Гендер зўравонлик географик, ижтимоий ёки иқтисодий чегара билмас муаммолардан бири эканлиги барчага аён. Ҳатто, ривожланган мамлакатларда ҳам бу муаммога барҳам бериш жиддий чоралар кўришни талаб қилади. Ҳозир мана шундай характердаги мунозаралар, асосан, ижтимоий тармоқларга ҳам кўчган.
Масалан, хотин-қизларнинг турли кўринишдаги расмлари, видеоларини тарқатиш орқали уларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Бу ҳолатлар келгусида уларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб, оилавий муносабатларнинг бузилишига, жамиятдан ажралиб нотўғри йўлларга кириб кетишига, сабаб бўлмоқда.
Турмуш ўртоғингиз сизга нисбатан нега зўровон?
«Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти 2022 йил ярим йил давомида Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида социологик тадқиқот ўтказди. Унда зўравонликка учраган 18−34 ёш оралиғидаги 420 нафар респондент қатнашди.
Тадқиқотда қатнашган аёлларнинг 39,4 фоизи ўзбек оилаларида эрнинг аёлига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳаракатларини қўллашига кўп ҳолларда хотиннинг эрга гап қайтаришини сабаб, деб билади. 26 фоизи эрининг нафсониятига, 26,3 фоизи эрининг яқин қариндошлари нафсониятига тегишини айтган.
Ўзбошимчалик билан иш тутиши (25,3 фоиз), эрнинг ёмон кайфияти (24,4 фоизи) туфайли ҳам тазйиққа учраганини қайд этган респондетлар бор.
Айрим ҳолатларда эр ва хотин ўртасида муҳаббатнинг йўқлиги (17,7 фоиз), эрнинг ичкиликка ружу қўйиб, маст ҳолатда бўлиши (15,7 фоиз), уй-рўзғор ишларидаги камчиликлар (11 фоиз), телефондаги шубҳали ёзишмалар (7,4 фоиз), хиёнат (3,2 фоиз) сабабли оилада зўравонлик ҳолатлари юзага келган.
Жамоатчилик муносабати
«Менимча, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига аёлларгина эмас, биринчи навбатда давлатнинг ўзи қарши эканига урғу беришимиз лозим. Оиладаги зўравонлик — оиланинг ички иши эмас, бу муаммо бутун жамиятга тегишли. Аёл ўз дарди билан ёлғиз қолиб кетмаслиги керак», — дейди Саида Мирзиёева Тошкентда ўтказилган зўравонликка қарши курашни институционализация қилиш бўйича халқаро анжуманда.
Шунингдек, у Ўзбекистонда жамият зўравонликка нисбатан жуда сабрли экани ҳақида ҳам фикр билдирган.
“Маърифат оз, жаҳолат кўп — аёлларга нисбатан зўравонлик сабаби шу”, деб ёзмоқда жамоатчилик фаоли Шахноза Соатова. “Аёлларга нисбатан зўравонлик бутун дунёнинг муаммоси, ҳар жойда кучлининг ожизга тазйиқ ва зўравонлик қилиш риски мавжуд. Лекин бизда ўзига хос стереотипларимиз борки, аёлга бир зўравон эмас, катта бир жамоатчилик фикри босим ўтказади. Онг ўзгармагунча аҳвол ўзгармайди”, дейди у.
Бу борада блогер Бектош Ҳатамовнинг фикри бироз бошқача. “Ҳа, шубҳасиз аёлларга зўравонлик, босим жамиятимиздаги асосий муаммолардан бирига айланди, лекин ижтимоий тармоқдаги баъзи феминизм тарғиботчилари умуман эркакни кўрса, жазавага тушиб қоляпти. Эркак ҳам ҳақ бўлиши мумкин», деб ёзади у тармоқ саҳифасида.
Яна бир жамоатчилик фаоли Азиза Қурбонованинг таъкидлашича, аслида яшаш эркакка ҳам, аёлга ҳам осонмас. Шу шафқатсиз ҳаётда ҳеч йўқ аёллар бир-бирларини қўлласалар, аёл сифатида ўзларининг адашган ёки хато қилган ҳамжинсларини тушунишга уринсалар, камроқ муҳокама қилиб, кўпроқ ёрдам қўлини чўзсалар… боласини ҳожатхонага ташлайдиган, ўзини сувга отадиган, шифтга осадиган аёллар сони камаяди… Аёлни хатолар кетидан хатолар қилишга жамият сўроқ-саволи, игноридан қўрқув олиб боради.
Блогер Нурбек Алимов тайёрлаган флешмоб остига шундай изоҳ ёзади. Аёлларни ураётганларнинг миясига сал бўлсада ёруғлик киритиш учун флешмоб! «Бугун аёлни урасан, эртага ватанни сотасан!»
Қолаверса, интернет тармоқлари орқали аёл ёки қизларнинг беҳаё расмларини қўрқитиб, тарқатмоқчи бўлганлар ҳам учраб турибди. Ва бунга ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Андижон туманида яшовчи 18 ёшли аёл А.Р. ариза билан мурожаат қилиб, “Аброр” исмли номаълум шахс унинг турли фото-суратлари ва беҳаё тасвирлари бўлган видеоларини Интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, тарқатмаслик эвазига пул талаб қилаётганлигини маълум қилган. Ёки Бухоро вилояти, Когон туманида яшовчи 19 ёшли талаба Т.Б. таниш аёлнинг фотосуратларига махсус дастур ёрдамида қайта ишлов бериб, тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилган. Уларку Қонунга мувофиқ жиноий хатти-ҳаракатлари учун жазосини олишган, аммо, ёш қизларнинг интернетда зўровонликка учраётгани ачинарли албатта.
Онлайн зўравонликнинг асосий платформалари ижтимоий тармоқлар — Фейсбук, Инстаграм, Твиттер ва бошқалар. Бу ЮНИСЕФ томонидан дунёнинг ўнлаб мамлакатлари, жумладан Албания, Бангладеш, Бразилия, Гамбия, Нигерия, Ҳиндистон, Индонезия, Франция ва Украинадан келган 170 минг ўсмир ва ёшлар ўртасида ўтказилган аноним сўров натижаларига кўра, Украинада ўсмирларнинг 34 фоизи интернетда таҳқирланганликларини, 35 фоизи эса зўравонлик туфайли дарсларни қолдиришган. Россияда бу кўрсаткичлар мос равишда 34 ва 24 фоизни ташкил қилади.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг атиги 9 ойи давомида вояга етмаганларга нисбатан 1 240 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Улардан 417 таси жинсий зўравонлик ҳолатларидир. Шунингдек, 166 нафар бола ўз қариндошлари томонидан зўравонликка учраган.
Ўзбекистонда “буллинг” тушунчаси қонунчиликка киритилди.
Яъни, «Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра қуйидаги ҳаракатлар буллинг сифатида баҳоланади:
- бир гуруҳ болалар ёки бир боланинг бошқа болага ёки болаларга нисбатан ҳақоратли лақаблардан фойдаланиш;
- бола билан ҳар қандай мулоқотни чеклаб қўйиш;
- унинг мол-мулкини қўлга киритиш ва зарар етказиш;
- унинг ўзига хос жисмоний, психологик ёки интеллектуал хусусиятларини оммавий муҳокама қилиш;
- Медиа ва интернетда боланинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ёки соғлиғи ва ҳаётига зиён етказишда ифодаланган, муттасил психологик ва жисмоний тажовузкор ҳаракатларни амалга ошириш.
Янги қонун лойиҳаси билан “буллинг” болаларга нисбатан зўравонлик ҳаракати сифатида квалификация қилинади.
Болалар зўравонлиги бўйича АҚШ эксперти, тадқиқот муаллифларидан бири Шанта Дюбнинг айтишича, катталар кўпинча ўзларининг баланд овози ва «аҳмоқ», «дангаса» каби сўзларни болаларига ишлатиши қанчалик салбий таъсир кўрсатишини билмайди. Болалардан ўзлари эшитадиган энг ёмон сўзларни сўрашганда «Ҳеч қандай фойданг тегмайди», «Аҳмоқсан», «Ҳеч нарсани эплолмайсан» ибораларини, энг яхшиларини сўрашганда эса «Сен уддалайсан», «Сен билан фахрланаман» ибораларини айтишган.
Яна бир гап. Зўравонликлар психологик бузилишлар, мураккаб ҳиссий ҳолатга, ҳатто ақлий бузилишларга ҳам сабаб бўлиши, кейинчалик бола билан боғлиқ зўравонлик ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Масалан, бола ўзи учун зўравонлик қилиш мумкин бўлган шерик топиши, худди шу зўравонликни такрорлаши мумкин.
И.Абдужабборов