Сиз шопоголикмисиз? (Психология)

Одам бирор нарса харид қилгандаги қониқиш ҳисси транс (транс — фикрлашнинг хиралашиши) ҳолатига яқин экан. Буни гипноз пайтида одам ихтиёрсиз бўлиб ўзини назорат қилолмай қолишига ўхшатиш мумкин. Дарҳақиқат дўконларни айланиш ва кийим-кечаклар сотиб олиш кишига завқ бағишлайди, аммо жуда кўп пул сарфлаб қўйганингизни сезмай қоласиз.

Кўпинча аёллар пул харжлашга муккасидан кетиб қолишади. Улар “бўлди, энди ҳеч нарса олмайман” деб ўзларига сўз беришади лекин бефойда харидлардан ўзини тўхтатишолмайди.

Дўкондан зарур нарса қолиб, кераксиз нарсаларни сотиб олишга бизни нима мажбур қилади? Ўзимизнинг “шопоголиклик”лигимизни қандай аломатлардан билиб олишимиз мумкин? Ва бундай тобеликдан қандай қутулса бўлади?

“Шопинг” стресснинг давосими?

Балки ким учундир бозорларни кезиш ва нарса харид қилиш стресслардан қутулиш чорасидир. Аммо агар бу доимий тус олса, бу руҳий ҳолатни даволаш керак. Психолог Зебинисо АҲМЕДОВА билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

Иштиёқлар дунёсида яшаяпмиз

Замонавий дунёда реклама, маркетинг, турли қизиқтириш усуллари жуда ривожланган. Агар характерингиз заифроқ бўлса, у сизни тобеликка мубтало қилади. Савдо-харидларни, дўконма-дўкон кезишни ҳам шу қаторга киритиш мумкин. бунда одамлар маҳсулотларнинг кўплигидан ўз устидан назоратни йўқотишади ва кераксиз нарсалар учун кўп пул сарфлаб қўйишади.

Шопингга берилиш билан боғлиқ руҳий ҳолат илмий тилда “ониомания” деб юритилади. Албатта чиройли кийимлар сотиб олиш бу ёқимли машғулот, бироқ ҳар бир нарсада бўлгани каби бу борада ҳам меъёр бўлиши керак.

Хўш оддий бозорлик қилишни шопоголизмдан қандай фарқлаймиз? Агар киши шунчаки зерикканидан магазинга борса ва у ердан бир дунё зарурати бўлмаган харидлар билан қайтиб келса, бу шопоголизмдир. Бу ҳолатни меъёрий деб айтиб бўлмайди.

Шопоголикларнинг 4 хил тури бор:

ҲиссиётлиларЭтикларни кўриш учун дўконга кирган истеъмолчи шим, кўйлак, сумка ва уларга ранги мос рўмол сотиб олади. Бундай ҳолат кайфиятга қараб содир бўлади. Зеро кўпчилик одамлар стрессни йўқотиш мақсадида дўкон айланишади ва маҳсулот сотиб олишади. Шопинг-терапия ҳиссиётли кишиларда кайфиятни кўтаришнинг энг яхши усулидар.

Фанатлар. Бундайлар эрталабдан кечгача дўконма-дўкон юришади. Уларда ҳар бир мавсум учун сўнгги урфдаги кийим-кечаклар етарли. Бундай инсонлар «бренд» маҳсулот деса “ўзини томдан ташлашади”. Улар учун ҳаётнинг муҳим жиҳати  — мода. Улар мода ҳақидаги барча маълумотларни билишади. Бундай фанат харидорлар янги урфдаги кийим эгаси бўлиш учун барча нарсага тайёр бўлишади. Уларга гўёки қимматбаҳо кийим кийса обрў-эътибори ошиб қоладигандек туюлади. Улар шу билан бошқаларга ўзларининг зўрлигини исботламоқчи бўлишади.

Ҳисоблилар. Бундайлар: «иккитаси бирда» қабилидаги маркетинг ҳийлалари қурбони бўлишади. Яъни иккита маҳсулотни бир маҳсулот нархида сотиб олишга қизиқишади. Бора бора бундай турдаги шопоголикларга маҳсулотнинг сифати эмас сони муҳим бўлиб қолади. Ўзига керак бўлмаса ҳам 2 таси ва 3 таси битта маҳсулот нархида бўлса барча нарсани сотиб олиб, уйларини тўлдириб ташлашади.

Бефарқлар. Мақсадсиз одам соатлаб дўконларни айланиши мумкин. Бундай ҳолатда маҳсулотнинг аҳамияти йўқ, бунда бозор ва дўконларни кезиш жараёнининг ўзи аҳамиятли. Бундай турдаги шопоголикларнинг хаёлини чиройли расталар (витрина) жалб қилади. Уларга кийим сотаётган, кийиб кўраётган одамлар орасида бўлиш ёқади. Бефарқ шопоголиклар шу тарзда ўзларига энергия тўплашади.

