Қандай бўлмасин бу муаммони бартараф қилиш керак.
Тўғри, сотувда хурракка қарши ҳар хил воситалар бор. Бироқ уларни сотиб олишга шошилманг. Негаки улар баъзида фойдасиз бўлибгина қолмай, зарарли ҳамдир. Келинг, хуррак қандай келиб чиқади ва унга нима сабаб бўлиши ҳақида бир бошдан тушунтириб ўтамиз.
Шовқин қаердан чиқади?
Биз ухлаётганимизда танглайимиз ва оғзимиз деворлари нафас олиш чоғида қимирлайди ва бу товуш чиқишига сабаб бўлади. Бурун ёндош бўшлиқлари ва тил ҳам бу шовқинга ҳисса қўшиши мумкин. Бу шовқиннинг баландлиги паст хуштаксимон товушдан ўқтин-ўқтин кучли дўриллашгача бўлиши ва тун давомида ўзгариб туради.
Хурракнинг кўп учрайдиган сабабларидан бири халқум ва юқори нафас йўлларининг торайиши билан боғлиқ. Шунингдек, унинг пайдо бўлишига ирсий омил, кишининг ёши, дори-дармонлар ва ҳатто қандай ҳолатда ухлаш ҳам таъсир қилиши мумкин. Одатда одам чалқанча ётганида хуррак кучлироқ, ёнбоши билан ётганида сал секинроқ бўлади.
Айрим ҳолатларда бу муаммони бутунлай бартараф этиш ёки жуда бўлмаганда қамайтириш мумкин. Баъзида хуррак саломатликдаги жиддий муаммодан дарак беради.
Апное синдроми
Бу уйқу пайтида нафас тутилишига олиб келувчи аломат. Мазкур ҳолатда юқори нафас йўллари тўсилиши оқибатида уйқу чоғида нафас оқими тўхтаб қолади. Уйқу вақтида апноега тушадиган одамларнинг томоқ ва халқум оралиқлари соғлом одамларникига қараганда тор бўлиши аниқланган.
Апное – бу шундай ҳолатки, хуррак отиб ухлаётган одам 10 сониядан кўп вақтга нафас олишдан тўхтаб, жимиб қолади. Бу вақтда унинг ёнида бўлган киши уни тез уйғотгиси келади. Аммо бу фойдасиз – апное яна давом этаверади. Агар ўзингизда ёки жуфтингизда шу ҳол кузатилса, тезлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Агар саломатлик билан боғлиқ жиддий муаммо бўлмаса қуйидаги хурракка қарши воситалардан фойдалансангиз бўлади.
1. Жағ масламаси
Бу анчагина оммалашган восита бўлиб, хурракни тўхтатишга ёрдам беради. У тишларга кийилади ва пастки жағни тўғри ушлаб, нафас йўлини очиб туради. У юмшоқ силикон хомашёдан ясалган. Жағ учун мос ўлчамларини танласа бўлади.
2. Бош учун боғлов
Бу восита косметологиядаги юз ниқобига ўхшайди. Лекин юз парвариши учун мўлжалланган эмас, у жағ очилиб қолмаслиги учун хизмат қилади. Яъни жағни маҳкам ушлаб туради. Шу тариқа оғиздан нафас олинганда пайдо бўладиган хурракнинг олдини олади. Бу апное ҳолатидан ҳам сақлаши мумкин.
3. Бурун қисқич
Бу кичкинагина қисқич халқум мушакларининг ухлаганда нотўғри қимирлашининг олдини олади. Мушакларнинг титраши бизнинг ихтиёримиздан ташқари юз беради аммо бурун қисқич ёрдамида уни назорат қилиш мумкин.
4. Юз учун ниқоб
Бу ниқоб хуррак пайтида келиб чиқаётган тебранишларни бош суяги орқали илғаб олади. Кейин мушакларнинг қисилишини чақирувчи тебранишлар юборади. Шу тарзда нафас йўллари тўсилишидан асрайди.
5. Бурун пластирлари
Агар хуррак доимий бўлмаса, яъни фақат аллергия мавсумида ёки шамоллаганда безовта қилса, махсус бурун пластирларидан фойдаланиш мумкин. Улар бурун ёндош бўшлиқларини кенгайтириб, нафас олишни равонлаштиради. Бундай пластирларнинг айримлари доривор ўтлар билан тўйинтирилган. Ушбу пластирларни кундузи спорт билан шуғулланганда ҳам қўллаш мумкин. Негаки улар нафас олишни равонлаштириш билан бирга ўпкани шамоллатишни ҳам яхшилайди.
Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади.