Қачон сурункали шаклга ўтади?
Бронхитнинг ўткир ва сурункали турлари фарқланади. Ўткир турида бемор ҳолсизланади, мушаклари қақшайди, йўтал бошланади, кўкрак соҳаси қисилиб, оғрийди. Бироз ўтиб, унга тумов ҳам қўшилади, баъзи ҳолларда эса тана ҳарорати кўтарилиши мумкин. Қолаверса, беморни мунтазам равишда йўтал тутиб, йиринг аралаш балғам ажралади.
Балғам ранги оқ ёки сарғиш бўлиши мумкин — бу касалликнинг катарал шаклини кўрсатади. Яшил рангли балғам фаол юқумли жараён ва йиринглаш бошланганини англатади. Касаллик аломатлари 3-4 кун ўтиб авж нуқтасига чиқади ва 5-кундан бошлаб аста-секин клиник белгилар камая бошлайди. Даволаш ўз вақтида олиб борилса 7-10 кундан кейин касаллик бутунлай тузилади ва ҳеч қандай асорат қолдирмайди. Бронхит тўлиқ даволанмаса, касаллик чўзилиб, сурункали тусга ўтади ва ўзидан оғир асоратлар қолдириши мумкин.
Бу муҳим!
Ўпка билан худди дарахт шохларидек боғланган бронхлар шиллиқ қаватининг ўткир яллиғланиши асосан, қишда, тананинг иммунитет ҳимояси заифлашганда ва юқумли агентларнинг шиллиқ қаватларга кириб бориши осонроқ бўлганда содир бўлади. Кўпинча об-ҳавонинг ўзгариши, ёмон одатларга (ичкиликбозлик, кашандалик) ружу қўйиш ҳамда ҳавода турли зарарли моддалар (газ, чанг, кучли эфир мойлари) кўпайиши ва уларни нафас орқали ичга ютиш ҳалқум, ҳиқилдоқ ёки кекирдак (трахея)ни зарарлаб, бронхлардан ўпка томон тарқалади.
Айниқса ёш болалар учун хавфли
Сурункали бронхит касалликнинг узоқ муддат чўзилиши билан фарқланади. Унинг шаклланишига ўткир бронхит белгилари сабаб бўлиб, клиник белгилари ҳам ўзаро ўхшаш бўлиши мумкин. Сурункали бронхитда хатто енгил жисмоний зўриқиш ҳам нафас қисишига олиб келиши мумкин. Бунинг сабаби бронхлар шиллиқ қаватининг доимий шишиши натижасида ҳаво ҳажмининг етарли бўлмаслигидир. Бу ҳолат сурункали обструктив бронхит (СОБ) деб аталади. Бу айниқса ёш болалар учун хавфли, чунки уларнинг ўпкаси катталарникига қараганда анча кичик. Ўпкада ҳаво оқимининг камайиши ўз навбатида бутун организм бўйлаб кислород алмашинуви бузилишига олиб келади ва бунинг натижасида болада умумий юрак-ўпка етишмовчилиги пайдо бўлиши мумкин.
Асоратлари
«Гайморит, отит ва зотилжам каби асоратлар аксарият ҳолларда бронхит қайталаши оқибатида келиб чиқади. Юрак-қон томир тизимида касаллиги бўлган ва анча қувватдан қолган беморларда бронхит туфайли майда бронхлар ҳам зарарланади.
Касаллик ривожланган сари беморнинг лаби кўкаради, тинка мадори қурийди, кўкрагида оғриқ туради, ўпкасида хириллашлар эшитилади. Қолаверса, нафас сустлашади, томир уриши тезлашади. Бундай вақтда беморни зудлик билан шифохонага ётқизиш лозим.
Касаллик қўзғатувчилари
вируслар (аденовирус, грипп вируси);
бактериялар (одатда стрепто-, пневмо- ва стафилококклар);
микоплазма ёки хламидия каби атипик микроорганизмлар;
Замбуруғ инфекциялари;
Кимёвий омиллар таъсири;
Ҳавода тутун ва ёки чангнинг кўпайиши;
Аллергия.
Потологиянинг юзага келишига юрак-қон томир ва ўпка тизими касалликлари, шунингдек томоқ, оғиз бўшлиғи ва бодомсимон безнинг сурункали инфекцион-яллиғланишлари ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Бу муҳим!
Албатта, бронхитни даволаш фақат дори-дармонларни қабул қилиш билан чекланмайди. Асосий даъво чораси бу – ётоқ режимига қатъий риоя қилишдир. Дам олиш иммунитет тизимини вируслар ва бактерияларга қарши курашишига ва организмга курашга сарфланган ресурсларини тезда тиклашга ёрдам беради.
Мутахассис тавсиялари
— Хонани мунтазам равишда шамоллатинг ва намлагичдан фойдаланинг. Бу вируслар кўпайишига тўсқинлик қилиб, беморнинг яқинларига касаллик юқишидан сақлайди.
— Хона ҳарорати 20°дан 22° даражагача, намлик эса 40% дан 60% гача бўлиши лозим. Тоза ва нам ҳаво нафас йўллари шиллиқ пардаларининг қуриб кетиши ва аллергик йўтал пайдо бўлишининг олдини олади. Бундан ташқари йўтал хуружларини камайтириб, балғам тез чиқиб кетишига ёрдам беради.
— Бемор кунига камида 2 литр суюқлик ичиши керак. Kўп миқдорда илиқ сув ичиш томоқнинг шиллиқ қаватини намлайди, юқори ҳарорат фонида ривожланиши мумкин бўлган сувсизланишни йўқ қилади ва тананинг детоксификация жараёнини тезлаштиради.
— Сувдан ташқари чой, мевали компотлар ҳам фойдали. Ичимликлар жуда нордон ёки жуда ширин бўлмаслиги керак: бу фақат томоқ шиллиқ қаватининг қичишиш хусусиятини оширади.
— Тўғри овқатланишга риоя қилинг! Даволаниш даврида оғир, ёғли ва қовурилган овқатларни рациондан чиқариб ташланг. Тана уни ҳазм қилиш учун кўп энергия сарфлайди, бу эса иммунитет тизими микробларга қарши курашишини қийинлаштиради.
— Касаллик тез ўтиб кетишини истасангиз, томоқнинг шиллиқ қаватини шикастлаши ва натижада беморнинг аҳволини ёмонлаштириши мумкин бўлган қаттиқ овқатлар (крекерлар, қаттиқ олма, қуруқ печенье) истеъмол қилмаслик керак.
Ингаляция йўли билан даволанинг
Агар бронхит йўтал ва нафас сиқилиши билан сизни қийнаётган бўлса, уй шароитида натрий хлор эритмасидан фойдаланишингиз, яъни буғдан нафас олиш воситасида даволанишингиз мумкин. Бироқ ингаляторда нафас олиш учун қўшимча сифатида шифокор махсус препаратларни буюриши керак. Шуни таъкидлаш керакки, ингаляция тана ҳароратлар юқори бўлганда амалга оширилмайди.
Кўкрак қафасини компресс қилинг
Кўкрак қафасини уқалаш ва компресс қилиш соҳада қон айланишини фаоллаштиришга ёрдам беради, шу билан балғамнинг тез чиқишини ҳам таъминлайди. Касалликни комплекс ҳолда даволаш натижасида ва шифокорнинг барча тавсияларига амал қилган ҳолда 2-3 ҳафта ичида бутунлай оёққа туриб кетасиз.
Фарангиз АТАБАЕВА тайёрлади