Марғилондаги «Ёшлар» кичик саноат зонасида кўплаб ишсизлар малакали ва ишли бўлди

Бир гуруҳ журналистлар билан Фарғона вилоятига пресс-турга бордик. Вилоят ҳокимлиги вакили бизни ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича қилинаётган ишлар билан таништирди.

Фарғона шаҳридаги ишсизларни касбга ўқитиш марказлари фаолияти билан танишганимиздан сўнг Марғилон шаҳрининг «Наврўз» маҳалласи ҳудудидаги 7 гектар майдонда ташкил этилган «Ёшлар» кичик саноат зонасига ташриф буюрдик.

Мазкур саноат зонасида умумий ҳисобда 887 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган бўлиб, бу ерда турли тадбиркорлик йўналишлари бўйича блоклар ташкил этилган. Бу блокларда аҳоли вакиллари учун ишлаб-чиқариш ва ҳунармандчилик билан шуғулланиш учун шароит яратиб берилган. Шу жумладан, тадбиркорларга барча қулайликларга эга бўлган корхона бинолари қуриб берилган.

Мазкур саноат комплексда жами 22 та лойиҳа, шундан, чарм пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 5 та, текстиль ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 3 та, мебель ишлаб чиқариш бўйича 3 та, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлар бўйича 11 та лойиҳа жойлаштирилган.

Пресс-тур доирасида журналист ва блогерлар ушбу комплексдаги кўпчилик блокларга кириб материал тўплаб чиқишди.

Умуман Фарғона вилоятида ишсизликни тугатиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Бугунги кунда ҳукумат таклифи ва Вилоят ҳокими ташаббуси билан бошланган бу кенг қамровли лойиҳа ўз самарасини бермоқда. Вилоятнинг камбағалликни қисқартириш бўйича тажрибасини бошқа вилоятлардан ҳам ҳоким ёрдамчилари келиб ўрганишмоқда.

–Асосий мақсадимиз ишсизликни бартараф қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва шу асосда камбағалликни қисқартириш,  – дейди «Тошлоқ» туман Маҳаллада ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Жасурбек Эргашев. – Биз асосан четда ишлаётган фуқароларимизнинг ўз юртида меҳнат қилишлари учун уларга шароит яратиб берамиз. Уларга шу ерда, оиласи, фарзандларининг олдида яшаб ишлашнинг аҳамиятини кўрсатиб, пенсияга чиқишдаги имкониятларини тушунтирамиз, йилига 50 миллионгача даромад топиш йўлларини ўргатяпмиз. Лекин айрим ишсизлар боқимандалик кайфиятидалиги ачинарли. Улар билан ишлаш жуда қийин.

Лекин шундай бўлса ҳам йилнинг бошида 10 минг нафар ишсиз фуқаромиз бор эди. Ҳозиргача шулардан 4 500 нафарини ишга жойлаштирдик. Уларни мавсумий ва доимий ишлар билан таъминлашга ёрдам бердик.


Шуни айтиш керакки ҳозирда норасмий ишсизлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Кузатишлар шуни кўрсатдики, бундайлар ўз хонадонида иссиқхона ва бошқа ишлар билан банд. Шунинг учун улар оиласини боқишга барқарор даромади бор деб ҳисобланади.

Пресс-тур давомида ўрганилган объектларда эндигина ўз фаолиятини бошлаган фуқароларнинг жазирама иссиқда ҳам зўр ғайрат билан меҳнат қилаётганини кўрдик. Айримлари эски, хароб уй-жойлари ўрнига янги участкалар қуришни бошлаб юборган, яна бошқалари ўз оила аъзолари билан чекланмасдан, ташқаридан ҳам ишчи ёллаб ишлатмоқда. Уларга ойлик бермоқда.

Пандемия карантини шароитида ва ўзбекистонлик ёлланма ишчилар даромад топаётган МДҲ давлатларидаги зиддиятлар натижасида кўплаб «ишлайман» деб турган ёшлар ишсиз ва имконсиз қолди. Айримлар Ўзбекистон уларнинг барчасини иш билан таъминлай олишига ишонмаганди.

Фарғонада ишсизлик ва қашшоқликни тугатиш бўйича олиб борилаётган ишларни кузатар эканмиз, тез орада бу лойиҳалар ўз самарасини беришига ишонч ҳосил қилдик. Албатта, вилоятнинг бу йўналишдаги тажрибасини оммалаштириш керак. Ишсизларга касб ўргатиш, шунингдек ўқув-амалиётга мўлжалланган саноат зоналарини барча ҳудудларда ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. Бундай лойиҳалар нафақат камбағалликни қисқартиришга, балки мамлакат иқтисодиётини юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади.

Манзура БЕКЖОНОВА, Фарғона-Тошкент

Фото: Манзура Бекжонова

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: