У озодлик йўлида қурбон бўлган 15-16 яшар қиз эди. Санъатнинг сеҳрли олами олдида қўрқинчу ўлимни писанд этмаган ўзбек қизи. Саҳнада хиром айлашига ҳалал бераётган паранжию чачвонини оёқлари остига ташлаб, устида рақс тушган биринчи ўзбек раққосаси эди.
Нурхон Йўлдошхўжаева 1913 йилда Марғилон уъездига қарашли қишлоқлардан бирида дунёга келди. “Қамчисидан қон томадиган”, қаттиққўл отаси Йўлдошхўжа Салимхўжаев “оиланинг таъминотчиси эркак бўлиши шарт. Хотин-қизлар тўрт деворнинг мулки” деб ҳисоблайдиган инсон эди. Она эса у ҳали эсини танимай туриб оламдан ўтган.
Ўгай оналар қуршовидаги қизча келгусида катта санъаткор бўлишни орзу қиларди. Бироқ Нурхоннинг санъат йўлини танлашига оиласидаги муҳит ва ўша даврда аёлларга нисбатан нотўғри муносабатлар ғов бўлар, шунга қарамай журъатли қиз ўз сўзида туриб олганди.
Нурхон 15 ёшида Самарқанддаги катта опаси Бегимхонникига қочиб келади. Унинг ўзга иложи йўқ эди. Ўткир Ҳошимов “Икки эшик ораси” романида ёзганидек, “Одам қимматбаҳо нарсасини йўқотса ачинади. Туҳматга қолса бошини тоғу тошга уради. Қадри ерга урилса, исён кўтаради”. Нурхоннинг яқинларига исёни эди бу.
Нурхон Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигида концерт-этнографик ансамблида раққоса сифатида ижодий фаолиятини бошлайди. У ўзбек аёллари ичида илк бор саҳна томошаларида актрисалик қилади. Унга санъат дарғалари Муҳиддин Қориёқубов, поччаси Уста Олим Комилов ҳамда Тамарахоним устозлик қилишади.
1928 йил 8 март куни паранжи ташлаш тадбири бўлиб ўтади. Нурхон биринчилардан бўлиб, ўзини қаро чиммат зулми”дан озод этади.
Бу ҳолат дин уламоларининг қаҳр-ғазабини қаттиқ қўзғади. Натижада марғилонлик бир гуруҳ дин пешволари уни ўлимга ҳукм қилишни режалаштиришди. Қизни ўлдириш ўз отаси Йўлдошхўжа зиммасига юкланди. Ота бу вазифани бажаришни ўғли Нурхоннинг ўгай акаси — Солихўжага топширади.
Ўгай ака дастлаб синглисидан рақсга тушиб беришини сўрайди, кейин қўйнидан пичоқ чиқарадида, унинг танасига бир неча бор тиғ уради. Озодлик йўлида қурбон бўлган қизнинг ёши 16 да эди ўшанда.
2 июль куни Марғилон шаҳар марказидаги майдонда Нурхоннинг дафн маросими ўтказилади. Маросим жаҳолатга қарши катта митингга айланди. Нурхоннинг аянчли тақдирига жавобан марғилонлик хотин-қизлар паранжиларини гулханга отдилар.
Ёш қизнинг номини, озодликка чиқиш йўлида кўрсатган жасоратини абадийлаштириш мақсадида 1968 йилда Марғилон шаҳридаги маданият уйи олдига Нурхон ҳайкали ўрнатилди. Ҳайкални ҳайкалтарош Валентин Клебантсов ишлаганди.
Ҳа, халқ ўз қаҳрамонларини унутишга асло ҳаққи йўқ. Зеро бу ёруғ кунларда уларнинг улуши бор. “Ҳуррият бой берилмас. Ҳеч нарса ила олиб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олиб бўлур” деганда ўзбек зиёлиси Мунавварқори Абдурашидхонов жуда ҳақ эди. Нурхон қизнинг жасорати эса аёлларнинг жамиятга қўшилиши, фаоллиги ва ижтимоий лаёқати ошишига замин бўлди.
Гўзал ОҲУНОВА