Кузда кексалар ҳолсизланишининг сабаби нима?

Куз-қиш мавсумида кўпчилик одамларда D витамини танқислиги сезилади. Ушбу витамин организм томонидан ишлаб чиқилиши учун одам кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилиши керак.

Таажжубки, шифокорларнинг фикрига қараганда, одамлар орасида кўпроқ айнан “қуёш” витамини танқислиги кўпайиб бормоқда. Нега шундай? Наҳотки, баҳор-ёз мавсумида организм етарли даражада D витаминини заҳира қилишга улгурмайди? “D витамини танқислиги” ташхиси кимларга қўйилади? Ва бу ҳолатда қайси даво чоралари қўлланилади?  Бу саволларга эндокринолог Гулсара Нурмуҳаммедова жавоб берди.

Нималарда D витамини бор?

Д витамини америкалик олим Макколлум томонидан 1922 йилда кашф этилган. Авваллари, у витамин сифатида тан олинган бўлса, ҳозирга келиб, уни организм томонидан ишлаб чиқиладиган гормонал моддалар қаторига киритишмоқда. Қуйидаги маҳсулотлар D витаминига бой ҳисобланади: *денгиз балиғининг ёғли турлари,

*тухум сариғи,

*сут маҳсулотлари (айниқса сариёғ),

*қўзиқорин

*кунгабоқар пистаси.

D витамининг асосий вазифаси – овқатдаги кальций ва фосфор сингишини таъминлаш ҳисобланади. Кичкинтой организмида бу витамин даражаси меёърда бўлса, рахит, ақлий ва жисмоний ривожланишда тенгқурларидан ортда қолиш каби хавфлар кузатилмайди. Ўсмирлар ва катталарда D витамини танқислиги – тишлар чириши, суяклар мўртлашуви (остеопороз), эркакларда бепуштлик, аёлларда ортиқча вазн йиғиш ва буқоқ касаллигига олиб келиши мумкин.

Организмда D витамини тўлиқ ишлаб чиқилиши учун очиқ ҳавода ҳафтасига камида 2-3 маҳал, эрталабки соат 10-15 гача, оқ-сариқдан келган одамлар – ярим соат, буғдой рангли одамлар – 40 дақиқадан бир соатгача бош, бўйин, елка, қўллар ва оёқлар очиқ ҳолда тобланиши керак. Ҳомиладор аёллар ҳар куни очиқ ҳавода камида 1 соат, 10-15 гача сайр қилиши, айниқса ҳомиладорликнинг 6 ойидан бошлаб (болада суяклар ривожланаётган маҳал) кўпроқ сайр қилиши керак.

Лекин ҳар доим ҳам йил бўйи очиқ ҳавода фаолият олиб боришнинг имкони бўлмайди. Айнан шундай пайтда, инсонда D витамини танқислиги юзага келиши мумкин.

D витамини етишмаслиги белгилари

  • Кайфият бузилиши
  • Кўп терлаш
  • Кўриш қобилиятининг пасайиши
  • Жаҳлдорлик
  • Тез-тез шамоллаш
  • Қабзият
  • Беҳоллик
  • Атрофдаги инсонлар ва вазиятларга нисбатан лоқайдлик
  • Хотира пасайиши
  • Тос суяги, елка, сон соҳасида оғриқ, томир тортиши кузатилади.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтказган тадқиқоти D витамини етишмаслиги инсонда – сут бези, тухумдонлар саратони, простата бези, йўғон ичак, ошқозон ости бези, қизилўнгач, сийдик пуфаги саратонига олиб келиши мумкинлигини исботлади.

Кимлар хавф остида?

  1. Эртадан кечгача ишда бўлувчи инсонлар.

