Ўзбекистон Кинематография агентлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Филиз Аҳмад буни ўз видеомурожаатида айтиб ўтган.
“Муҳташам юз йил” сериалидаги Нигор халфа образи билан танилган актриса Филиз Аҳмад кинофестивал доирасида Тошкентда бўлиши кутилмоқда.
Ўзининг Туркиядан юборган видеомурожаатида у “Барчага саломлар! Тез кунларда Тошкент халқаро кинофестивалида кўришамиз. Барчангизни кутиб қоламиз” дея таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, Филиз Аҳмад 1981 йили Македония Республикаси пойтахтида таваллуд топган. Босниядаги уруш ва нотинчликлар сабаб унинг оиласи Швецияга кўчиб ўтишга мажбур бўлади. Ушбу мамлакатда Филиз тиббиёт лицейига ўқишга киради ва тиббий таълим бўйича мутахассис бўлади.
Бир муддатдан сўнг ўзининг қадрдон Скопье шаҳрига қайтгач, Филиз ўз амакиси, машҳур театр арбоби бўлган Лутфи Сайфуллоҳ изидан бориб, санъат йўлини танлашга аҳд қилади. Нафис санъат академиясига ўқишга кирган Филиз Аҳмад 2003 йилгача мазкур академияда, кейинроқ Туркия театр консерваториясида ҳам таҳсилолади.
Маълумотларда келтирилишича, Филиз Аҳмад турк, македон, албан, швед, инглиз, серб тилларини мукаммал эгаллаган ҳамда оз бўлса-да болгар тилини билади.
«Муҳташам юз йил» турк сериали кўпчиликда қарама-қарши фикрлар уйғотгани рост. Бироқ бу сериалдаги роли Филизга мисли кўрилмаган шуҳрат келтирди, эндиликда бутун дунёда актрисанинг ўз мухлислари бор.