Беш ярим аср муқаддам кўчирилган бу қўлёзма ўз умри давомида не-не буюк ҳукмдорлар кутубхонасини безамаган, қанча инсонлар қалбига, ҳаётига ёруғлик олиб кирмаган. Алишер Навоий ижодидан сараланган илк гулдаста бўлмиш бу нодир девон ҳатто давлатлар ўртасидаги дипломатик муносабатларга ҳам катта таъсир ўтказгани, минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлиши тахмин қилинган муқаррар урушнинг олдини олгани ҳам айни ҳақиқат…
Ҳижрий 870 йил, рамазон, Ҳирот.
Абусаид мирзо хизматида кечган навқирон даврида Алишер Навоий ҳали давлат арбоби сифатида сиёсатда ўз ўрнини эгалламаган, аммо шоир сифатида Хуросон ва Мовароуннаҳрда жуда катта шон-шуҳрат қозонганди. Унинг шеърлари тилдан-тилга ўтиб юрар, ҳали бирорта девон тузмаган бўлса-да, варақларда кўчириб тарқатилган байтлари қўлма-қўл бўлиб кетарди.
Шундай Навоийнинг дўстлари, мухлислари ўзлари бош қўшиб, унинг “Илк девон”ини яратишди. Китоб яратиш эса ҳазилакам иш эмас. Унинг учун аввал сифатли, қиммат хитойи қоғоз топиш, унга турли безаклар, зарҳаллар билан ишлов бериш, кейин меҳр ва зеҳн билан ҳар бир ғазални кўчириб чиқиш керак. Бу билан иш битмайди. Моҳир саҳҳофлар ёрдамида саҳифаларни муқова остида бирлаштириб китоб кўринишига келтириш лозим. Бунинг барчаси учун бир қанча инсоннинг машаққатли меҳнати, яна анча-мунча ақча керак бўлади.
Ёш котиб китобни кўчириб чиқиш мажбуриятини олди. Бир неча ойлик машаққатли меҳнат, уйқусиз тунлар, тинимсиз ҳатти- ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Ҳазрат Навоийнинг биринчи китоби «Илк девон» юзага келган, девонни Навоийнинг яқин дўсти Султонали Машҳадий гўзл настаълиқ хатида кўчириганди.
Бу асрлар оша, инсониятнинг сонсиз наслларига мерос қолиши лозим бўлган бебаҳо сара асарларнинг дебочаси эди. Юқори сифатли Хитой қоғозига олтин зарралари сачратиб безак берилган, тоза чармдан муқоваланган бу нодир китоб уни яратган инсонлардан бир неча баравар узоқроқ умр кечириб, катта талотўплар, саргузаштларга гувоҳ бўлишини ҳеч ким билмасди.
Милодий 1829 йил, февраль, Теҳрон.
Россия ва Эрон ўртасидаги можаролар авж палласида эди Россия императори Николай Эронга ўз элчиси Грибоедовни Рус-Эрон уруши интиҳосида қабул қилинган Туркманчай тинчлик шартномаси кўрсатилган бандлар ижросини таъминлаш учун юборган, мазкур битимга кўра Эрондан 20 миллион рубль миқдоридаги товон пули — контрибуция ундирилиши белгиланган эди.
Бу пуни тўлаш урушдан мағлубият билан чиққан қожорлар давлати учун жаҳаннам азоби билан баравар. Ғазна ҳувиллаб ётибди. Халқда пул йўқ, қашшоқлик, очлик, турли касалликлар, муҳтожлик фуқарони ҳолдан тойдирганди. Аммо ҳукмдор Фатҳалишоҳнинг халққа юзланишдан бошқа чораси қолмаганди.
Бу ҳақдаги фармони олий элга ошкор этилгач, бутун мамлакат бўйлаб, норозилик тўлқини ёйилди. Айни пайтда халқни ҳукуматга, рус савдогарлари ва дипломатларига қарши гижгижловчилар кўпайди.
Яқндагина Теҳронга келган 34 ёшли элчи Александр Грибоедовни бу пайтда Россияда машҳур шоир ва драматург сифатида билишарди. Унинг пьесалари қўйилган театрларда ҳар доим аншлаг бўларди.
Грибоедов маълум муддат Грузияда, Тбилисида яшаган, князь Илья Чавчавадзенинг қизи, 17 ёшли Нинага яқиндагина уйланган эди. Аммо, ёш дипломатга Ватанига қайтиш, севикли ёри билан қайта кўришиш насиб этмади.
Кутилмаганда элчихона биносига ёпирилиб кирган исёнчилар рус элчиси, “вазири мухтор” мақомидаги Грибоедовни ҳам ёввойиларча калтаклаб ўлдиришди.
…Қожорлар сулоласининг забардаст вакили Фатҳалишоҳ рус элчихонасида юз берган босқинни эшитиб қайғуга ботди. Россия билан кетма-кет юз берган иккита урушдан мағлубият билан чиқиб силласи қуриган, тавбасига таянган шоҳ эндиликда рақибнинг ҳар қандай шартига ночор бош эгаман деб турганда, бундай кўнгилсизлик… Ахир бу хабар Россияга етиб борса, Николай қараб турмаслиги аниқ.
Шоҳ бу кўнгилсизликни тезроқ бартараф этишга киришди. Аммо, рус ҳукмдорининг ғазабини сўндириш унга арзонга тушмаса керак.
Шу аснода Фатҳалишоҳнинг ёдига хазинасида сақланаётган энг бебаҳо жавоҳир, бир пайтлар Нодиршоҳ Ҳинд юриши пайтида қўлга киритган «Шоҳ» олмоси тушди. Айтишларича, оғирлиги 88 қирот келадиган, шаффоф тусли бу олмос юз йиллар давомида бобурийлар тахтини безаб келган экан.
Аммо таниқли дипломат, яна Россияга донғи кетган шоирнинг хунини моддий бойлик билан ўлчаб бўлармикин? Яна нимадир қилиш керак. Акс ҳолда. Рус қўшинлари тез орада Эронни кунпаякун қилиши турган гап.
Шоҳ бу моддий сарватга қўшиб Россияга қандайдир бебаҳо маънавий хазинани ҳам юборишга аҳд қилади. У ўз кутубхонасида Шарқнинг буюк шоирлари қаламига мансуб китобларни саралайди. Улар орасида туркий тилда биргина қўлёзма бу Навоийнинг “Илк девон”и эди.
Милодий 1829 йил, апрель.
Император учун Эрондан етиб келган шошилинч хабар кутилмаган бош оғриғи бўлди. Халқаро дипломатия меъёрларига кўра, элчининг ўлдирилиши мамлакат шаънининг тупроққа қориштирилиш билан баробар эди.
Эрон шоҳининг элчилари етиб келганини билгач, уларни зудлик билан қабул қилишини билдирди. Элчиларга Фатҳалишоҳнинг валиаҳд ўғли Хусрав Мирзо бош бўлиб келганди.
Фатҳалишоҳ Николайга йўлланган хатнинг муқаддимасида Теҳронда юз берган хунрезликдан қаттиқ изтиробда эканини баён қилган, охирида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик бардавом бўлишига умид билдириб, императорга ҳурмат юзасидан йўлланган камтарона ҳадяларни қабул қилиш сўралганди.
Николай қимматбаҳо совғалар, хусусан “Шоҳ” олмоси ва Навоийнинг “Илк девон”ини қўлга олгач, кутилганидек бир мунча тинчланади. Негаки, подшоҳ қимматбаҳо қўлёзмаларнинг шайдоси эди. Император кутубхонаси мутахассислари “Илк девон”нинг қанчалик муҳим ва бебаҳо ёдгорлик эканлигини айтишди. Хусусан, бу қўлёзма туркий адабиётнинг энг йирик вакили – Алишер Навоийнинг биринчи шеърий китоби экани ҳақидаги маълумотлар императорнинг шаҳдини бироз бўлса-да, пасайтирди.
Ҳукмдор Эрон мулкида юз берган кўнгилсизлик учун Фатҳалишоҳни кечирганди. Хусрав Мирзо бошчилигида элчилар эртаси куни хушхабар билан Теҳронга қайтиб кетишди.
Эҳтимол, шу ҳадялар сабаб икки давлат ўртасида бир неча йилдан бери давом этиб келаётган низолар бирмунча бартараф этилган, шундан кейинги саксон йилдан ортиқ вақт мобайнида бу давлатлар орасида ҳарбий ҳаракатлар юз бермагандир…
Фалакнинг гарлиши билан бир буюк шоирнинг кутилмаган ўлими туфайли икки давлат ўртасида юзага келган таранг вазият иккинчи бир буюк мутафаккирнинг ўлмас асари сабабли юмшаган, Алишер Навоийнинг биргина китоби минглаб бегуноҳ инсонларни ўлимдан сақлаб қолганди.