Спорт фанатизмининг жаҳлдор қиёфаси

Бачканалик, бадфеъллик, ахлоқсизлик, беадабликни “фанат”лик ниқоби остида тарғиб қилишга, ҳақиқий ишқибозларни турли найранглар билан чалғитиш чек қўйиш керак.

Жамиятнинг ривожланганлик даражасини белгилайдиган мезон ҳисобланган маданиятнинг жисмоний тарбия соҳаси такомилига таъсирини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади. Сабаби дунё спорт майдонида ўз ғалабасини нишонлаётган спортчининг маънавий қиёфаси, дунёқараши, кўз-кўз қилаётган юрт одамларининг маданияти, ўзини тутиши, одобига қараб шу мамлакатга баҳо берилади. Аммо мухлислик маданияти ва уни шаклланишига хизмат қилувчи омиллар, шунчаки қизиқиш билан томошабинлик, мухлислик билан ишқибозлик, фанатлик билан кўр-кўрона эргашиш ўртасидаги тафовутлар, оммавий ахборот воситаларида мухлислик маданиятини тарғиб этишдаги муаммолар алоҳида ўрганилмаган.

Мухлислик маданияти бугунги кунда 209 мамлакат футбол федерацияларини бирлаштирган Халқаро футбол уюшмалари федерацияси – ФИФА олдида ҳам долзарб масала бўлиб турибди. Чунки футбол жаҳон бўйлаб кенг ривожлангани сари “фанатизм”, “расизм”, “футбол безорилари” каби салбий   иллатлар илдиз отаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Мухлислик маданияти кишилар риоя этадиган одоб-ахлоқ қоидалари, умуминсоний маданият асосларига суянади. “Ихлос қўйган”, “Ишонган”, “Инонган” маъноларини англатган мухлислик билан “фанатлик”ни бир маънода тушуниш мантиқан хато ҳисобланади. “Фанат” сўзи лотинчадан “кўр-кўрона ишонувчи”, “асабий” деган маъноларни билдиради.

Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида шундай ёзилган: фанатизм – (лотинча fanaticus – жуда асабийлашган)  мутаассиблик, кўчма маънода, бирон нарсага эҳтирос билан берилиш. Фанатизм учун мухлислик шунчаки бир ниқоб, мақсади – спортнинг жозибадорлигига путур етказиш, инсоний муносабатлар, миллатлараро тинчлик тотувликка рахна солиш, нотинчлик, уруш-жанжал, тўполон келтириб чиқариш, зўравонлик ва тажовузни кучайтириш, “оммавий маданият” ни тарғиб этиш, ўз тарафдорларини кўпайтириш.

Мухлисликда ўз жамоасини қўллаб-қувватлаш, унга хайрихоҳ бўлганларни йиғиб, турли шиорлар билан куч-ғайрат бағишлаш, ўйиннинг жозибадорлигини оширишга эришиш мақсади мужассамдир. Мухлислик маданияти фанатликдан фарқли равишда кишилик жамиятини тартибга келтиришга асосланган ҳуқуқий ҳужжатлар, ўзаро ҳурмат ва юксак маданиятнинг қоидалари, жисмоний тарбия ва спортнинг мавжуд қонун, қарор, фармон ва низомлари, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, сабр-тоқат, дўстлик, мардлик фазилатларини ўзида жамлаган халқимизнинг бой маданий-маърифий мероси ва қадриятларига суяниши шарт.