Эрталаб ишга келиб, шом тушгач, уйга кетаётган инсонлар қуёш нурларидан етарлича баҳраманд бўлолмайдилар. Бу дегани, уларнинг териси D витаминини меъёрдаги 30 нг/мл.дан кам ишлаб чиқади. Сиз ҳам ҳаётингизнинг салмоқли қисмини очиқ ҳавода эмас, ичкарида (офис, ишлаб чиқариш хоналари)да  ўтказсангиз, танангиздаги D витамини даражаси камайиши мумкин.

Тавсия: D витамини даражасини аниқловчи таҳлил топшириб, унинг натижасини эндокринологга кўрсатинг. Таҳлил натижалари салбий бўлса, дарҳол даволаниш керак.

  1. Семизликка дучор бўлганлар.

Агар тана вазнингиз меъёрдан кўп бўлса, D витаминига бўлган эҳтиёжингиз 3 баробар  ошади!  Негаки, қуёш нурлари ва овқат орқали тушган D витамини қонга сингиб, сизга кўтаринки кайфият, суяклар мустаҳкамлигини бағишлаш ўрнига ортиқча ёғ қатламида йиғилиб бораверади. Акс ҳолда, ортиқча вазн билан бирга – мушакларнинг оғриши, лоқайдлик, қувватсизлик, суякларнинг мўртлашиб, синувчанлиги ҳолатларига эга бўлишингиз мумкин.

Тавсия: шифокор билан маслаҳатлашиб, вазн ташлаш чораларини бошланг. Кунига 10 минг қадам юриш ҳам қуёшда тобланиш ҳам вазн йўқотишга ёрдfм беради.

3. 50 ёшдан ошганлар.

Ушбу ёш чегарасидан кейин ҳар бир инсон организмида D витамини нисбатан кам ишлаб чиқилади. Оқибатда, кексаларда йиқилиш, жароҳат олиш хавфи ортади.

Тавсия: шифокор билан маслаҳатлашиб, D витамини, кальций бирикмасини қабул қилинг, енгил даволовчи бадантарбия машқларини ҳар куни 40 дақиқа давомида бажаринг.

Америкалик тадқиқотчилар ўтказган текширувда 65 ёшдан катта инсонлар D витаминини 5 ой давомида қабул қилишганидан кейин уларда йиқилиш ва жароҳат олиш ҳолатлари 72 фоизга камайган.

Авлодингизда қандли диабет билан оғриганлар борми?! Ирсий мойиллигингиз сабаб қонда D витамини даражасини текширтириб туришингиз керак. Ҳатто грипп, ўткир респиратор касалликларга тез-тез чалинсангиз – дарров D витамини даражасини текширтиринг.  Шифокор буюрган даволанишдан сўнг, йил давомида камроқ шамоллаётганингизга гувоҳ бўласиз.

Оғизда аччиқлик, ошқозонда оғирлик сезасизми? Бу ҳолатда ҳам қонда мазкур витамин даражасини дарҳол текширтириш шарт. Ўт пуфаги, ошқозон-ичакларнинг яллиғланиш касалликлари билан оғриган беморлар қонида D витамини даражаси пасайган бўлади.

Қандай ташхис қўйилади?

D витаминини қабул қилишдан олдин қонда унинг миқдорини аниқлаштириш зарур. Бунинг учун 25 (ОН) D таҳлилини топширасиз. Даво чоралари эса албатта, таҳлил натижаларига қараб белгиланади.

Ташҳис қон таҳлили натижаларига кўра, шифокор-эндокринолог томонидан қўйилади. Агар беморда D витамини танқислиги аниқланса, шифокор керакли дармондорилар ва дори воситалар билан биргаликда, мева-сабзавотлар, кўкатлар, оқсил (балиқ, товуқ жигари, денгиз карами, бедана тухуми, гречка ёрмаси)га бой озиқ-овқатлар тановулини ҳам буюради. Бундан ташқари, ҳафтада 2 марта, ҳар қандай об-ҳавода кундузи 1 соат давомида сайр қилиш, имкон қадар пиёда юриш, ортиқча вазндан аста-секин (бирданига эмас) халос бўлиш керак.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: