Вирусли гепатит касалликларидан эҳтиёт бўлинг!

Вирусли гепатит  халқ орасида «сариқ касаллиги» деб номланиб, ўткир  юқумли касаллик ҳисобланади. Унинг  А,В,С,Д,Е турлари  фарқланади. Вирусли гепатитнинг А ва Е турлари  инсон организмига  сув ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан оғиздан юқади.

Гепатит вируси тоза ювилмаган қўллар сабабли юқади, кўп ҳолатларда болалар ўртасида кенг тарқалади, чунки аксарият ҳолатларда болалар шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ ва тўғри риоя қилмайдилар.

Гепатитнтнг В, С, Д турлари эса қон орқали тиббий муолажалар вақтида юқиши мумкин. Касаллик жигар тўқималарини жароҳатланиши билан кечади.

Касаллик қуйидаги йўллар орқали юқади:

-гепатит билан касалланган бемор билан мулоқатда бўлганда;

-қўлларни тоза ювмаслик, айниқса хожатҳонадан чиққанда;

-ичимлик сувини қайнатмасдан ичганда;

-мева-сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилганда;

-рухсат этилмаган очиқ сув ҳавзалари ва туриб қолган сувларда чўмилганда.

Касаллик қуйидаги белгилар билан  кечади:

-ҳолсизлик  ва иштаҳанинг йўқолиши;

-тана ҳароратининг кўтарилиши;

-кўнгил айниши, қусиш;

-қориннинг ўнг  соҳасида оғрик;

-тери ранги ва кўз ичи сариқ рангда бўлиши;

-пешоб ва нажас  рангининг ўзгариши;

Юкоридаги белгилар кузатилганда бемор зудлик билан шифокорга мурожаат этиб, шифохонага ётказилади, ўзаро мулоқотда бўлганлар тиббий кузатувга олинади.

Касалликнинг юқиш хавфи касалликнинг яширин, бошланғич даврлари ва  сариқлик белгиларисиз  кечадиган турларида  юқори бўлади. Бунда бемор ўзи билмаган ҳолда ўз яқинлари ва оила аъзоларига касалликни юқтириши мумкин. Шунинг учун бемор фойдаланган буюмлар алоҳида ювилади ва жойларда зарарсизлантириш воситалари ёрдамида тозалаш ишлари ўтказилади.

Гепатит билан касалланганларда тўлиқ ва ўз вақтида даволанмаганда оғир асоратлар – сурункали гепатит, жигар циррози каби асоратлар юзага келади.

Қуйидагиларга амал қилиш касалликка чалинмасликни асосий  қоидаларидир:

-овқатланишдан олдин қўлларни албатта совунлаб ювиш;

-мева-сабзавотларни истеъмолдан аввал  тозалаб ювиш;

-қайнатилган сувни ичишга одатланиш;

-озиқ — овқат маҳсулотларини тўғри сақлаш қоидаларига амал қилиш;

-рухсат этилмаган  жойларда ва туриб қолган сув ҳавзаларида чўмилмаслик;

-хоналарни  доимо тоза тутиш,чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб ташлаш ва пашшаларни йўқотиш.

Гепатитнинг А ва В турининг олдини олиш учун вакциналар ишлаб чиқилган.  Миллий эмлаш календарига асосан Тошкент шаҳрида 2001 йилдан бошлаб, гепатитнинг В турига қарши бепул эмлаш ишлари йўлга қўйилган. Шу сабабли бир неча йиллардан буён болалар ўртасида ушбу касаллик умуман қайд этилмаяпти. Гепатит А касаллигига қарши эмлаш ишлари Тошкент шаҳрида жойлашган “Эмлаш марказларида”   ота-оналарнинг тўловига асосан амалга оширилади.

Вирусли гепатитнинг А ва В  турларига қарши курашда эмлаш ишлари касалликнинг камайиши ва олдини олишда энг самарали усул ҳисобланади.

Саломатликнинг олтин қоидаларига риоя этиш – касалликнинг олдини олиш демакдир!

Раъно ТУРСУНХОДЖАЕВА, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси врач эпидемиологи 

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: