Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, халқимизнинг севимли актёри Ҳошим Арслонов яратган образлар, овозлаштирган ижроларининг саноғи йўқ. Кино мухлислари уни «Алпомиш», «Ижарачилар», «Хиёнат», «Сўнгги қўнғироқ», «Сингилгинам», «Фидойилар», «Қасос», «Менинг акам бўйдоқ», «Ёрим безори», «Ҳақиқат куни», «Марғиёна» каби фильмлардаги роллари орқали яхши билишади. Ҳошим Арслоновнинг кинодаги сўнгги ишлари 2019 йилда суратга олинган «101-рейс» фильми ва «Бокира-2» сериалидаги ролидир. Унинг овози ўзига хос, кўп қиррали эди. Масалан, «Эсмеральда» телесериалида Родольф, Адерян, Мелисо, доктор Малавер каби ўн бешга яқин қаҳрамонни ўз овози билан жонлантирган. «Ичкарида» турк сериалидаги Жалол ота образини маромига етказиб овозлаштиргани фильмнинг таъсир кучини янада оширган.
Ҳошим Арслоновнинг озода, неваралар билан янада файзли хонадони бекаси, актёрнинг умр йўлдоши Мавлуда Арслоновани суҳбатга чорладик.
– Мавлуда опа, Тақдир ҳақида ҳар кимнинг фикри ҳар хил. Кимдир инсон она қорнидалигидаёқ Аллоҳ унинг тақдирини битади, деса, яна кимдир шоир Ғафур Ғулом айтганидек:
Тақдирни қўл билан яратур одам,
Ғойибдан келажак бахт бир афсона –
дейди. Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?
– Тақдир Аллоҳдан, албатта. Бунинг исботи сифатида сизга бир воқеани ҳикоя қилиб бераман. 1974 йил июль ойи – талабаликнинг энг гўзал онларида биз – икки дугона – ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университет)нинг роман-герман тиллари филологияси факультети талабалари, яъни мен ва Муборак ёз фаслида амалиёт ўташ учун йўлланма билан Наманган вилояти Чуст шаҳрининг тоғ бағрида жойлашган пионер лагерига йўл олдик. Чуст сўлим шаҳар экан. Тоғлар билан ўралган, сувлар шарқираб оқиб турган, Қирғизистон билан чегарадош Ғова қишлоғида жойлашган пионер лагерларидан бирида тарбиячи бўлиб ишлай бошладик
Тоғ ҳавоси беғубор, гўзал табиат бағрида мазза қилиб ишлаб, ҳордиқ чиқариб юрганимизда оналаримиз бизни йўқлаб боришди. Шарқироқ сойлар шовқини, баланд тоғларнинг ҳайбати босдими, онам: «Бўлди, юр, уйга кетасан, сен қандай қилиб бу тоғларнинг орасида юрибсан? Одамлар қўрқмай шунақа жойларга ҳам қиз узатармикан-а?!» дея хавотирланиб, қўлимдан ушлаб олдилар. Қиз узатишнинг нима алоқаси бор бизга, деб ҳайрон бўламан. Болалар лагерига бор-йўғи 24 кунга келган бўлсак…
– Йўқ, кетолмайман, ҳали ой тугамади. Ойлигимниям олишим керак, – дедим.
Онам қанча ойлик олишимни сўрадилар.
– 45 сўм, – дедим.
Шунда онам:
– Юр, кетамиз, мен ўзим сенга 50 сўм бераман, – деб туриб олдилар.
Етакчимиз кула-кула, «Хавотир олманг, бизнинг одамларимиз самимий, меҳмондўст, меҳмонларни хафа қилиб қўймаймиз», деб онамни зўрға овутдилар. Хуллас, уларни кўндириб, жияним ва ўртоғимнинг укасини ҳам лагерда олиб қолдик… Кейин зўр таассуротлар билан уйга қайтдик. Шу зайлда, талабаликнинг 3-босқич даври бошланди.
Синфдош дугонам Маҳбуба Тошкент давлат Театр ва санъат институтида ўқир ва институт саҳнасида турли спектакллар қўйишарди. Бир куни Муборак билан уларнинг институтига бордик. Шунда Маҳбуба Муборакка қараб:
– Мубор, сени ҳамшаҳринг билан таништириб қўяйми? Ҳу, ана, кўряпсанми? – дея бўйи баланд, узун сочлари елкасига қўнғирокдек ёйилиб тушган, «клёш» шимли (ҳар даврнинг ўз модаси бор, ўша пайтлари узун соч ва клёш шимлар урф эди) чиройли йигитчани қўли билан кўрсатди, сўнг уни ёнимизга чақирди.
Улар Муборак билан танишяптилар-у, мен бу бўйчан, келишган ва чиройли йигитнинг кўзларига қараб алланечук бўлиб кетяпман… Унинг кулиб турувчи маъсум кўзлари, узун киприклари, мағрур қарашлари менга жуда танишдек эди… Худди уни узоқ йиллардан бери танийдигандек эдим, назаримда. Очиғи, илк маротаба юрагим жиз этди… Кейин билсам унинг ҳам менга меҳри тушган экан…
Шу билан бир зумда ўқишни ҳам тугатдик. Битирув кечамизни кафеда ўтказадиган бўлдик, онам ҳам келдилар. Дангалчи эмасманми, шу ерда Ҳошим ака ҳақида онамга айтиб берганман, чустлик йигит, деб. Энди онамнинг аҳволини кўрсангиз, ўша ваҳимали тоғлар ичида яшамоқчимисан, деб хавотирга тушиб қолдилар.
– Онангиз лагерга сизни кўргани борганларида, «Бу тоғлар орасига ким қиз бераркин», деганларидаёқ, фаришталар сизга «омин», деган экан-да…
– Ҳа. Бу тақдирмасми? Албатта, тақдир-да!
Ишқилиб, онам биринчи марта ўша куни кўрганлар у кишини. Кейинчалик бу ҳақда ўзлари танишларига фахрланиб гапираётганларини эшитганман: «Қизим Чустга турмушга чиқадими, дея дилим хира бўлиб турганида, эшикдан юлдуздай бўлиб Ҳошимжон кириб келди!»
Онамнинг ўғли йўқлигигами ёки меҳрлари тушдими, куёвини ўғилдан аъло кўрар эдилар. Умрларининг охиригача она-боладек яшашди. Онамнинг ҳовлилари театрга яқин эди. Биз Юнусободда театр берган уйда яшардик. Турмуш ўртоғим кўпинча театрдан кеч чиқар ва аямникида қолдим, деб қўнғироқ қилардилар.
– Ҳошим Арслоновнинг оиласига бўлган меҳр-муҳаббатини нималарда кўргансиз?
– У киши оиласини жуда қадрлар ва меҳр кўрсатар эди. Болалар тарбиясига эътиборли бўлиб, дам олиш кунлари ҳам фарзандларини эрталабдан уйғотиб, дастурхон атрофида бирга, жамулжам бўлиб чой ичишни яхши кўрардилар. Қизим дадасини шундай хотирлайди: «Отам, менинг қорним тўқ, деб овқатини бизга берсалар, ишониб еяверардик. Ҳаммамиз тўйгач, биздан қолган овқатни ердилар. Энди ўйласам, бизнинг тўйиб овқат ейишимиз учун шундай қилар эканлар».
Келинларини қизидек яхши кўрардилар. Овқат тайёрлаётган вақтларида пиёзини ўзлари тўғраб берардилар: «Аёл кишининг қўлидан пиёз, саримсоқпиёз ҳиди келмаслиги лозим», дердилар. Талаба келинларимизга шартнома пулларини тўлаб, ҳамма шароитини қилиб берардилар. Уч нафар келин олган бўлсак, бирортасига ётоқхона, меҳмонхона жиҳозлари ёки бошқа нарса олдирмаганлар. Қудаларнинг моддий жиҳатдан қийналишини хоҳламас эдилар, келинимиз оиламизга меҳр берса бўлди, дердилар. Йигит киши оиласи учун пешана тери билан шароит яратиши керак, дея бот-бот такрорлардилар ва ўғилларимизга ҳамиша ўзлари ўрнак бўлар эдилар.
Куз келди, дегунча картошка, пиёз каби рўзғорга керакли нарсаларни баҳоргача етадиган қилиб, қоплаб олиб келиб қўярдилар. Рўзғорнинг тўкин бўлишини яхши кўрардилар. Тузламаларни тайёрлашда яқин ёрдамчим эдилар. Оиланинг катта юмушларида доимо ёнимда кўрардим у кишини. Оилапарвар эдилар. Ош, қозон кабоб қилардилар. Сомса тугишгача ёрдам берардилар. Болалар ҳам отасининг пинжига тиқилиб, ҳаммамиз уни мақтасак, негадир елкам қичишяпти, дердилар. Нега десак, қанот чиқяпти шекилли, фариштага айланиб, учиб кетаман-ов яхшилигимдан, деб ҳазиллашардилар. Мана, вақт ўтиб, айтганлари бўлди…
– Одамларнинг қувончу ташвишини, эзгулик ва ёвузликларини саҳнага олиб чиқиш, асар қаҳрамонлари ҳаётида яшаш осон эмас. Бошқа касбларга нисбатан биз, аёллар учун бу касбнинг юки оғирроқ. Айниқса, турмуш ўртоғингизнинг актриса аёл билан (саҳнада бўлса ҳам) «муҳаббат муносабати»ни яқинларингиз билан томоша қилиш қисмати, ишонч ва рашк орасидаги кескин курашлар, зиддиятларда адолатли бўлиш осон бўлмагандир сизга?
– Аксинча, мен ҳеч қандай қийинчилик ёки муаммо кўрмадим бу масалада. Негаки, ҳеч қачон рашк қилмаганман. «Нега эрингизни қизғанмайсиз?» деган саволни кўп беришган. Аввало, жамоадошларининг ҳаммасини яхши танирдим. Театр ҳовлисида тут дарахти бўларди. Ёз палласида кечаси соат бир-икки, гоҳида учгача ўша тутнинг тагида таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев бошчилигида бир гуруҳ санъаткорлар тўпланиб, ашула айтишар, суҳбатлашишар, спектаклларга тайёргарлик масаласида маслаҳатлашишар эди. Мавлуда Асалхўжаева, Зулайҳо Бойхонова, Муножот Тешабоевалар қўшиқ айтишарди. Мен уларга овқат пишириб олиб борардим. Театр жамоаси билан мен ҳам қадрдон бўлиб кетган эдим. Қолаверса, мен ўзимнинг чиройим, ақлу заковатим, муҳаббат борасидаги муносабатларим мустаҳкамлигига ишонардим. Бунинг устига ҳамкасблари: «Бу Ҳошиминг гастролга чиққанимизга уч кун бўлмай сени соғина бошлайди, нима қилгансан буни? Бунинг устига ўзи эгри йўлга юрмагани етмагандай, бизниям назорат қилади!» дейишарди. Ўзлари эса: «Мавлуш, оилада эркак киши ҳаром йўлга юрса, касри бегуноҳ фарзандларига урармиш. Мен бундай гуноҳдан қўрқаман», дердилар.
Бир куни қайнонам билан театрга спектакль томоша қилгани борганмиз. Раҳматли Бахтиёр Ихтиёров саҳналаштирган «Онасининг қизи» спектаклида турмуш ўртоғим Бахтиёр ролини ўйнаяптилар. Ўша пайтларда икки нафар боламиз бор, актёрнинг 25-26 ёшдаги кўркам йигитлик пайтлари эди. Саҳнага Ҳошим ака чиқсалар ёнимизда ўтирган қизларнинг бири: «Вой, Бахтиёр чиқди, роса яхши кўраман шу актёрни», деса, униси ҳам: «Менгаям жуда ёқади, театрга атайлаб шу йигитни кўргани келаман», деди. Буни эшитган қайнонам: «Эй қизлар, жим ўтиринглар, у менинг ўғлим, мана бу хотини бўлади. Икки боласи бор, уни нега яхши кўрасан?» деб, уларни уришиб кетсалар денг. Мен кулиб юборганман. Ўша пайтда Саида Раметова билан роль ижро этишаётган эди. Саида ҳали турмушга чиқмаган, ёш ва чиройли қиз эди. Мен ўзимга, ўртамиздаги севгининг мустаҳкамлигига ишонардим.
Айтмоқчиманки, рашк ўринли бўлса, бошқа гап, асоссиз рашк оиланинг парчаланишига олиб келади. Турмуш ўртоғининг кўнглини забт этганига, севгисининг кучига ишонмаган инсонгина ҳуда-беҳуда рашк қилади. Улар ойлаб хизмат сафарларига кетардилар, мен эса уч ўғлим, бир қизим билан уйда қолаверардим.
– Ҳошим ака-чи, сизни рашк қилмасмидилар?
– «Ватанпарвар» газетасида ишлардим. Газета чиқариб, кечаси соат икки-учларда келамиз баъзида. Бир куни муҳаррир ўринбосари Худойназар ака Жуманазаров бошчилигида 5-6 нафар офицер аввал мени уйимга опкелиб қўйишди, кейин бошқаларни тарқатадиган бўлишди. «Уйга киринглар» десам, «Ҳошимжон киритадими?» дейишди. «Албатта, хўжайиним кутиб оладилар», десам, «Алдаманг», деб роса кулишди. Ҳошим ака эшикни очишлари билан уларнинг гапларини айтиб бердим. Ҳошим ака эса уларни қўярда-қўймай уйга олиб кириб, роса меҳмон қилдилар. Демоқчиманки, биз ҳеч қачон бир-биримизни рашк қилиб, бировнинг олдида обрўйимизни тўкиб, уриш-жанжал қилмаганмиз.
– Адашмасам, актёр сал кам ярим аср мобайнида халқ хизматида бўлганлар. Бу айтишга осон. Бир инсон умрининг ёшлик, етуклик, камолот даври бу! Актёр нафақат саҳнада роль ижро этади, балки олис қишлоқлардаги мухлисларига ҳам ўз истеьдодини намоён этиши, уларнинг маънавий баркамоллигига хизмат қилиши даркор. Демоқчиманки, ҳафталаб, ойлаб гастроль сафарларида бўлганларида болалар муаммолари, уларнинг тарбияси масъулияти сизга оғирлик қилмаганми?
– Қийналганман, деб айтолмайман. Янги турмуш қурганимиздан икки йил ўтиб, театрдан бизга уй беришди. Аввал олийгоҳда ишлаганман, кейин болаларимнинг ёнида кўпроқ бўлиш, уларни назорат қилиш учун ишимни мактабга ўзгартирганман, негаки хўжайиним ойлаб хизмат сафарларига кетардилар. Ўша пайтлари ҳам оила, ҳам болалар, ҳам иш, ҳаммасига улгурардим. Бизнинг оилада икки қиз бўлиб, опам Андижонга турмушга чиқиб кетган эдилар. Опам узоқда, мен ёнларида бўлганим учун онам ҳамиша мени қўллаб-қувватлаб турардилар. Шунинг учун ҳам қийналмаганман. Инсон ишнинг кўзини билса, ҳамма нарсани эпласа бўлади. Танишларимизнинг талаба қизлари уйимизда яшар эди. Уларга текин яшаш жойи, менга уларнинг ёрдами асқотарди.
Ҳошим ака, ҳатто бир гал Қримга хизмат сафарига кетиб, 45 кунда келганлар. Ўша пайтда иккита мактабда ишлардим, ойлигим яхши эди. Улар келгунларича уста чақириб, 3 хонали уйни таъмирлатиб қўйганман. Тўғриси, ўшанда ҳайратланганлар. Яна бир гал болаларимизга каравот ва бошқа зарур жиҳозлар олиб, уйни чиройли қилиб, ясатиб қўйганман. Аёл оиласини, жуфти ҳалолини севса, қадрласа, унга жонини фидо қила оладиган қудратли кучга эга бўлади.
– Ҳошим ака кўплаб роллар ўйнаган, юзлаб дубляжларда иштирок этган. Айниқса, «Қасос», «Марғиёна», «Алпомиш», «Отамдан қолган далалар», «Чавандоз» каби кўплаб фильмлар уни машҳурлик шоҳсупасига олиб чиққан. У ўзининг энг кўнгли тўлган, ўзи яхши кўрадиган ижроси ҳақида гапирармиди?
– У киши ҳар бир ролини, таъбир жоиз бўлса, фарзандидек яхши кўриб, ижро этардилар. Агар ўзларига ёқмайдиган образ бўлса, уни олмасликка ҳаракат қилар, иложи бўлмаса дублёрга ташлаб қўярдилар. Ўйнаган ҳар бир ролини яхши кўриб, маромига етказиб ўйнаганлар. Айниқса, охирги пайтларда ижро этган Улуғбек Ҳамдам асари асосида саҳналаштирилган «Мувозанат» спектакли уларга қаттиқ таъсир қилган. Шогирдлари «Спектаклдан кейин ярим соатдан ошиқ вақт устоз ўзларига кела олмасдилар, биз уни холи қолдирардик», деб эслашади. Ҳар бир ролни бутун вужуди билан, ўз ҳаётини буткул унутиб ўйнар эдилар.
У киши бир зум тинмасди, гоҳ кино, гоҳ театр, гоҳ дубляжга борарди. Қизиғи, яёв юришни яхши кўрардилар. Ўғиллари ишхонаси олдига бориб кутиб туришса ҳам машинасига чиқмас, ёйилса оёқ чигали, кетар кўнгил ғубори, дердилар.
Бир куни одатларига кўра метрода келаётсалар, нотаниш киши у ёғига ўтибди, бу ёғига ўтибди-да, ёмон кўз билан қараётганмиш. Ниҳоят: «Ака, биз сизни яхши кўрардик, ҳатто онам ҳам сизни яхши кўрардилар. Лекин сиз охирги ролингизда ёмон одам бўлиб чиқибсиз. Биз сизни шунчалик ёмон одам деб ўйламаганмиз, сизни ёмон кўриб қолдик», деб кетиб қолибди. Тушунтирганимга ҳам қарамади-я, одамларимиз бунча ишонувчан, деган эдилар ўшанда Ҳошим ака.
«Отамдан қолган далалар» фильмида Ҳошим ака ўғилларимиз Жамшид ва Бобур билан бирга бош қаҳрамон ролларини ижро этишган. «Алпомиш»ни ҳам севиб талқин этганлар. Чунки актёр тарихий асарларни қайта жонлантиришни яхши кўрарди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур образини спектакль ва кинода яратишни орзу қилардилар. Ҳатто ўғлимизнинг исмини Бобур қўйганлар. Армони ҳам шу бўлиб қолди. Бошқа армони йўқ эди. Оилада ҳаммамиз учун севимли бўлиб яшадилар, касби туфайли Германия, Италия, Франция, Болгария, Татаристон каби бир қанча хорижий давлатларни кўрдилар. Халқимизнинг, томошабинларнинг ҳурматини қозондилар. Одамлар уларни яхши кўришарди. Фарғонага бораётганимизда машинамиз бузилиб қолганда, одамлар тузатиб, бензин солиб, бизни меҳмон қилиб жўнатишган. Йўлда бирон жойга овқатланишга кирсак, мухлислари қўярда-қўймай столимизни турли таомлар билан тўлдириб ташлашарди.
Умра зиёратига бирга бориб келдик. Орадан икки ойдан сўнг Ҳошимжон ака оламдан ўтдилар.
Кунларнинг бирида менга қўнғироқ бўлди: «Биз Араб давлатида яшайдиган ўзбек муҳожирларимиз, отим Абу Салмон Қўқондий. Биз Ҳошим Арслоновни жуда ҳурмат қилар эдик. Пандемиядан кейин Умра энди очилди. Бугун Маккаи Мадинада икки юз нафар олий мақомли араб қорилари Қуръон хатм қилиб, Ҳошим Арслоновга бахшида этдик», деди. Бундай эҳтиромни эшитиб, кўзларимдан шукроналик ёшлари оқди.
– Санъаткорнинг спектакль ва фильмлардаги ижроларини томошабинлар яхши билишади. Унинг ички «мен»и, ҳаётдаги асл қиёфасига чизгилар берсангиз.
– Ҳошим акам меҳнаткаш, ориятли инсон эдилар. Талабалик йилларида ҳам ота-онасидан пул сўрашни ор билиб, таътил пайти дўстлари Маҳмуд Исмоилов, Ҳабибулла Ҳакимов (ҳозир Фарғона қўғирчоқ театри раҳбари) билан Тошкент–Москва йўналишида қатнайдиган йўловчи поездида проводник – кузатувчи бўлиб ишлаб, пул топишарди. Олийгоҳни тугатиши билан Ўзбек давлат драма театрига (собиқ «Ёш гвардия», Аброр Ҳидоятов номли) ишга кирган, аммо ёш актёр бўлгани боисми, ишқилиб, унча-мунчада роль беришмагани учун руҳан тушкунликка тушарди. Ўша пайтлари уни ички ишлар соҳасига, собиқ Комсомол комитетига ишга таклиф қилишган. Ёш оила, маблағ масаласида қийналаётган пайтимиз бўлса ҳам мен уларга сабр қилса ҳаммаси яхши бўлиши, иқтисодий қийинчиликлар туфайли касбини ўзгартирмаслиги, ота-онаси унинг таниқли актёр бўлишини орзу қилишаётганини бот-бот айтиб турардим. Бу эса уни кучли бўлишга ундар ва мақсади сари интилишда янада қатъият бахш этарди.
Самимий, раҳмдил, оилапарвар, ҳақиқатгўй, бировдан ёрдамини аямайдиган инсон эдилар. Нафақат ишхонасида, балки касалхонада ётганларида ҳам қаровсиз бир чолнинг барча дори-дармонларини олиб берган эканлар. Кимнингдир ўқиши, кимнингдир ишга жойлашишида кўмаклашарканлар. Бу гапларни мен энди, ўзлари бу дунёни тарк этгандан кейин ўша одамларнинг ўзларидан эшитяпман. Мансаб ёки унвонга интилмас, одамларни, айниқса, аёлларни жуда ҳурмат қилар эдилар.
Лекин ёлғонни, хиёнатни – у хоҳ дўстнинг, хоҳ ҳамкасбнинг, хоҳ бошқанинг хиёнати бўлсин – асло кечирмас эдилар. Бу билан ўзи ҳам қийналар, аммо характерини ўзгартира олмасди.
– Оилада фарзандларингизнинг ота касбини танлагани ҳам, танламагани ҳам бор. Ҳошим ака уларнинг ўз ишини давом эттиришини истармидилар?
– Санъатнинг нони қаттиқ, истеъдоди бўлса санъат йўлига кирсин, дердилар. Жамшид иқтисодчи бўлса ҳам «Чемпионлик орзуси», «Отамдан қолган далалар», «Сардор» фильмларида роль ўйнаган. Дилафрўз қизимиз ҳисобчи бўлди. Бобур Миробод тумани Ёшлар агентлиги раиси. Томошабинлар бир қанча фильмда унинг ижросини кўришган. Талабаликда илк ўйнаган роли «Номус» картинасидир. Кейинчалик «Динозавр қолдирган из», «Чемпионлик орзуси», «Осмондаги болалар», «Жаннат қайдадир», «Сержантлар» каби сериал ва фильмларда, Россиянинг «След Саламандра», «Гулчитай» каби кинофильмларида истеъдодини намоён этди. Кичик ўғлимиз Жавоҳир Шарқшунослик олийгоҳини тугатди ва ўз соҳаси бўйича ишини давом эттирмоқда.
Ҳошим ака бир умр шошиб яшади. Мен ҳайрон қолардим. Бир жойда жим ўтиролмасдилар. Театрга умрини бағишладилар. Охирги йилларда кўпроқ дубляж устида ишладилар. Ҳеч қачон дам олиб ўтирганларини кўрмасдик. Энди англасам, бу дунёда кўпроқ ишга улгуриб қолиш учун шошган эканлар.
– Актёрлик – жуда мураккаб касб. Негаки, баъзида актёр олдида ё касбини ёки оиласини танлаш синови, имтиҳони туради. Актёр ўз ролини қойилмақом қилиб ижро этиши учун истеъдоддан ташқари, аввало, оиласи тинч, турмуш ўртоғи уни тушунадиган, ишонадиган дўсти даражасида бўлиши лозим. Шундай эмасми? Тўғрироғи, бахтли бўлиш учун саньаткорларнинг умр йулдошлари нималардан кечиш-лари керак?
– Санъаткорлар жуда ҳам нозик табиатли, эътиборталаб, меҳрталаб бўлишади. Шунинг учун аёл ўзидан, ўзлигидан кечиб шу инсонга ўзини бахшида қилиши лозим.
Биз ҳақиқий дўст эдик. Шунинг учун ҳам бахтли яшадик. Санъаткорнинг аёли оқила, мулоҳазали, сабрли, шу билан бирга ишончни юрагига жойлаган фидойи аёл бўлса, ундан бахтли одам бўлмайди.
Мавлуда опа билан хайрлашар эканман, опа эътироф этган хислатларнинг барчасига эгалиги, ота изини фарзандлари босаётгани, она, буви сифатида азизлик шоҳсупасида туриб, ўзидаги бахт ва меҳр ёғдуларини сулоласи давомчиларига таратаётганига гувоҳ бўлдик. Аёл бахти ҳам аслида шу эмасми?!
Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.