Ва АҚШда бокс афсоналари – собиқ мутлақ жаҳон чемпиони 54 ёшли Майк Тайсон ва 4та вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Рой Жонс ўртасида ўша кўргазмали бокс жанги бўлиб ўтди. Узоқ кутилган жанг дуранг натижа билан якунланди.
“Афсоналар жанги” деб ном олган жанг Лос-Анжелесдаги Staples Center аренасида бўлиб ўтди. WBC ушбу жанг ғолиби учун янги махсус камар Frontline Battle Heavyweight тайёрлаб қўйганди.
Ушбу беллашувда боксчиларнинг ёши катталигини ҳисобга олиб, 2 дақиқадан 8 раундлик жанг ташкиллаштирилган. Иккала боксчи ҳам жанг учун 10 млн. доллардан ҳақ олган.
Боксчилар жангнинг биринчи раундиданоқ бир-бири билан зарбалар алмаша бошлаган, бироқ улардан ҳеч бири иккинчисига жиддий зарба беролмаган. Иккинчи раунддан эса боксчилар асосан клинчга кира бошлашган.
Раундлар ўтган сари боксчиларнинг толиққани сезила бошлаган. “Темир” Майк ора-орада тезкор ҳужумлар уюштиришга, Жонс эса кўпроқ клинчга киришга ҳаракат қилган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, жангчилар ёшлари учун анча кескин ҳаракат қилишган.
Охир-оқибат иккала боксчи ҳам 8 раундлик жангни бошдан охиригача ўтишди, ҳакамлар эса дуранг натижани эълон қилди.
Унга кўра, Тайсон рақибини аниқ зарбалар бўйича ортда қолдирган. Майк йўллаган 193 зарбанинг 67 таси аниқ чиққан. Ройда эса 236 зарбанинг 37 таси аниқ борган. Кучли зарбалар борасида ҳам Тайсон, яққол устунликка эга бўлган. Жангдан кейин иккала боксчининг фикрлари эшитилди:
“Мен ҳакамларнинг қароридан рози эмасман. Тайсонни мағлуб этдим. Aлбатта, Майкнинг зарбаларини, айниқса танамга урганини ҳис қилдим, бироқ ўзимни яхшироқ ҳаракат қилдим, деб ўйлайман”, – деди Рой Жонс.
Табиийки, Майк ҳам ўзини ғолиб деб ҳисоблайди. Фақат у буни бошқачароқ айтди:
“Ўйлайманки, мен Жонсни мағлуб этдим, гарчи дурангга рози бўлсам ҳам. Нима учун? Мен томошабинларни хурсанд қилдим, мухлислар буни кўриб қувонди”.
Шунингдек, Тайсон бундай ўйинни яна такрорлашга тайёрлигини таъкидлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Тайсон ва Жонс ўртасидаги беллашув 2020 йилдаги энг яхши жанглардан бирига айланди.
Маълумот учун:
54 ёшли Тайсон учун ушбу жанг фаолиятидаги 59-жанг бўлди. Бунгача “қария” Майк 58та расмий жанг ўтказиб, улардан 50тасида қўли баланд келган. У ўз вақтида мутлақ жаҳон чемпиони, WBC, WBA, IBF, The Ring версиялари бўйича бир неча карра жаҳон чемпиони бўлган. У охирги жангини 2005 йил июнда Кевин Макбрайдга қарши ўтказиб, унга техник нокаут билан ютқазган.
51 ёшли Жонс ҳисобида эса бунгача 75 та жанг бўлган ва у улардан 66 тасида ғалаба қозонган, 9 тасида мағлубиятга учраган. У 4та – ўрта, супер ўрта, оғир ва ўта оғир вазн тоифасида чемпионлик камарларига эга дунёдаги ягона боксчи ҳисобланади. Жонс фаолиятини 2018 йилда ҳамюрти Скотт Сигмон устидан ғалаба билан якунлаган.
Майк Тайсон – Рой Жонс жангидан қанча даромад олинди?
Ушбу жанг ташкилотчиларга 50 миллион доллардан ортиқ даромад келтирди. Бу ММА жангчилари Ҳабиб Нурмагомедов ва Жастин Гейжи жангидаги 675 мингта пуллик трансляциядан тушган пулдан қарийб икки бараварга кўпроқ.
Америкалик боксчи Майк Тайсон 2021 йилда жангларда қатнашишини тасдиқлади. Бу ҳақда спортчи Instagram’даги жонли эфирида айтиб ўтди:
“Ҳаётим давомидаги энг яхши спорт формасидаман. Соғлиғимдан шикоятим йўқ ва мен ўзимни ажойиб ҳис қиляпман. Ҳар куни машғулот олиб бораман ва ҳаётимнинг ҳар бир дақиқасидан завқ оляпман. Ҳозирда ўзимда шиддатни ҳис қиляпман. Жанг маъбудлари мени уйғотиб юборди. Улар ичимда олов ёқди ва мен яна урушга киришни хоҳлайман. Фараз қилинг: агар мен яна рингга чиқиб, жанг қилсам, у ҳолда муҳтож одамлар ва ҳайвонларга ёрдам бера оламан. Мана шу менинг асосий мақсадим”.