Диний экстремизм ва радикализм таҳдиди: бу жараёнда журналист позицияси қандай бўлиши керак?

“Сиёсат – алдов йўли билан одамларни бошқариш санъати” деган эди англиялик таниқли ёзувчи Исаак Дизраэли. Имкон қадар тафаккуримизни ўзимиз бошқаришимиз керак, акс ҳолда «пультни» бошқалар ўз қўлига олади.

Кейинги йилларда республикада диний экстремизмга қарши кураш масаласи ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса қўшни давлатларда содир бўлаётган нотинчлик ҳолатлари, терроризм хуружлари бу борада янада фаолроқ ва оқилона ҳаракат қилишни тақозо этади. Ҳозирда ҳатто жамиятимиз тараққиётида етакчи бўлган соҳаларда, хизмат қилаётган зиёли қатлам орасида ҳам динга кўр-кўрона ружу қўйиш, бу ҳам етмагандек атрофдагиларга нотўғри талқиндаги диний догмаларни сингдиришга уриниш ҳолатлари учраётгани ташвишланарли ҳолдир. Улар бу ҳаракатлари билан ҳамкасблари тафаккурини ўзгартириб, дунёвий тушунчаларнинг ўрнига ёт ақидалар шаклланишига, шунга мос янглиш ғоялар ОАВда эълон қилинишига ва онгини идора қилолмайдиган қатлам вакилларини чалғитишга эришишлари мумкин. Бу ҳолатнинг олди олинмаса тинч аҳолимиз бошига ҳам қора булутлар соя ташлаши ҳеч гап эмас.

Шу сабабдан бугунги кунда сиёсатшунослар ва терроризм, экстремизм мавзусини ёритувчи журналистлар ўртасида баҳс кетмоқда: қандай ҳолатлар экстремизм, фанатизм дейилади ва уларнинг диний, зўравонлик, сиёсий ва бошқа турлари жамиятда қандай намоён бўлмоқда? Уларга қарши янада самарали қандай чораларни қўллаш мумкин?

Экстремизм – жамиятдаги сиёсий муҳит барқарорлигини издан чиқаришга ҳаракат қилиш, мамлакатда конституциявий тизимни зўрлик билан ўзгартиришга, ҳукуматни қўлга олишга ва унинг ваколатларига эга бўлишга уриниш, миллий, ирқий, этник ва диний зиддиятлар авж олишига туртки бериш каби хатти-ҳаракатларнинг намоён бўлишида кўринади. Даромадларнинг пасайиши, аҳоли катта қисмининг турмуш шароитлари ёмонлашувига олиб келувчи иқтисодий ва ижтимоий инқироз, давлат бошида турган ҳукуматнинг заифлашуви ва обрўсизланиши, ислом динининг асосий қадриятларини тушунмаслик, миллий қадриятлар – тил ва маданиятнинг қадрсизланиши ва ҳоказолар экстремизмга олиб келувчи омиллар ҳисобланади. Кенг аудиторияга эга бўлган ва унинг онгига таъсир кўрсата оладиган журналистика мана шу сабабларнинг илдиз отиб, жамиятда норозиликлар уйғотишига эмас, аксинча йўқ бўлиб кетишига, тинчлик барқарорлигини сақлашга хизмат қилиши керак. Агар биз билиб-билмай, ҳар бир сўз ва матн моҳиятини ўзимиз англамай ОАВда, ижтимоий тармоқда чиқишлар қилаверсак, таҳрирга мантиқан чуқурроқ ёндашмасак, буларни тугатиш ўрнига авж олдиришга туртки берган бўламиз.

Ўзбекистонда экстремистик дунёқарашнинг ўсишига ҳудудларимиздаги мусулмон динига эътиқод қилувчи айрим аҳоли вакилларининг ислом динининг туб моҳияти ва инсонпарварлик таълимотидан бехабарлиги сабаб бўлмоқда. Шу жумладан, ўз тафаккурини бошқара олмаслик, турли фикр босимларига осонгина енгилиш ва манипуляцияга мойиллик ОАВда ўта кучли ташвиқот намуналари эълон қилинишига олиб келиши мумкин. Шу жумладан айни пайтда баъзи бир ўзидан блогер ясаган, тилига ортиқча эрк берувчи кимсалар, диний эътиқод эркинлигини дастак қилиб, кўпчиликнинг ишончини суиистеъмол қилишига, журналистика тартиб-интизомининг алифбосини ҳам билмай, жамият осойишталигини бузувчи хабарлар тарқатишга уринмоқдалар. Бунга кўз юмиб бўлмайди. Уларнинг эҳтиётсизлик қилиб ёки бирон манфаатни кўзлаб қўйган постлари каналдан-каналга, гуруҳдан-гуруҳга улашиб тарқатилиши ахборотга чанқоқ ва қизиққон ёшлар онгига зарарли таъсир қилади. Бу ҳақиқий эътиқоддан чалғитишга, мамлакатда тартибсизликлар авж олишига, раҳбар ва лидерларимизнинг обрўсизланишига, ҳукуматга қарши норозилик кайфиятига ҳам олиб келиши мумкин.

Ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам воқеа-ҳодисаларга радикал нуқтаи назардан қараб, экстремистик руҳда изоҳлар қолдирилиши интернетда фаол бўлган фуқароларимизни тўғри фикрлаш ва қарор қабул қилишда адаштириши мумкин. Аммо, афсуски, ҳозирги вақтда биз кўп ҳолларда сўз эркинлиги ва демократия тамойилларига кўра жим қолмоқдамиз. Тақиқлар йўқлиги ҳамма миясига келганини «валдираши» ёки ёзиши керак дегани эмас. Бу борадаги қонунчиликда жамият осойишталиги ва барқарорлигини бузувчи чегарадан чиқишлар учун жазо тайинланган. Аммо буни айрим уқмаган “ёзарманлар” цензура деб атамаслиги керак! Мамлакат фаровонлиги, юртимиздаги инсонларнинг бехавотир бўлиши ва тинчлик барқарорлиги бундай эркинликлардан муҳим.

Биз мавзу доирасидаги билим ва кўникмаларни Журналистларни қайта тайёрлаш фонди томонидан ташкиллаштириб келинаётган семинар-тренингларда ва онлайн вебинарларда батафсил ўрганиб келмоқдамиз. Журналистлар турли экстремистик хуружларга нисбатан қандай позицияда бўлиши кераклиги, радикаллашув ҳамда диний фанатизмнинг олдини олишда ўз фаолиятида қандай чораларни қўллаши ҳақида мутахассис ва экспертлар томонидан жуда батафсил маълумотлар берилган. Шу сабабли турли давраларда ва ўзаро суҳбатларда, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда қандай шаъмалар ва ташвиқотлар қилинаётганлигини ажрата оламиз. Аммо машғулотларда иштирок этмаганлар ҳам жуда кўп, биз ҳали ёш, шу билан бирга кўр-кўрона эътиқод қилаётган, диний экстремизм ғояларига тобе бўлаётган, ўзининг фикри бузилгани етмагандай, фанатлик нуқтаи назаридан бошқаларни ҳам дунёвий илмлар ўрнига диний ақидаларга даъват қилаётганлар ходимларга ўрни келганда босиқлик билан тушунтириб, тўғри маслаҳат беришимиз керак. Айниқса одамларга ўз фикрини ўтказадиган, изидан эргаштира оладиган инсонларни тўғри йўлга солиш ва диний фанатлашиш оқибатларини ўз материалларимизда ўқимишли тарзда тушунтириш бизнинг вазифамиздир.

Биргина мисол келтирайлик. Ҳаммизга маълум ҳозир ўзбек аёллари байрамларда ресторан ва кафеларда, ўз хонадонларида жамоавий ўтиришлар қилишади, “гап” ўйнашади ва ҳ.к. ана шундай йиғинлар жараёнида олдинги вақтларда ўқиган китоблари, фарзанд тарбияси, уларнинг қайси ўқишга киргани, ўзларининг орзулари ва бошқа мавзуларни муҳокама қилишарди. Ҳозир эса аксарият гапларнинг мавзуси эркакларнинг тўрт хотинга уйланиши, қандай қилиб таҳорат қилиш ва намоз ўқиш, кимнинг келини ҳижобга киргани ва бошқаларга бориб тақаляпти. Буларни туғилган кунлар ва бошқа давраларда гувоҳи бўлганим учун мисол қилиб келтирдим. Ҳайратланарлиси шундаки, бундай мавзуларда берилиб ваъзхонлик қилаётган аёлнинг фарзандлари ўша дамда кир-чир аҳволда кўча чангитиб юрган эди. Уларнинг онаси тарбия бериш у ёқда турсин, вақтида чўмилтириб, вақтида овқатлантиришига ҳам шубҳа қиласан киши. Бола тарбияси билан машғул оналар орасида доимий тарзда мана шундай муҳокамалар кўпаяверса жамиятнинг келажаги нима бўлади? Келажагимизни, ёш авлод маънавияти ва таълимини ким ўйлайди? Биз ҳам Афғонистон тушган аҳволга яқинлашиб қолмаймизми?..

Яна бир ҳолат ҳақида ҳамкасбим сўзлаб берди. Бир каналда қуйидаги мазмундаги постни ўқиб қолган аёл уни иш жамоасининг телеграм гуруҳида бўлишади:

“Самолётда бир ҳижобли аёл телефонида Қуръон ўқиб кетарди. Унинг ортида иккита ҳижобсиз дунёвий аёл ўтирибди. Улар атайин муслиманинг ғашига тегиш учун гап бошлашди:
— Мени Дубайга менежерликка таклиф қилишди. Бормадим. У ерда ҳижоб ўраган аёллар кўп экан. Ёқмади!
— Ҳааа. Мени эса юртимизни фалон жойига ишга таклиф қилишди. Илтимос ҳам қилишди. Бормадим!
— Нега?
— Ҳодималарнинг аксарияти ҳижобли экан. “Эскича” ҳам ўқиб ўтиришар экан. Менга ёқмайди ундайлар!
Шу пайт ҳалиги муслима аёл ортига ўгирилиб суҳбатга нуқта қўйди:
— Сизлар, яхшиси, Жаҳаннамга боринглар! У ерда ҳижобли муслималар бўлмайди”.

Пост эгаси “Дарҳақиқат, Аллоҳнинг амри ҳижобга қарши чиқаётганларнинг энг яхши жойи — Жаҳаннам!” дея ўз хулосасини ёзган. Буни тарқатган журналист қизга каттароқ ҳамкасби: “Бунақа даъватларни тарқатиш мумкин эмас, дунёвий мамлакатда яшаяпмиз, конституциямизда диний эътиқод эркинлиги ҳақида ёзилган, ҳар ким ўзи қарор қилади, ташвиқот қилиш яхши эмас”, деб тўғри маслаҳат берибди. Аммо ўша ёш мухбир устоз журналистга ақл ўргатишдан ҳам ўзини тўхтатолмапти.

Қачонки фарзанд ота-онани, шогирдлар устозни ўзи эргашган бетизгин диний ақидалар асосида «тарбиялашни» бошласа, бу фанатизмнинг яққол кўриниши деб ҳисоблайман.

Афсуски, анъанавий ислом қадриятлари ва диний экстремистик ғоялар ўртасида жиддий фарқ бўлишига қарамасдан аҳоли орасида иккинчисининг тарафдорлари кўпайиб бораётгани жуда ташвишланарлидир. Ва булар ўз-ўзидан бўлмаяпти. Ёт ғоя тарғиботчиларига нафақат ҳудудсиз интернетни ишғол қилишга, расмий ОАВга суқилиб кириб, сўз қудратидан фойдаланишга ва аҳолимизнинг онгини бузишга йўл қўймаслигимиз керак. Бу борада бизга аввало маънавиятимизни бойитиш таъсирчан журналистик воситалар кўмагида фикрга – фикр, ғояга – ғоя билан жавоб қайтаришимиз ёрдам беради.

Дарҳақиқат ноанъанавий диний конфессияларнинг фаолияти давлатимизнинг миллий хавсизлигига жиддий хавф солади. Афсуски, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда ОАВнинг диний экстремизм билан курашиш фаолиятида ҳозирча самара сезилмаяпти. Шунга қарамай, Ўзбекистон диний экстремизмга қарши курашда аниқ мақсадни ўз олдига қўйиб, ҳаракат қилмоқда. У радикал диний оқимларга қарши курашда Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб янги чораларни қўллади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида малакатда зўравон экстремизмга қарши одилона сиёсат олиб борилмоқда. Президент тавсиясига кўра ҳозир давлатимиз учун хавф туғдирмаётган айбланганлар “қора рўйхат”дан чиқарилди. Ҳатто собиқ экстремистларга кредитлар берилиб, тадбиркорлик қилишларига имконият яратилди. Бир неча йилдан буён Ички ишлар тизимида диний экстремизм ва терроризм ғояларининг тарғиб қилинишига қарши йўналтирилган Махсус антитеррор марказ фаолият олиб бормоқда. Бу марказ махсус рўйхатда турувчи шахслар, шунингдек террорчилик ташкилотлари таркибида бўлганлиги учун жазони ўтаб чиққанлар билан иш олиб боради.

Бундан ташқари экстремистик гуруҳларга қўшилиб, чет элларга чиқиб кетган кўпгина болали аёллар “Меҳр операцияси” кўмагида Ватанга қайтарилди. Булар ҳақида биз ҳам қатор мақолалар ёздик. Булардан кўриниб турибдики Ўзбекистон кечиримлилик йўлидан бормоқда. Тушунмаганларга тушунча берилади, огоҳлантирилади, тушунишни истамаганларга муайян қатъий чоралар кўрилади. Юртдошларимизнинг тинч ва фаровон турмушига раҳна солмоқчи бўлганлар, ОАВ обрўсига путур етказаётганлар, шу жумладан бузғунчи ташқи кучларнинг алдови ва хўрагига учиб, радикал экстремистик ташвиқотларни олиб бораётганлар ҳам барибир жазосини олади.

Ўзбекистон зўравон экстремизмга қарши курашда ЕХҲТ, БМТ каби халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан улар билан бирга қатор семинар ва конференциялар ташкил этилаётир. Уларда республика ҳудудларида фаолият олиб бораётган кўплаб журналистлар иштирок этмоқда. Келгусида шу тадбирларни яна изчил давом эттириб, уларга дин нималигини унча яхши тушунмай, бегона догма ва ақидаларга амал қилувчи, ҳатто билиб-билмай тарғибот қилишга уринаётганларни ҳам жалб қилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Ҳозирги вақтда сиёсатшунослар экстремизмни диний ва дунёвий турларга ажратиб ўрганмоқда. Уларнинг турли ҳудудий ва халқаро шакллари мавжуд. Шу ўринда дунёвий экстремизм ҳам сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий оқибатларга олиб келиши мумкин. Диний экстремизм эса фақат дин таркибида намоён бўлади ва диний ақидалар билан йўғрилгандир. Шу маънода экстремизм диний тамойилларни жамиятнинг кундалик ҳаётига жорий қилишдир, уларга амал қилишда аҳолига зўравонлик чораларини қўллашда кўзга ташланади. Диний экстремизмнинг асосий мақсади – диний ақидаларга мойил одамларни бошқариш йўли билан давлатни қўлга олиш, қадимги даврлардаги диний анъаналарни, бошқарув шаклини ва диний талабларга асосланган сиёсий тизимни ўрнатишдир.

Айни кунларда Қозоғистонда бўлиб ўтаётган воқеалар ҳар қандай одамни ҳам ҳавотирга солади. Негаки бу гаплар яқин қўшнимизнинг «уйи»да содир бўлмоқда. Бундан ташқари яқинда Афғонистонда юз берган тўс-тўполонлар, айбсиз халқнинг бошига тушган даҳшатларни ҳадик билан кузатдик… Булар ҳаммаси тирикчилик ғамида бўлган онги саёз тўданинг ташқи кучлар томонидан манипуляция қилиниши оқибатидир.

Парламент сайловларида қатнашган бир белоруссиялик сиёсатчи ўз интервьюсида: “Асосийси – мамлакатдаги сиёсий жараёнларнинг ким томонидан бошқарилиши. Сизларда бу ичкаридан бошқариляпти. Бу ерда эксперт сифатида қатнашиб, шунга амин бўлдик. Ташқаридан бошқарилиши жуда хавфли…” деган эди.

Сал аввал Қозоғистонда миллат тили устуворлигини талаб қилиб чиққан гуруҳнинг кўтарган низолари, энди эса ёнилғи нархини дастак қилиб, бошланган бу тўполонлар… Бу норозиликлар катта бир тўнтаришга қараб кетяпти. Аслида тил ҳам, нархлар ҳам бир баҳона. Бу “портлаш”га олиб келган сабаб аввалдан қайраб келинаётган зомбилар тўдасига қўзғалишга мавзу топиб, “старт” берилишидан бошқа ҳеч нарса эмас.

Бизда ҳам баъзи “ёзарман”лар тил софлигини, диний эътиқодни, ишсизлик ва бошқа ноқулай шароитларни дастак қилиб, оломон орасида изғиб юрибди. Яхшиям менталитетимиздаги андиша ва босиқлик устун бўлиб турибди. Шундай бир даврда журналист ва блогерлар ҳам ўз хатти-ҳаракати, ваколатини, сўз айтиш эркинликларини назорат қилсалар, фикрлари, ундовлари ва ҳатто ҳордиқ учун мўлжалланган бадиий матнларида ҳам ҳар бир сўзни ўринли ва эҳтиёткор қўлласалар, тутаётган “шоҳ-шаббага” бензин қуймасалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

“Сиёсат – алдов йўли билан одамларни бошқариш санъати” деган эди англиялик таниқли ёзувчи Исаак Дизраэли. Имкон қадар тафаккуримизни ўзимиз бошқаришимиз керак, акс ҳолда «пультни» бошқалар ўз қўлига олади.

Манзура БЕКЖОНОВА, журналист

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: