Ота –боболаримиз тўрт унсурни –сув, ҳаво, олов, тупроқни муқаддас деб билишган. Сувни ифлослантириш учун муқаддас Авесто китобида ўлим жазоси белгиланган.
Яқин-яқингача момоларимиз сувга ахлат ташлаш тугул, тупуришни ҳам гуноҳ деб билганлар.
Бугун эса биз ариққа қараб супирамиз, барча чиқиндиларни оқар сувга ташлаймиз, тупуриш у ёқда турсин канализация қувурларини ҳовли ёнида оқиб ўтаётган ариққа тўғирлаймиз.
Оби-ҳаётнинг уволи тутмайдими?
Саволга экоҳуқуқшунос Сайдали Мухторалиев жавоб беради.
Ўзи аслида, автомобилларни ювиш жойлари ҳам атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи фаолият турларидан бири ҳисобланади ва ушбу фаолият атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига кирадиган (маҳаллий таъсир кўрсатиш) фаолият турларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Чунки бундай субъектларда, масалан, автомобиль мойларининг ёки шунга ўхшаш бошқа хавфли маҳсулотларнинг тўкилиши ва оқинди сув билан бирга қўшилиб сув ва сув объектларини ифлослантириш ҳолатлари кузатилади.
Айнан шу ва шунга ўхшаш ҳолатлардан келиб чиқиб, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 949-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат экологик экспертизаси тўғрисида”ги низомда белгиланган тартибда давлат экологик экспертиза хулосасини олиш талаб этилади.
Амалдаги қонунчиликда ҳар қандай корхона, ташкилот ҳамда фуқароларга сувдан фойдаланиш ва сув объектлари билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишда айрим таъқиқловчи ҳамда чекловчи нормалар мавжуд.
Масалан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 90-моддасига кўра, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларга мойларнинг, ёғочларнинг, кимёвий ва нефть маҳсулотларининг ҳамда бошқа маҳсулотларнинг тўкилиб-сочилиши натижасида сувни ва сув объектларини булғатиш ва ифлослантириш таъқиқланиши қайд этилган.
Демак, тадбиркорларнинг автомобилларни ювиш жойларидан ҳосил бўлган ва ишлатилган сувларни қонун ҳужжатларига хилоф равишда канал ва ариқларга оқизилганда, сувларни ифлослантириш ва булғатиш билан боғлиқ қонун бузилиши келиб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Маъурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 72-моддаси
1-қисмига асосан эса сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш ҳаракатлари содир этилганда,
– фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Кўриниб турибдики, саволда кўрсатилган қонунбузарлик ҳолатлари содир этилганда, ушбу хўжалик субъектларининг (яъни, “Автомойкалар”нинг) мансабдор шахсларига нисбатан энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.