Тошкент шаҳрида Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишга қаратилган халқаро лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш юзасидан маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси, Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Инвестициялар ва ташқи савдо, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси масъул ходимлари, шунингдек, Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази (CIPE), Бирдамлик маркази (Solidarity Center) халқаро ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Пахта саноатида шаффофликни таъминлашга қаратилган ушбу пилот лойиҳа икки йилга мўлжалланган. У Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази (CIPE), Бирдамлик маркази (Solidarity Center) халқаро ташкилоти кўмагида Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида пахта-тўқимачилик кластерларида халқаро меҳнат стандартлари ва корпоратив бошқарув нормалари тўлиқ татбиқ қилиниб, пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнларида муносиб меҳнат шароитини яратиш бўйича ўзига хос модел яратилади.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳаси ислоҳ қилиниб, пахтачиликда кластер усулига ўтилди. Бунинг натижасида жуда қисқа вақт ичида пахта етиштиришда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига буткул барҳам берилди, — дейди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. — Ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида ишлаб чиқаришнинг барча бўғинларида ишчиларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу эса халқаро доирада ҳам юксак эътироф этиляпти. Яқинда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингани бунга бир мисолдир. Соҳада шаффофлик ва ҳисобдорликни оширишга қаратилган лойиҳа ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давом бўлади.
Лойиҳа учун 2-3 та кластер танлаб олинади. Улар фаолияти мисолида учта муҳим натижага эришилиши кутиляпти. Яъни булар — пахта-тўқимачилик кластерлари ишлаб чиқариш занжирларида ишчиларнинг жамоавий фикри мустаҳкамланиши, халқаро меҳнат стандартлари ва корпоратив бошқарув меъёрларига риоя этилиши, шаффоф бозор ва бошқарув нормаларини таъминлашдир.
— Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда пахта етиштиришда меҳнат шароитларини яхшилаш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишдир, — дейди Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази (CIPE)нинг Европа ва Евроосиё бўйича минтақавий директори Наталья Отель Белан. — Шу маънода, у соҳага инвестицияларни жалб қилишда энг қисқа йўл вазифасини ўташи мумкин. Чунки бизнинг икки йиллик ўрганишларимиз асосида эълон қилинадиган таҳлил ва хулосаларимиз Ўзбекистон пахта-тўқимачилик саноати жозибадорлиги ошиши, халқаро брендларнинг кириб келишига катта туртки бўлади. Лойиҳа доирасида ахборот олиш янада шаффофлашиб, кластерлар ва халқаро брендлар ўртасида мулоқот майдони яратилади.
Тадбирда лойиҳани амалга ошириш учун тўрт томонлама меморандум имзолашга келишиб олинди.