Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 2022 йил 16 августда Берн шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги Швейцария Конфедерацияси ҳудудида конфискация қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг манфаатларида қайтариш йўллари тўғрисида”ги битим имзоланганлигини маълум қилди.
Бу битимни Ўзбекистон номидан адлия вазири Р. Давлетов ва Швейцария номидан ушбу мамлакатнинг Президенти И. Кассис имзолади.
Битимни имзолаш маросимида, БМТ вакиллари, хусусан БМТнинг Кўп-шериклик траст жамғармаси офиси ижрочи координатори Дж. Топпинг иштирок этди.
Битимнинг имзоланиши илгари Г. Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний равишда орттирилган ва Швейцарияда легаллаштирилган 131 млн АҚШ долларининг Швейцария томонидан Ўзбекистон халқига қайтарилишини англатади.
Қайд этилишича, ушбу битимнинг тузилиши ўтган 2 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ваколатли идоралари ҳамда Швейцариянинг Ташқи ишлар вазирлиги ва манфаатдор вазирликлари билан БМТ иштирокидаги самарали ва натижадор ҳамкорлик, шунингдек, синчковлик билан амалга оширилган ишлар ва бир неча давралардан иборат музокараларнинг натижасидир.
Битим ноқонуний орттирилган тақрибан 131 млн АҚШ долларига (тақрибан 1,4 трлн сўм) тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришни, ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг асосий принциплари, механизм ва мақсадларини белгилайди.