Фото: Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси
Навоий шаҳрида йўл-патруль хизмати ходимига бермоқчи бўлган порасини ютиб юборган қонунбузарга чора кўрилди. Буҳақда Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.Навоий шаҳар ҳудудида назорат олиб бораётган ЙПХ инспектори сафдор Зафар Муҳаммадов Қарнаб—Навоий йўналишида ҳаракатланиб келаётган Nexia-1 автомашинасини ҳайдовчи хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан келаётгани сабабли тўхтатган.Ҳужжатлари текширилганда тошкентлик ҳайдовчи М.А давлат рақами белгисини ўзгартиргани аниқланган. ЙПХ ходими тегишли тартибда ҳужжат расмийлаштириб, автомашинани жарима майдонига олиб борган. Қоидабузар фуқаро М.А эса ЙПХ инспекторига машинасини қайтариб бериш эвазига 1 миллион сўм пора таклиф қилган.
М.А ходимнинг бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамай, таклифини тўхтатмаган. Шундан сўнг сафдор Муҳаммадов вилоят ИИБ бошлиғи номига ўз билдиргиси билан мурожаат этган. Эртаси куни фуқаро ЙПХ инспектори билан учрашиб 100 долларни унга берган. У ҳолатни ўрганиш учун келган ходимларни пайқаган заҳоти пулни олиб ютиб юборган.
Тиббиёт ходимлари эндоскопик текширув ўтказиб, ҳайловчининг ошқозонидаги 100 долларни олишган. Натижада ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Эътибор қилинг, ҳамма ютиб юборилган долларга диққат қаратяпти. Ҳайдовчи нега автомашина рақамини ўзгартирганига ҳеч ким аҳамият бермаяпти…
Ҳайдовчи машина рақамини нега ўзгартиргани суриштириладими, балки у хавфли жиноятчидир?..