгани ҳамда фоиз ставкалари камайтирилганига тўхталиб ўтди.
–Олий таълимда ёшлар саводхонлигига, ОТМда ўқиш масалаларига алоҳида эътибор бериляпти, хусусан ўқишга кирувчилар учун бюджет ва контракт квоталари оширилган. Ёш китобхонлар учун танловлар эълон қилинган. Танлов ғолибларига 100, 200 миллион сўм миқдорида пул маблағлари тақдим этилмоқда. Ишлайман, оиламга ёрдам бераман дейдиган ёшлар учун ҳам ер ажратиб, тадбиркорликка кредит бериш бўйича қулайликлар яратилган. Демак ёшлар давлатимиз ва президентимиз томонидан тақдим этилаётган ана шундай имтиёзлардан унумли фойдаланиши керак, – деди Абдумалик Қўлдошев.
Туман халқ таълими бўлими мудири Абдусамад Шодмонов ҳам олий таълимда талабаларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган кредит имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтди.
–Ҳозир талаба ёшлар учун кредит борасида муҳим енгилликлар яратилган. Масалан оилада икки ва ундан кўп талаба ОТМда ўқиётган бўлса, контракт тўлаш учун олинган кредитни талаба ўқишни тугатиб, ишга кирганидан кейин ҳам тўласа бўлади.
Тадбирда мактабнинг “Шалола” иқтидорли ўқувчилар тўгараги аъзолари ўз ижод намуналаридан ўқиб беришди.