Бачканалик, бадфеъллик, ахлоқсизлик, беадабликни “фанат”лик ниқоби остида тарғиб қилишга чек қўйиш, ҳақиқий ишқибозларни турли найранглар билан чалғитиш, спортга, жумладан, футбол ўйинига бўлган қизиқишни сўндиришга қаратилган хатти-ҳаракатларни тақиқлаш борасида бир қатор қарор ва қўшма қарорлар, Соғлиқни сақлаш, Маданият, спортни ривожлантириш буйруқлари қабул қилинган. Дунё ҳамжамиятида томошабин, ишқибозларнинг хавфсизлигини таъминловчи, уларнинг хатти-ҳаракатини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар амалда қўлланилмоқда. Айрим давлатларда томошабиннинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳам ишлаб чиқилган. Ўйингоҳга келаётган ҳар бир мухлис, томошабин ёши, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар мазкур қоидаларга сўзсиз амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги 2013 йил 22 февралда “Футбол бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида” ги буйруғини қабул қилиб, мухлисларнинг ички-тартиб қоидаларга риоя этиш асосларини кўрсатиб берди. Буйруқ Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида” ги қонуни,  Вазирлар Маҳкамасининг  тегишли қарорига мувофиқ спорт мусобақаларини ўтказишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.

Халқнинг маънавияти қанчалик бой бўлса, унинг маданияти ва билим савияси шунчалик баланд бўлади. Чунки ҳар қайси миллат ё халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилайди.
Хўш, томошабин – мухлиснинг маданиятини яна қандай мезонлар белгилайди?
Халқаро спорт ҳуқуқининг умумий қоидаларида “Ҳаққоний ўйин – ғалабага йўл” кодекси мавжуд.

Спортдаги ахлоқ асосларини ўзида жамлаган мазкур ҳужжат 1985 йилда қабул қилинган. Унда ўсмир-ёшларни спортга жалб этиш, ҳаққоний ўйинларни ўтказиш асослари, кенг жамоатчилик орасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, кўникма ва малакани шакллантириш, жамоатчилик назорати баробарида маҳаллий ҳокимият вакилларининг масъулияти ўз таҳлилини топган. Ёзилишича, ҳалол, ҳаққоний ўйин жамоатчиликка, жумладан, томошабинга ўйингоҳга келган мухлисларга ижобий таъсир кўрсатади. Уларнинг руҳияти кўтарилади, кайфияти чоғ бўлади. Энг муҳими ўйиндан кейин савдо-сотиқ тизими катта даромад кўриши мумкин. Агар акси бўлса-чи?! Кутилмаган тартибсизлик, жанжал, тўполон юз бериши, улкан зарар кўрилиши мумкин. Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги меъёрий ҳужжатлар, халқаро кодекс, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  бир қатор чиқишлари, ҳукумат қарорлари, маънавиятга дахлдор бир қатор асарлар асосида хулоса қилиш мумкинки, асл мухлислик маданияти моҳиятига ватанпарварлик, юртсеварлик, жисмоний тарбия ва спортга, муайян бир жамоага содиқлик мужассам. Шу боис мамлакатларда ташкил этилаётган ҳақиқий мухлисларнинг “фан клублари” биринчи галда томошабинликнинг одоб-ахлоқ қоидаларини қабул қилади.

Сохта мухлисликда аввало муайян бир гуруҳнинг ғаразли манфаати, кўр-кўрона эргашиш, тартибсизлик, жанжал, тўполон асносида спортга бўлган меҳр-муҳаббатни нафратга айлантиришдек ғаразли ниятлар ётади. Томошабин ҳақиқий мухлисга айланиши учун маънавиятли бўлиши, умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиши, миллий қадриятларга садоқат билан қараши, ватанпарвар бўлиши шарт. Бунинг учун  уч мезон – маънавий мерос, маданий бойликлар ва кўҳна тарихий ёдгорликларни билиши, ўрганиши, қадрлаши даркор. Шундагина томошабинлик-мухлисликнинг оддий оломондан фарқи бўлади.

Дунё миқёсида спортчининг ахлоқини белгиловчи кодекснинг қабул қилиниши, ҳар бир мамлакатда ўзига хос тарзда мухлисликнинг қонун-қоидаларини белгиланиши, тартиблар мажмуасига риоя этилишида айни шу оломонликка барҳам бериш, сохта, кўр-кўрона эргашиладиган “фанат”ликка чек қўйиш, жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқиш ва иштиёқни кучайтириш, ўсиб келаётган авлодни спортга ошно этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишдек улуғ, залворли мақсадлар мужассам.

Нодир Ғаффоров, 
ЎзДЖТСУ  

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: