Саломатлик — энг энг катта бойлик! Саломатлик инсон ҳаётининг мустаҳкам пойдевори, асоси ҳисобланади. Ўқиш, касб эгаллаш, бахтли оила қуриш, соғлом фарзандларни дунёга келтириш, уларни комил инсон этиб тарбиялаш каби мақсадларга эришишнинг асосий шартларидан бири сихат-саломат бўлишдир.
Ҳар бир инсон саломатликни сақлаш борасидаги зарур билим, кўникмаларга эга бўлишга, саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида доимий ҳаракатда бўлишга ҳаётий зарурият сифатида қараши лозим.
Шундай касалликлар мавжудки, улар нафақат инсон саломатлигига, шунингдек унинг ҳаётига тахдид солиши мумкин. Бундай касалликлардан бири ОИТС деб аталадиган касалликдир. Бу хасталик тиббиётда ОИВ инфекцияси деб аталади. Бу инфекция инсон умрининг охригача давом этадиган сурункали юқумли касаллик ҳисобланади.
Ҳозирда ОИВ/ОИТС касаллиги кузатилмайдиган бирор бир минтақа, худуд қолмади деса муболаға бўлмайди. Бу инфекция соғлом одамларга тери бутунлиги бузилиши билан боғлиқ тиббий ва маиший муолажаларда қон орқали, ҳимояланмаган тартибсиз жинсий алоқалар орқали, ҳамда ОИВ инфекцияси билан зарарланган ҳомиладор онадан болага юқиши мумкин.
Ҳар қандай касаллик, носоғлом юритган ҳаёт тарзимизга жавобан ривожланади. ОИВ инфекцияси кўпроқ турли хил шахслар билан жинсий алоқада бўлувчи, гиёҳвандлик каби носоғлом ҳаёт тарзини юритувчи шахслар орасида тарқалади. Улардан касалликнинг соғлом ҳаёт тарзи юритувчи шахсларга ўтиши жуда ачинарли ҳолатдир.
ОИВ инфекциясини юқтирган инсонлар умрларининг охиригача бу касалликдан фориғ бўла олмайдилар. Касалликни юқиш хавфини ошишига олиб келувчи яна бир омил, бу инфекциянинг узоқ вақт давомида яширин кечишидир. ОИВ инфекцияси билан зарарланган одам бир неча ой ва йиллар давомида ўзини соғлом ҳис қилиши, ҳатто ўзининг бу инфекция билан зарарланганлигини билмаслиги ва касалликни билиб — билмай бошқаларга юқтириши ҳам мумкин.
ОИВ инфекцияси тарқалишига замин яратувчи, яна бир омил касаллик қўзғатувчи вирусларни бутунлай бартараф этадиган дори воситаларнинг мавжуд эмаслигидир. ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга бериладиган дори воситалар вирусларни биратўла йўқ қилмайди, уларнинг кўпайишига тўсқинлик қилади. Вируслар танада кўпая олмас экан, демак иммун тизимида сақланиб қолади. Бу эса инфекцияга чалинган шахснинг фаол ҳаёт даврининг бироз узайишига имкон яратади.
ОИВ инфекциясининг олдини олиш инсоннинг кечираётган соғлом ҳаёт тарзига, ўз саломатлигига масъуллик билан қарашига, ОИВ инфекцияси, унинг юқиш йўллари ва олдини олиш чоралари бўйича керакли маълумотларга эга бўлишига ва қоидаларига риоя этиб яшашига боғлиқ. Шу боис ахоли ўртасида мунтазам олиб бориладиган тушунтириш ишлари авваломбор уларнинг ОИВ инфекцияси юқиш йўллари ва олдини олиш чоралари борасида мавжуд тиббий маданиятини оширишга ва касалликнинг олдини олиш қоидаларига риоя этиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Шу муносабат билан вилоятдаги алоқадор давлат-нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллалар, мактаблар, коллеж, лицей ва олий ўқув юртлари, харбий қисмлар, корхона-ташкилотларда ОИВ инфекциясининг олдини олиш тўғрисида доимий равишда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Унутманг! ОИВ инфекцияси, унинг юқиш ва олдини олиш йўллари борасида зарур маълумотларга эга бўлиш ҳамда унинг олдини олиш чораларига умрбод риоя этиб яшаш, ОИВ инфекциясидан сақланишнинг ягона йўлидир.
Ахмаджон АЙИТБАЕВ,
Тошкент вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази санитария врачи