Интернет пайдо бўлиши билан бундайлар учун янги имкониятлар юзага келди. Улар доим онлайн магазинлардаги кийимларнинг расмларини томоша қилиб ўтиришади. Ўзларига ёққан нарсани сотиб олишади, атрофдагиларни ҳам бу савдога жалб қилишни хоҳлашади. Аммо кўп ҳолларда маҳсулот сифати расмдагидай бўлиб чиқмайди.

Ўзингизда ҳавотирли белгиларни сезяпсизми?

Шопоголизм – бу аёлми ёки эркакми, ким бўлмасин, кўп нарса сортиб олса ҳам кўнгли тўлмаслиги. Бу хавотирланишга сабаб бўлувчи аломатдир. Харид қилинган нарсалар уйни тўлдириб ётади, дўстларга, қариндошларга ёки бутунлай бегона кишиларга совға қилинади, баъзида шунчаки ташлаб юборилади. Аслида улар фақат эгасининг харид қилиш истагини қондириш учунгина сотиб олинган бўлади.

Аломатлари

  • Дўконга боряпсиз аммо нима олишни олдиндан билмайсиз.
  • Асосан чиройли қилиб териб қўйилган маҳсулотларни томоша қиласиз.
  • Мода журналларини варақлашга қизиқасиз.
  • Эҳтиёжингиз бўлмаган маҳсулотни сотиб оласиз.
  • Сотиб олган маҳсулотингиз ҳақида гапиришни яхши кўрасиз.
  • Савдо дўконлари ва бозорларга бормасангиз ўзингизни ёмон ҳис қиласиз.

Агар буларнинг барчаси сизда бўлса,

шопоголизмга дучор бўлибсиз…

Бунга кўчада ва ишдан уйга борадиган йўлингизда дўконларнинг кўплиги, уйингизда ёки ишда интернет ҳамда бўш вақт борлиги ҳам таъсир кўрсатади.  лекин шопоголизмнинг асосий илдизи инсоннинг миясида, унинг фобиялари ва қўрқувлари билан боғлиқдир.

Хавф гуруҳида кимлар бор?

Болалигида ўзи хоҳлаган кийим-кечакларга эга бўлмаганлар, камбағал оиладан чиққанлар, доим ака-опасининг кийимларини кийишга мажбур бўлганлар шопоголикликка мойил бўлишади. Катта бўлганда улар кичиклигида эришмаган нарсаларининг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилишади.

Шунингдек, болалигида ҳеч қандай рад жавобини олмаганлар, айтган нарсасини олдиришга ўрганганлар ҳам шу ҳолатни давом эттиради. Улар бу нарсадан умуман фойдаланмаслиги мумкин, лекин инжиқликларини қондириш учун атайлаб шундай қилишади.

Ва ниҳоят одамови, ўзига ишончи йўқ одамлар кўп сонли харидлар ёрдамида ташқи дунёдан яширинишга ҳаракат қилишади. Улар савдо ва хариддан бошқа ҳеч нарсани ўйлашмайди. Шу тарзда ўзларини тинчлантиришади.

Нима қилиш керак?

Аввало муаммони тушуниб олишингиз керак. Агар аввало сотиб олаётган нарсаларингиз сизга керак эмаслигини ўзингизга уқдирмас экансиз, шопоголиклизмга қарши кураша олмайсиз.   

Магазинга боришдан олдин ўзингизга керакли нарсалар рўйхатини тузиб олинг. Фақат шу рўйхатдаги нарсаларни сотиб олинг.

Фақат нақд пулга маҳсулот олишга ҳаракат қилинг ёки дўконга борганда ичида кам пули бор пластик картани олиб чиқинг. 

Агар бирон кийимни жуда сотиб олгингиз келса, албатта, уни кийиб кўринг. Агар мос келса ҳам, уни бугун эмас, эртага сотиб олиш ҳақида ўйланг.

Агар нимадир кўзингизга чиройли кўринса ва сотиб олгингиз келса, уйингизга нимадир кераклиги, фарзандларингизга нимадир олиб беришни ваъда қилганингиз ҳақида ўйланг.

Дўкондан нарса харид қилиш ягона антидепрессант эмас – ҳаётингизга мазмун олиб кирадиган машғулотларни топинг. Кинога, театрга, спортзалларига боринг. Шу тарзда сиз ўзингизга бўлган ишончингизни оширасиз, руҳий саломатлигингизни мустаҳкамлайсиз ва дўкон айланишга бўш вақт қолдирмайсиз.

Манзура БЕКЖОНОВА 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: