Маънавият илдизи қаерда?


Маънавият асли кенг қамровли тушунча. Инсон ўз-ўзидан маънавият эгаси бўлиб қолмаса керак. Инсон туғилиши ва то умрининг охиригача бўлган ҳар бир дақиқа маънавиятни шакллантиради, у эса йиллар давомида сайқал топиб бораверади.

Оиланинг тинчлиги, фаровонлиги, ота-онанинг ўзаро меҳру-муҳаббати, опа-укаларнинг аҳиллиги бир инсон қалбидаги илк маънавият дебочаси саналса, унинг ҳаётида боғча, мактаб, жамият маънавиятнинг кенг қулоч ёзишига хизмат қилади.

Маънавияти бой инсон экан, деймиз, баъзи инсонлар билан суҳбатлаша туриб. Қизиқ, уларни биз қандай фарқлаймиз? Менимча, қалбида ёвузлик уруғи ниш урган инсон ҳам юзида табассум, интеллекти юқори бир қиёфада қалбингизни сеҳрлаши ва сизда алдамчи таассуротлар уйғотиши мумкин. Йўқ! Маънавият бу кўринишда Сизу-бизни аврай олмайди. Маънавият негизи бошқа. Унда аввало, ватанпарварлик ғоялари тараннум этилади. Ватанни севган инсон эса ҳеч қачон маънавиятсиз бўла олмайди.
Болалар боғчаси машғулотлари жуда қизиқ. Уларда ҳаттоки, ҳуқуқий таълим ҳам мавжуд. Боғчадаги стулларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кераклиги, катталар ва кичикларга ҳурмату-иззат кўрсатиш лозимлиги, табиатни асраш шартлиги боғча опалар томонидан содда тилда бўлсада, ўргатилади. Мактаб, сўнг олийгоҳ бу тушунчаларни янада кенгроқ ва батафсилроқ тушунтиради, ўргатади. Буларнинг бари маънавиятни шакллантиришдаги қадамлар. Аммо доим ёдда сақлаш керакки, тарбиянинг асоси оила бўлгани каби, маънавиятнинг пойдевори ҳам оила қўрғонидир. Фарзанд тарбиялаётган ота-она фарзандига фақат билим бериш билан чегараланибгина қолмасдан, унга намуна бўлиши ҳам шарт. Китоб ўқи, дейиш осон. Аммо Сиз фарзандингиз олдида қайси китобни ўқигансиз? Тўғри, ҳозир китоб мутолаасига эътибор кучайиб, оилаларда китобга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Лекин жуда кўп оилаларда ота-она фарзандининг олдида ўзича ҳам китоб олиб ўқимаса керак. Бунга эса сабаблар кўп: иш, рўзғор, чарчоқ, хохиш йўқлиги ва ҳоказолар.

Китобларнинг ҳаммаси ҳам маънавиятга элтавермайди. Эртаклар оламида улғайган бола улғайгани сайин ўқишга иштаҳаси очилаверади. Шундай пайтларда ота-она болага китоб танлашда маслаҳатчи бўлса ҳам фойдадан ҳоли бўлмасди. Бунинг учун эса яна ўша гап: китоб билан дўстлашиш, диллашиш, яхши китоблар ҳақида маълумотларга эга бўлиш лозимдир.

Бир куни Чилпиққалъа археологик объектига саёҳатга борган 8 ёшлар чамасидаги болакайнинг отаси билан суҳбатлашиб қолдим. “Ўғлим экскурсияда анча нарса ўрганибди, назаримда улғайгандек ҳам. Ишхонамда бир суратни кўриб, тарихини гапириб берди. Фарзандларимни ҳали ёш деб бирор марта саёҳатга олиб бормаган эканман…»

Отанинг фикри ўзгарганидан бир қувонган бўлдиму, аммо орамизда на музей на бир маданият масканига бормайдиган болалар ва олиб бормайдиган ота-оналар борда. Тарихий масканлар маънавиятни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Инсон ўзлигини англайди. Буюк аждодларнинг авлодлари эканлигидан ғурурланади. Вақти келса, юртга муносиб фарзанд бўлиш учун интилади. От минган ҳайкал қошида ота ўз ўғлига “Сен ҳам кун келиб, Амир Темур каби қўрқмас ва енгилмас инсон бўласан. Юртни бошқарасан!” деса, бу болага қанчалар мотивация бериши мумкин ахир.

Юртимизда маънавиятни ўлдиришга хизмат қилаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Ҳозирги энг долзарб масалалардан бири миллат, тил келажаги бўлса керак. Ўзбек тили Ўзбекистон фуқаросининг она тили саналади. Ўзбек тили бошқа тиллар сингари давлат мақомига эга. Аммо ҳорижий ҳаётга интилиш оқибатиданми ёки маънавиятнинг бузилишими ўз она тилида сўзлашишдан кўра, ҳорижий тилда сўзлашиш урфга айланмоқда. Ижтимоий тармоқлар ўзбек-рус-инглиз тиллари қўшилган иборалар билан тўла. Шаҳарсозликда эса реклама бозори ҳам тилга катта талофат етказиб, тилга ҳурматсизлик келтиряпти.

Тўғри, замона зайли. Лекин маънавияти суст қалб учун замонавийлик оғирлик қилмасмикан? Телеэкранлардаги айрим кўрсатувлару, фильмлар, савиясиз қўшиқлар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлаверади. Фойдадан ҳоли эмас, инсонларга кайфият, завқ улашяпти… лекин тил масаласичи?..

Яна боғча тарбиясига қайтмоқчиман. Ижтимоий тармоқларда боғчаларда мақом тинглаш ва ўрганиш ҳақидаги гаплар анча шов-шувга сабаб бўлганди. Лекин буни тўғри қабул қилиш керак аслида. Боланинг тили чиққанидан сўнг, “Божалар”у, “Мароқанд”нинг турли тиллар аралашган қўшиқларини ёд оляптику, демак, у мақомни ҳам тинглай билади.

Аммо болага тўғри тушунтириш лозим. Мусиқа турлари, қайси бири ўзимизникию, қайси бир ҳорижий мусиқа эканлигини фарқлай олишни ўргатиш керак аслида. Болалик чоғларимизда, боғча опаларимиз амалиётида шуни кўрганман. Биз, ҳали кичик бўлсакда, Айвазовский денгизларни суратини чизганлигини, Шишкин эса пейзаж жанрида ижод этиши ҳақида тасаввурга эга бўлганмиз. Мақомни билиш ҳам болага сираям зиён қилмайди.

Сўнгги йилларда маънавиятни ошириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугун миллий қадриятларимиз ҳаёт тарзимизга қайта кела бошлади. Маънавият тарғиботчилари қишлоқма-қишлоқ, шаҳару туман оралаб, маънавиятнинг асл қиёфасини аҳоли орасига кенг намоён этмоқдалар.

Ватан ҳақида сўз боряпти, меҳру-муҳаббат, оқибат ҳақида фикрлар билдириляпти. Замирида эса маънавиятни сақлаб қолиш, маънавиятни янада бойитиб, келажак авлодга мерос қолдиришдек залворли вазифа мужассам. Зеро Ватан тинчлиги ва осойишталиги, жамият тараққий топиши ва узоқ асрлар давомида  мустаҳкам бўлиб қолиши маънавияти бут инсонларга боғлиқ.

Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: