Мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 7 сентябрдаги “Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳам соҳада янги йўналишларни белгилаб бермоқда.
Давлат экологик экспертизаси нима?
Давлат экологик экспертизаси — мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини ва экологик экспертиза объектини реализация қилиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслигини аниқлаш мақсадида ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан ўтказиладиган экологик экспертиза тури бўлиб, прогноз қилинаётган хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилишгача бўлган босқичда ушбу фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини, атроф табиий муҳитнинг ҳолатига ва фуқаролар соғлиғига салбий таъсир кўрсатаётган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган мўлжалланаётган ва амалга оширилаётган хўжалик ҳамда бошқа фаолиятнинг экологик хавфлилик даражасини, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича назарда тутилаётган тадбирларнинг етарлилиги ва асослилигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
Энди қандай янгиликлар бўлади?
Бугунги кунга қадар амалдаги давлат экологик экспертизаси тўрт босқичда амалга оширилар, бу эса ўз навбатида, маълум муддатни, яъни вақт йўқотишни талаб қилар эди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан эндиликда давлат экологик экспертизасини ўтказиш билан боғлиқ янги нормалар белгиланди ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 2020 йил 1 октябрга қадар қўмитанинг веб-сайти орқали давлат экологик экспертизасидан ўтказишнинг электрон ҳужжат алмашинуви тизимини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, шу билан бирга, тизим ишга тушгандан сўнг ариза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларини ёзма равишда қабул қилишни тўхтатиш белгиланди. Айтиш лозим, ўтган вақт мобайнида Давлат экология қўмитасининг www.eco-service.uz веб-сайти орқали давлат экологик экспертизасидан ўтказишнинг электрон ҳужжат алмашинувининг ягона тизими ишга туширилди. Ягона тизимга ҳудудий давлат экологик экспертизаси маркази интеграция қилинди. Аризани тўлдириш механизми осонлаштиришга йўналтирилган дастурий ечимлар амалга оширилди. Буюртмачилар шахсий кабинетида тегишли йўриқномага амал қилиб, осон, қийинчиликсиз давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун аризани юбориши учун барча дастурий қулайликлар яратилди.
Шу билан бирга давлат экологик экспертизаси хулосаларининг холислиги
ва асосланганлигини таъминлаш, экспертиза органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш, уларга услубий раҳбарлик қилиш, экспертизани ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ва баҳсли масалаларни ҳал этиш учун доимий фаолият юритувчи экспертлар кенгашини ташкил этиш, шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб фаолият турларининг давлат экологик экспертизасини атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисидаги анкета асосида ўтказиш чораларини кўриш, шунингдек, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича материаллар ва экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган материаллар ва лойиҳалар сифатини баҳолаш ҳамда ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг рейтингини шакллантириш каби вазифалар амалга оширилмоқда.
Яна қандай янгиликлар бор?
Яна бир муҳим янгилик шундаки, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига мансуб мўлжалланаётган ва режалаштирилаётган фаолият турларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини аҳоли ва жамоатчилик орасида муҳокама қилиш учун жамоатчилик эшитувини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби белгилаб берилди.
Шунингдек, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодиёт тармоқларини жойлаштириш ва ривожлантириш концепциялари, схемаларининг лойиҳалари, 50 минг нафардан ортиқ киши истиқомат қилиши лойиҳалаштирилаётган объектлар учун шаҳарсозлик ҳужжатлари, ҳудудларга кейинчалик муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, фавқулодда экологик вазият ва экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида уларни комплекс ўрганиш материаллари давлат экологик экспертизасидан ўтказилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида ҳақ белгиланмоқда. (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги “Давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорда 70 баравари миқдорида эди).
Техника, технологиялар, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар лойиҳалари давлат экологик экспертизасидан ўтказилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида ҳақ белгиланади (Вазирлар Маҳкамасининг аввалги қарорида 30 баравари миқдорида эди).
50 минг ва ундан кам аҳоли истиқомат қилиши лойиҳалаштирилаётган объектлар учун шаҳарсозлик ҳужжатларини давлат экологик экспертизасидан ўтказганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида ҳақ белгиланмоқда (Вазирлар Маҳкамасининг аввалги қарорда 20 баравари миқдорида).
Давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун 30 календарь кун мобайнида ҳақ тўланмаган тақдирда (аввал 90 календарь куни), Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмаси давлат экологик экспертизасини ўтказишга тақдим этилган материалларни буюртмачига қайтаради.
Фаолият турлари бўйича ҳам янгиликлар бор
Давлат экологик экспертизаси амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхати қайта кўриб чиқилд.Рўйхатда жами 139 та фаолият тури мавжуд бўлган бўлса, эндиликда уларнинг сони 5 тага кўпайиб, жами бўлиб 143 та фаолият тури давлат экологик экспертизасидан ўтказиладиган бўлди.
Шу жумладан, I тоифали объектлар бўйича мавжуд 37 та фаолият тури 34 тага ўзгарди:
Рўйхатнинг 5 бандида кўрсатилган фаолият тури (Нефть ва газ қудуқларини қазиш ва жиҳозлаш) 13-бандда кўрсатилган фаолият турига (Ёқилғи ресурсларини (нефть, газ, кўмир ва бошқалар) қидириш, разведка қилиш ва қазиб олиш) ўхшашлиги ва атроф-муҳитга таъсири деярли бир ҳил бўлганилиги сабабли, таҳририй ўзгартиришлар билан бирлаштирилди.
Чиқинди ёқиш ва қайта ишлаш заводлари (20-банд) хамда Заҳарли чиқиндихоналарни рекультивация қилиш (33-банд) фаолият турлари хавфлилик даражасига кўра, чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари мос равишда табақалаштирилди ва қуйи тоифаларга тақсимланди.
II тоифали объектлар бўйича мавжуд 32 та фаолият тури 33 тага ўзгарди:
Биотехнологиялардан фойдаланувчи, шу жумладан, пиллани қайта ишловчи корхоналар (8-банд) ва Инерт газлар ишлаб чиқариш (22-банд) атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг III тоифасига кўчирилди.
Шу билан бирга қуйидаги фаолият турлари билан тўлдирилди:
— Туман ва шаҳар (Тошкент шаҳри бундан мустасно) аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўллари ва кўприклар;
— Биологик, радиоактив ва ёнувчи-портловчи моддалар билан ишловчи марказий лабораториялар (лаборатория фаолиятида фойдаланиладиган жиҳоз ва ускуналар бундан мустасно);
-Геофизик ва геологик тадқиқотларни сейсмик ва электр разведка қилиш ишлари.
III тоифали объектлар бўйича мавжуд 58 та фаолият тури 61 тага ўзгарди:
Шу билан бирга қуйидаги фаолият турлари билан тўлдирилди:
— Кимёвий моддалар билан маҳсулотларни ўрганиш марказий лабораториялар.
— Овчилик ва балиқчилик хўжаликлари.
— Ёввойи ҳайвонларни янги иқлимга мослаштириш ва дурагайлаш фаолияти.
— Инерт газлар ишлаб чиқариш корхоналари (шу жумладан, цехлари).
Қуйи тоифага ўзгартирилган ва тегишли таҳририй ўзгартириш киритилган фаолият турлари:
— Норуда фойдали қазилмаларни қайта ишлаш (фойдали қазилма конлари бундан мустасно) корхоналари;
— Кўмир ва кўмир брикетларини ишлаб чиқариш корхоналари ва сақлаш омборлари.
IV тоифали объектлар бўйича мавжуд 12 та фаолият тури 15 тага ўзгарди
ва қуйидаги фаолият турлари билан тўлдирилди:
— 50 тоннадан кам сиғимли совутгич қурилмаларига эга омборхоналар, озон қатламини бузувчи ва иссиқҳона газларини ҳосил қилувчи моддаларни тўлдириш устахоналари;
— Оптик толали ва бошқа кабелларни ўтказиш, мобиль алоқа учун елканли антеналарни ўрнатиш ишлари;
— 50 тадан кам савдо ўрнига эга бўлган бозорлар ва савдо марказлари.
Шу билан бирга, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси талабларига риоя этиш ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқий муҳофаза этиш мақсадида “Ушбу рўйхатга киритилмаган фаолият турлари давлат экология экспертизасидан ўтказилади, бунда мазкур фаолият турининг қайси тоифага мансублиги Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги экспертлар кенгаши томонидан тақдим этилган материаллар асосида ёки жойига чиқиб ўрганиш натижасида аниқланади” деган банд киритилди.
Янги муддатлар ҳам аниқ белгиланди
Буюртмачи томонидан қайта ишлаб чиқилган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларини кўриб чиқиш муддатларида ҳам янгиликлар бор. Эндиликда қайта ишлаб чиқиб тақдим этилган ҳужжатлар – атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифа фаолият тури учун 10 кун, II тоифа объектлар 7 кун, III тоифа объектлар 5 кун ва IV тоифали объектлар учун 3 кун муддатда кўриб чиқилиши белгиланди.
Шу билан бирга янги норма сифатида лойиҳадаги камчиликларни бартараф этиб, тегишли ҳужжатларни электрон шаклда тўловсиз қайта тақдим этиш муддати 60 кун этиб белгиланди. 60 кун муддатдан кечиктириб тақдим этиладиган лойиҳа ҳужжатларини экологик экспертизадан ўтказиш учун буюртмачилар томонидан шартнома асосида тўловларни амалга оширишлари лозим бўлади.
Умуман олганда, ушбу ҳужжат ижросидан келиб чиқиб Давлат экология қўмитаси томонидан эндиликда атроф муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш, давлат экологик экспертизасини ўтказишда Интернет жаҳон ахборот тармоғи имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ижросидан келиб чиққан ҳолда ҳаётга татбиқ этилаётган мазкур ҳужжат атроф муҳитга таъсирни баҳолаш юзасидан давлат экологик экспертизасини ўтказиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир муҳим қарорларни қабул қилишда шаффофликни таъминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб қилиш каби мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятлидир.
Достон САЪДУЛЛАЕВ,
“Давлат экологик экспертизаси маркази” етакчи мутахассиси