Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташқил этилди.
Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари академик Акмал Саидов билан суҳбатлашдик.
— Акмал Холматович, кейинги вақтда ўзбекистонлик ҳамда хорижий экспертлар Янги Ўзбекистон ҳақида ўз фикрларини билдиришмоқда. Бу тушунча «Учинчи Ренессанс» ибораси билан уйғунлашиб кетмоқда. Шулар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтсангиз.
— Ушбу саволнинг жавоби мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ЎзЛиДеПнинг Х Съездида тақдим этилган «Янги Ўзбекистон стратегияси» номли китобида кенг ёритиб берилган. Бу китобда Юртбошимиз Янги Ўзбекистон пойдеворини қуриш тамойиллари ва “Учинчи Ренессанс” ҳамда миллий ривожланиш истиқболлари ҳақида сўз боради.
Таъкидлаш керакки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларини изчил амалга ошириш натижасида Янги Ўзбекистоннинг жадал қурилиши ва янги Уйғониш даври пойдеворининг шаклланиши натижасида Учинчи Ренессанс қайд этилган.
Республика раҳбари Янги Ўзбекистон биз учун давлат эканлигини таъкидлайди:
биринчидан, унинг асосий мақсади кўп миллатли халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашдир. Бу инсон омили қадрланувчи очиқ фуқаролик жамияти ва фуқаролар ҳақида қайғурадиган халқпарвар давлатдир;
иккинчидан, демократия, эркинлик, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро тан олинган меъёрларга мос ва хос тарзда ривожланаётган, халқаро ҳамжамиятлар билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик ришталарига таянадиган давлатдир.
Мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, “Учинчи Уйғониш даври”ни яратиш ғояси фавқулодда келиб чиққан эмас.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди қадимги даврда ва Ўрта асрларда иккита ренессанс даврига бешик бўлган.
- IX-XII асрлардаги Биринчи янгиланиш даври Шавкат Мирзиёев томонидан «маърифатпарвар» давр деб эътироф этади. Таниқли швейцар шарқшуноси, арабнавис Адам Мец томонидан бу давр «Мусулмон Ренессанси» даври дея қайд этилган.
Айнан шу даврда Шарқда донг таратган Маъмун академиясида таҳсил олган буюк олимлар, қомусий билимга эга аломаю файласуфлар яшаб ўтган.
Ўша даврда Муҳаммад Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний аниқ фанларнинг ривожланишига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшдилар. Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Бурхониддин Марғиноний, Абу Мансур Матуридий, Абу Бакр аш-Шоший, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа аждодларимиз дунёсида тан олинган буюк асарлар инсон тафаккури хазинасини ниҳоятда бойитди, ислом қонунчилигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
- XIV-XV асрлардаги иккинчи Уйғониш даври (Темурийлар даври)да Амир Темур яратган ва 27 давлатни бирлаштирган буюк империянинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бу даврда Амир Темур дунёнинг турли минтақаларидан келган олимлар, ёзувчилар, меъморлар ва ҳунармандларни Самарқандда тўплади ва фан, таълим ҳамда турли касблар ривожини рағбатлантирди.
Унинг набираси, буюк математик, астроном, маърифатпарвар шоир ва қомусий олим Мирзо Улуғбек энг муҳим расадхоналардан бирига асос солган, бой кутубхона қурдирган ва Самарқандда олимлар мактабини ташкил этган. Яқинда биз Улуғбек мадрасасининг 600 йиллигини кенг нишонладик.
Унинг бутун ҳаёти давомида яратган машҳур асари — юлдузлар солномаси «Зижи Улуғбек» (“Зижи-Курагоний”) бутун инсоният учун керакли асарга айланди. У мамлакатдаги олий таълим тизимини ривожлантириш ҳақида қайғурди, одамларни илмга чорлади, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг машҳур “Илмга интилиш ҳар бир мусулмон ва муслиманинг бурчидир” деган машҳур ҳадисини изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилди. Унинг ташаббуси билан мадрасада математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиёт каби ижтимоий, гуманитар, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш йўлга қўйилди.
