Хуллас, тахтга чиқиш насиб этган ҳар уч хондан иккитаси ўз ажали билан эмас, сарой ўйинлари натижасида сиёсат қурбони бўлган.
Ана шу ҳукмдорлар орасида ўзининг қилган ишлари билан тарихдан ёрқин из қолдирганларидан бири Муҳаммад Раҳимхон биринчидир…
…У бошқа ҳукмдорлардан фарқли ўлароқ, табобат ҳамда мунажжимлик билан машғул бўлар, шунингдек, шахмат ўйинида доимо қўли баланд келарди. Араб ва форс тилларини билган тақводор ҳукмдорни шу боис халқ “охун хон” деб, элчи ва расмий доиралар эса Хива хони Муҳаммад Раҳимхон биринчи деб атарди….
У тахтга ўтирган 1806 йилда ичкилик ичишни тақиқлаб, ичган ва наша чеккан киши, ким бўлишидан қатъий назар, оғзидан қулоғигача кесилиши ҳақида фармон чиқариб, ижросини шахсан ўзи назорат қилди. Хон май ичиш, кўкнори чекиш наслни бузаётганини англаб, бу балои-офатнинг олдини олишга интилди.
Очиқ чеҳрали, кўзлари кичик, сарғиш соқолли хон жуда кам ухлар, қаерга борса, табаррук қадамжоларни зиёрат қилиб, кейин асосий мақсадга кўчарди. Муҳаммад Раҳимхон биринчи ўзига мурожаат қилган кишининг мансабию амалига, қайси сулоладанлигига, олийнасаб эканлигига эмас, ишига қараб баҳо берарди. У хонлик тарихида биринчи бор ўзи бошчилигидаги икки кишидан иборат олий кенгашга асос солди.
Кенгаш ҳар жума куни хон саройининг кўриниш хонасига чақирилиб, унда ўтган ҳафта давомида хонлик ҳудудида рўй берган воқеа-ҳодисалар муҳокама қилиниб, ташқи ва ички сиёсат борасида кенгашиб олинарди. Кенгашдан сўнг “охун хон” хоразмнинг тафаккурли олиму фузалолари, шоиру донишмандлари билан шариат ва илму адаб бўйича суҳбатлар ўтказар эди.
Муҳаммад Раҳимхон биринчининг тарих олдида қилган унутилмас ишларидан бири 1816 йилда дунёдаги энг ғаройиб тахтни ясатганидир. Ушбу тахт ёғочдан ишланган бўлиб, сирти юпқа кумуш билан қопланган ва унга исломий нақшлар ила жило берилган эди. Кейинчалик 1873 йилдаги Русия босқини даврида тахт Хивадан олиб кетилиб, Москвадаги қурол-аслаҳа палатасига қўйилади. Тахтни илмий жиҳатдан тадқиқ қилган рус олими В.Стасов шундай баҳо берганди: “Тахтнинг ҳамма жойи Ўрта Осиёдаги гул ва ўсимликларни ўзида намоён этувчи жуда чиройли нақшлар билан безатилган. Бу тахт Хива усталарининг маҳорат чўққиси, яъни металлга гул солиш санъатининг бетакрор маҳсулидир.
Тахтнинг орқа суянчиғи тепасига нақш ишланган бўлиб, унга араб алифбосида настаълиқ хатида ёзув битилган. Тахтдаги учбурчак нақшнинг рамзий маъноси дунёнинг абадийлиги, уч барги эса эзгу ғоя, эзгу фикр, эзгу ишни билдиради. Қолаверса, жамиятнинг асоси бўлган уч табақа — олимлар, деҳқонлар ва навкарларни англатган…”
Хон ҳазратларининг айнан ичкилик ва наша чекиш соғлиқ кушандаси эканлигини, наслни бузишини англаб, тақиқлагани ҳам айнан шундан. Соғлом бўлган барваста хонни ҳатто энг кучли от ҳам кўп вақт кўтариб юра олмаган. Хива хонлари тарихида ана шундай машҳур хон 20 йил давомида ҳукмдорлик қилиб, 1825 йилда вафот этган.