Эксперт: Алишер АБДУЛЛАЕВ, биология фанлари доктори:
— Вакциналарнинг геномга таъсири 20 йилдан ошиқ ўрганилмоқда. Бугунги кундаги маълумотларга кўра, вакциналар геномга ўрнашмайди. Рекомбинант, м-РНК ва аденовирус вакциналари ДНКга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Вакцина дизайнини ишлаб чиқиш бўйича маълум талаблар мавжуд. Вакцинанинг ҳеч қандай элементи конструкциянинг ёки векторнинг инсон геномига интеграция қилишига ёрдам бермаслиги керак.
Олимлар препаратларни аввал ҳужайраларда, кейин ҳайвонларда синаб кўришади. Ҳар бир босқичда препарат бўлаклари геномга интеграциялашмаётгани текширилади. Доимий мониторинг ўтказилади. Тадқиқотлар мақолаларида биз инсон геномида эмлаш қолдиқлари ёки бўлаклари йўқлигини кўрамиз. Вакциналар шундай тузилганки, улар ҳужайрага киргандан сўнг керакли маҳсулотга айланади, сўнгра иммунитет тизими томонидан ҳужайра билан бирга йўқ қилинади ва танадан чиқарилади.
Аниқ бўлмаган маълумотларга асосланиб хулоса чиқариш мумкин эмас. Бу худди эмланганлар аварияларда вафот этади дейиш билан баробар. Тўлақонли тадқиқот олиб бориш зарур. Агар бир неча ўнлаб ёки юзлаб миллион одамлардан мингтаси қандайдир патологияга дучор бўлган бўлса, худди шу оқибатлардан эмланмаган қанча одам ҳалок бўлганига ҳам эътибор қаратиш керак.