Ўзбекистон ҳукуматининг сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш борасидаги кўрсатмаларига мувофиқ умумжамоат “Ҳалол” меъёрларини жорий қилиш, шу жумладан Зиёрат-туризмини равнақ топдириш мақсадида юртимизда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги амалий ва ташкилий фаолият Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Дин ишлари қўмитаси ҳамкорлигида олиб борилаётир. Диққатга сазовор ютуқларимиздан бири Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари ва туристик хизматлар соҳасида “Ҳалол” стандартлари жорий қилинди.
“Ҳалол” стандартларининг жорий этилиши муқаддас жойларни зиёрат қилиш мақсадида юртимизга келувчи сайёҳлар оқимининг ортишига, хусусан Туркия, Малайзия, Индонезия каби мусулмон давлатларидан келувчи саёҳатчиларни кўпроқ жалб қилишга ҳисса қўшади. Бинобарин, мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлган сайёҳлик соҳасининг яна бир йўналишини ривожлантиришга имкон беради.
Таъкидлаш лозимки, дунёдаги мусулмон давлатлари фуқаролари республикамизда жойлашган муқаддас масканларга қадам ранжида қилишга алоҳида қизиқиш билдиришмоқда. Шу ўринда, мусулмон давлатларидан келувчи сайёҳлар исломий анъаналар сирасига кирувчи маълум меъёр ва тартибларга амал қилишда жуда талабчандирлар. Ўзбекистонда “Ҳалол” стандартларининг жорий қилиниши мамлакатнинг жаҳон туризм бозори рақобат майдонида яна бир афзал жиҳати ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, айни вақтда “Узстандарт” агентлиги томонидан маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, қадоқлаш ва сотишда давлат “ҳалол” меъёрлари ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
“Ҳалол” белгиси остида сертификатлаштириладиган маҳсулотлар гуруҳига пардоз-андоз ва шахсий гигиена истеъмол моллари; жониворларнинг гўшти, ёғи ва бошқа хомашёси асосида тайёрланадиган озиқ-маҳсулотлар; сайёҳларга “ҳалол” хизматлари кўрсатувчи объектлар киради.
Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туристик объектлар ўз тасарруфида фақат “ҳалол” сертификатига муносиб маҳсулотлардан фойдалансагина махсус сертификат берилади.
“Ҳалол” меъёрлари маҳсулотлар ва хизматларга сифат белгисини беришда сертификатлаштириш органлари олдига бир қатор қўшимча талабларни қўяди.
Ҳозирда маҳсулот ва хизматларни “ҳалол” кўрсаткичига лойиқлигини текширишни амалга ошириш учун “Узстандарт” агентлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Дин ишлари қўмиталари биргаликда юртимиздаги маҳсулот ва хизматларни “ҳалол” талаблари асосида ихтиёрий сертификатлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш фаолиятини амалга ошириш учун давлат сертификатлаштириш органлари белгиланган тартибда аккредитациядан ўтишлари лозим. Аккредитация молиявий харажатларни талаб қилади. Бундан ташқари, бу узоқ муддатли жараён бўлиб, 6 ой, балки ундан узоқроқ вақтга чўзилиши мумкин.
–Малакали ходимларни тайёрлаш ҳамда “ҳалол” стандартлари талабларини сифатли жорий қилиш мақсадида шу кунгача “Узстандарт” агентлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ислом ҳамкорлиги ташкилоти, Ислом давлатлари ташкилотининг стандартлар ва метрология институти экспертлари иштирокида бир қатор семинар-тренинглар ташкил қилинди, – дейди Туристик хизматларни сертификатлаштириш ДУК директори Нуриддин Исломов. – Ҳали бу борада ўрганадиган ишларимиз кўп. Сайёҳлар талабини тўлиқ қондирадиган, жамаотчилик ишончини оқлайдиган даражада синчковлик билан фаолият олиб боришга ҳаракат қиляпмиз.
SMIIC директорлар кенгашининг 2018 йил 4 ноябр санасидаги Саудия Арабистони Макка шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон “Ўзстандарт” агентлигининг масъул органи сифатида бир овоздан 2019 йил 1 январдан SMIIC нинг тўла ҳуқуқли аъзоси дея қабул қилинди.
Маълумот учун:
“Ҳалол” (حلال) атамаси арабчада рухсат берилган, яъни шариатда тақиқланмаган деган маънони англатади.
Ҳалол озиқ-маҳсулотларнинг ўзига хослиги шундаки улар таркибида Ислом динида истеъмоли тақиқланган жонивор гўштлари, спиртли, сарҳуш қилувчи қўшимчалар бўлмайди. Шу вақтнинг ўзида пишириқлар ва ширинликларнинг қадоғига ҳам “Ҳалол” тамғаси босилган бўлса, уларда ҳам мусулмончиликда истеъмоли мумкин бўлмаган озиқ қўшимчалар йўқлигини билдиради. Мисол учун “Ҳалол” белгиси остидаги торт ва пирожнийларни тайёрлаганда ҳам харом ҳисобланган ҳайвон ёғлари ҳамда спиртли ликёрларни қўшиш мумкин эмас. Амалиётда “Ҳалол” белгиси остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни тайёрлашда “Ҳалол” сифат сертификати берилган хомашёлардан фойдаланилади.
Мусулмончиликда истеъмолга “харом” деб зикр этилган омилларга ўзи ўлган ҳайвонларнинг териси, гўшт ва ёғлари; маст қилувчи спиртли ичимликлар, йиртқич ҳайвонларнинг гўшт ва бошқа маҳсулотлари, таркибида жонивор қони бўлган маҳсулотлар, чўчқа, эшак, маймун, ит, илон кабилар ҳамда хашаротлар киради.
“Ҳалол” белгиси остида истеъмолга чиқариладиган озиқ-маҳсулотлар таркибига қўшиладиган ҳайвон ва парранда гўштларини етказиб беришда ва сўйишда ҳам маълум тартиб-қоидаларга амал қилинади.
Озиқ-овқат саноатида “Ҳалол” сертификати берилган маҳсулотлар махсус технологияга мувофиқ ишлаб чиқарилади. Хусусан уларни дала шароитида етиштиришда ва ишлаб чиқаришда ҳеч қандай гормонал, музлатилган қўшимчалар қўшилмайди. Шу нуқтаи назардан “Ҳалол” тамғаси босилган озиқларни тўла маънода экологик тоза маҳсулот дейиш мумкин.
Манзура БЕКЖОНОВА