Алишер Навоий, Али Қушчи, Салоҳиддин Мусо Ибн Маҳмуд (Қозизода) Румий, Муиниддин, Мансур Коший, Муҳаммад Биржандий, Камолиддин Беҳзод, Мирим Чалабий каби олиму алломалар мероси нафақат минтақамиз маънавий тараққиётида, балки жаҳон цивилизацияси тарихида ҳам муҳим роль ўйнаган.
Шарқнинг ҳар иккала Уйғониш даври ҳам буюк аждодларимизнинг илм-фан, маърифат, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик ҳақидаги олижаноб ғоялари билан суғорилган, умуман инсоният тарихида ноёб ҳодиса дея эътироф этилган.
Бу ҳақида сўз кетганда қадимги юнонлар ҳамда немис файласуфи Георг Вильгелм Фридрих Гегель “Шарқдан таралган ёруғлик” деган иборани қўллашган. Саъдий Шерозий: “Бутун инсоният бир бутун яхлитликни ташкил қилади. Кимки бировга тегинса, у мени ҳам туртган бўлади. Кимки кимнидир хафа қилса, мени ҳам хафа қилади” дея таъкидлаган. Инглиз шоири Жон Донн эса шундай ёзади: “Ҳеч ким оролга ўхшамайди, ҳар бир киши қитъанинг бир қисмидир”.
Шундай қилиб, Шарқ Уйғониш даврининг ютуқлари Ғарбий Европанинг алоҳида маданий ва интеллектуал ривожланиш даврига, хусусан, XIV-XVI асрлардаги Италия Уйғониш даврига бевосита таъсир кўрсатди. Бу, айниқса, чегарадош мамлакатлар: Кордова (Испания), Кавказ, Болқон ярим ороли учун айни муддао бўлди.
Европаликлар Шарқ олимларининг асарларини лотин, испан, иврит ёки тўғридан-тўғри араб тилига таржима қилиш орқали ўрганишган. Ва бу асарлар бизнинг давримизда, Ўзбекистон Мустақиллиги йилларида янада чуқурроқ маънога эга бўлдилар.
Иккита Шарқ Уйғониш даврининг бу улкан ютуқлари «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидаги 50 та янги китобда, видео лавҳаларда, тақдимотларда акс эттирилган. ЮНEСКО томонидан нашр этилган 6 жилдли «Марказий Осиё тамаддунлари тарихи» китоби ҳудудимизнинг бой тамаддунлари трихини ўрганишга бағишланган. Уни тайёрлашда ўзбек олимлари иштирок этган. Президентимиз мазкур китобни ўзбек тилига таржима қилиш ташаббусини илгари сурди.
Бугун биз Учинчи Уйғониш даври арафасида турибмиз. Агар Ўзбекистон Президенти томонидан сўнгги йилларда имзоланган таълим, илм-фан, маърифат ва маънавиятни ривожлантиришга оид қонунлар, фармонлар ва қарорларни, давлат дастурлари, илгари сурилган янги ташаббусларнинг моҳиятини чуқур ўргансак, Уйғониш даврининг кейинги маркази айнан Ўзбекистон бўлишига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
— Бутунжаҳон Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш жамияти ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқининг бой маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган ташаббусларидан келиб чиқиб, 2017 йилдан буён қатор давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда мунтазам равишда халқаро конгресслар ўтказиб келинмоқда.
Юқорида айтиб ўтилганидек айнан фан, таълим ва маданият мамлакатнинг Уйғониш даврига, жамият маънавиятини юксалтиришда, халқимизда, айниқса ёш авлод онгида ватанпарварлик туйғусини тарбиялашда асос бўлиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугунги кунда таълимга, маънавий, ахлоқий тамойилларга эътибор қаратиш, ёшларда билимга интилиш, ўз-ўзини такомиллаштириш зарурлигини сингдириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Халқлар фаровонлигининг калити бу маърифат ва таълимдир. Айнан улар одамларни яхшиликка, бағрикенгликка ва хайрли ишларга ундайди. Бу ёндашув давр талабидир.
