19 февралда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов сайёҳлик индустриясининг малайзиялик етакчилари билан учрашди. Улар 21-23 февралда Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форумда иштирок этишади.
Форумга келувчи меҳмонлар орасида Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Мохд Асри Бин Зайнул Абидин, шунингдек Ислом сайёҳлик маркази ҳамда Ҳалол тадқиқотлар ва менежментлик институти мутахассислари, Малайзия туристик компаниялари ва туроператорлар ассоциацияси, «TH Travel» зиёратчиларни жўнатиш сайёҳлик агентлиги вакиллари ҳам бор.
Учрашув давомида иштирокчиларга бўлиб ўтадиган форумдан кутилаётган асосий мақсад ва вазифалар ҳақида маълумот берилди. Ушбу форум асосан зиёрат туризми йўналишидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва бу борада тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон жаҳонда зиёрат туризмининг йирик марказларидан бири сифатида эътироф этилаётгани ва мамлакатда жаҳон “Ҳалол” стандартлари жорий қилингани тўғрисида маълумот берилди.
Малайзиялик иштирокчилар Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва янгиликлар уларга маъқул бўлаётганини айтиб ўтдилар. Айниқса дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатлари, шу жумладан Малайзия фуқаролари учун ҳам виза тартиби бекор қилиниши, меҳмонхона бизнесини йўлга қўйиш истагидаги инвесторлар учун катта ҳуқуқ ва имтиёзлар яратилаётгани, чегара ва божхона хизматларида тўсиқлар олиб ташланганлигини хурсандчилик билан эътироф этишди.
Мулоқот чоғида малайзиялик вакиллар чет эллик сайёҳларни жалб этиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Учрашувда форумдан кейин бир қатор ишларни амалга оширишга келишиб олинди. Малайзиянинг етакчи сайёҳлик компаниялари учун Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонасида халқаро форумда иштирок этган экспертларнинг хулосалари асосида тақдимот ўтказиш; Перлис штати муфтияти ҳамкорлигида Малайзиянинг мусулмон жамоатчилиги олдида Ўзбекистонда зиёрат туризми мавзусида “роуд шоу” ўтказиш; жорий йил 15-17 март ҳамда 6-8 сентябрда Малайзияда бўлиб ўтадиган «МАТТА FAIR — 2019» ярмаркасида ўзбекистонлик вакилларнинг «Welcome to Uzbekistan» миллий стенди билан иштирок этишини таъминлаш; Малайзия тажрибасини ўрганган ҳолда биргаликда Ўзбекистонда “Ҳалол” сертификатини жорий қилиш дастурини ишлаб чиқиш, бу борада мутахассислар малакасини ошириш кабилар шулар жумласидан.