Хусусан, булар Парижда рўйхатдан ўтган Бутунжаҳон жамияти ўз олдига қўйилган вазифалар бўлиб, унинг мақсадлари: Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган. Ҳозирда Бутунжаҳон жамияти ўз таркибида дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатларидан, хусусан Россия, АҚШ, Германия, Италия, Венгрия, Франция, Буюк Британия, Туркия, Япония, Албания, Австрия, Афғонистон, Қозоғистон, Греция, Исроил, Ҳиндистон, Иордания, Эрон, Хитой, Ливан, Мўғулистон, БАА, Нидерландия, Украина, Польша, Ўзбекистон ва бошқа 350 дан ортиқ олимлар, экспертлар ва юқори малакали тадқиқотчилар, тарихчилар, шарқшунослар ҳамда қуръоншуносларни бирлаштиради.
Ўтган йили Бутунжаҳон жамиятининг 2025 йилгача бўлган фаолияти йўл харитаси қабул қилинди. Унинг доирасида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш, Ўзбекистон ҳудудида яратилган ёки Ватанимиз билан бевосита алоқадор бўлган, лекин тақдирнинг иродаси билан хорижий давлатлар ҳудудида, чет эллардаги музейларда, кутубхоналарда ёки шахсий коллекцияларда сақланаётган маданий меросимиз тўғрисида маълумот тўплаш бўйича беқиёс ишлар олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан, мен Бутунжаҳон жамияти аъзоларига бу борада Ўзбекистонда ва чет элларда олиб борилаётган тадқиқотлар, турли илмий экспедициялар ва конференциялар, презентациялар, ташкиллаштирилаётган медиа -тадбирлар, медиа-маҳсулотлар, нашр қилинаётган китоб ва альбомлар учун миннатдорлик билдираман.
— Бутунжаҳон жамиятининг 2021 йилдаги фаолияти аҳамияти нимада?
— Қайд этиш керакки, Бутунжаҳон жамияти томонидан ташкиллаштирилаётган тадбирлар ҳамда конгресслар жараёнида кўрилаётган масалалар доираси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Диёримизда Ўзбекистон маданий мероси ҳафталикларини ташкил этиш анъанага айланди. Жорий йилги ҳафталик қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга бўлди.
Биринчи хусусият. Маданий мерос ҳафталиги мамлакатимизнинг учта вилоятида — Тошкент, Хива ва Нукусда ўтказилди.
Иккинчи хусусият. V Конгрессдан ташқари, қуйидагилар ҳам ташкил этилди:
Биринчидан, “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” номли Халқаро маданий форуми бўлиб ўтди.
Ушбу форум 2021 йил 15-16 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ЮНЕСКО халқаро ташкилоти билан биргаликда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Aссамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган. Ўзбекистон давлати раҳбарининг бу ташаббуси ЮНЕСКО халқаро ташкилоти бош директори Одри Aзуле томонидан қўллаб -қувватланди.
Нега айнан Хива танланди? Бунга камида 3 сабаб кўрсатишимиз мумкин.
Биринчи сабаб. Хива — Буюк Ипак йўлидаги энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, таълим, фан ва маданият маркази ҳамда минг йиллар давомида дунё тамаддуни бешиги ҳисобланган.
Иккинчи сабаб. Хиванинг Ичан қалъа шаҳри 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Учинчи сабаб. Халқаро Туркий ташкилоти (ТУРКСОЙ) Хива шаҳрини турк дунёсининг маданий пойтахти деб эълон қилган.
Иккинчидан, мамлакатимизда ноёб санъат дурдоналарининг тақдимотига бағишланган 10 га яқин кўргазма ташкил этилди, хусусан:
- Камолиддин Беҳзод миниатюралари” фотокўргазмаси;
- Ж. Усмоновнинг, “Aлишер Навоий шеъриятига асосланган тафаккур метафизикаси” номли рассомлик санъати ва мультимедия лойиҳаси кўргазмаси.
- Ўрта Осиё маданияти тадқиқотчиси, археолог Л. Баршевскийнинг “Ўзбекистоннинг 100 машҳур қўлёзмаси” мавзуидаги кўргазмаси;
- “Замонавий илм-фанда 3D технологиялар” кўргазмаси ва бошқалар.
Учинчидан, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” жамланмасига оид ўзбек санъати дурдоналарига бағишланган 50 та ноёб китоб-альбомни жаҳон ва маҳаллий тўпламларида тақдим этиш.
Шунингдек, 50 та китоб-альбомлар тўпламини диёримиздаги музейлар, галереялар, таълим муассасалари, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва консулликларига топшириш маросими ўтказилди.
Тўртинчидан, Нукус бахшичилик мактабида “Бахшилик санъатининг жаҳон маданияти тамаддуни (цивилизацияси)да тутган ўрни” халқаро илмий-назарий конференцияси, шунингдек, Нукус шаҳрида “Бахшилик санъати” халқаро фестивали ўтказилди.
Бешинчидан, Нукусда ЮНЕСКО шафеълигида “Aрхеология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Учинчи хусусият. V Халқаро Конгресс иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатни қабул қилишди.
Унда, хусусан, қуйидагилар қайд этилган.
Биринчидан, Шавкат Мирзиёев эълон қилган — Ўзбекистонда Учинчи Уйғониш даври (Ренессанс) ривожи учун шароит яратишга қаратилган миллий ғоя, аввало, пухта ўйланган маданий сиёсатга асослангани чуқур ҳурматга сазовор.
Миллий маданият соҳасидаги тизимли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистонда қадимий ёдгорликларни кенг миқёсда тиклаш ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, илмий ва маърифий ишлар янгича кучлар таъсирида тараққий этмоқда, халқ ижодиёти давлат даражасида қўллаб-қувватланмоқда, номоддий меросни асраб-авайлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистоннинг ушбу меросни асраб-авайлашга қаратилган сиёсати эътирофга сазовор. Сўнгги йилларда у кескин ўзгаришларга дуч келди, бу эса чинакамига улкан ва қудратли ҳаракатларни талаб қилди. Давлатимиз раҳбарининг аждодлар тажрибасини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш, уларнинг ютуқ ва муваффақиятларига ва эҳтиёткор муносабатда бўлиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳаммамиз учун намуна.
Учинчидан, ҳар йили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илмий кучларни бирлаштиришга қаратилган ноёб ташаббусларни илгари суради. 2021 йилда бу ғоя Тошкент, Хива ва Нукусда бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон маданий мероси — Янги Ренессанс асоси” Бутунжаҳон жамиятининг V Конгресси ҳамда “Марказий Осиё жаҳон тамаддуни (цивилизациялари) чорраҳасида” халқаро форумини бирлаштирган Маданий мерос ҳафталигини ўтказиш билан боғлиқ.
Тўртинчидан, Европа, Осиё ва Aмериканинг турли мамлакатларидан келган экспертлар Президентимизнинг бу борадаги ноёб ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш соҳасида иш олиб бораётган конгресснинг ҳар бир иштирокчиси Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан, хусусан, бронза асридан буён ривожланиб келаётган бой маданияти борлигининг гувоҳи бўлади. Бу — мамлакатимизнинг энг бой маънавий ва моддий мероси ҳисобланиб, жаҳон тамаддуни учун абадий қадрият ҳисобланади.
Бешинчидан, форум меросни тобора ўрганиш ва асраш жараёнини замонавий даражага олиб чиқадиган янги ғоя ва мақсадларга туртки берди. Бутунжаҳон жамияти Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чин дилдан интилади.
Умуман олганда, Бутунжаҳон конгресси иштирокчилари, уларнинг тажрибаси, кучи ва Ўзбекистоннинг маданий тикланишига ёрдам беришга бўлган иштиёқи республикада амалга оширилаётган ислоҳотларга, Янги Ренессанснинг яратилишига, халқнинг бахт ва фаровонлигига ҳисса қўшишига умид қиладилар.
Юлия САРИМСОҚОВА суҳбатлашди
Рус тилидан М.Бекжонова, Б.Ҳожимирзаева таржимаси