Халқимизда келин танлашда қиз қанча ёш бўлса, шунча яхши, деган тушунча устунлик қилади. Чунки уни тез мослаштириш, йўлга солиш осон. Аммо, у бир матоҳ эмаски, бир жойга олиб қўйса, ўша жойда тошдай қотадиган. Ҳаёт ҳар доим ҳам бир текис кечмайди. Унинг паст-баланди, чиғириқлари бор. Фақат рўзғор тутумига ўргатилган қиз оғир кунларда оила аъзоларига қўш-қанот, моддий ва маънавий суянчиқ, ҳамкор-ҳаммаслак бўла оладими?
Ўрганишлар натижасида 16 ёшдан ошган қизларнинг 11 фоизигина ўзларини турмушга чиқишга тўлақонли тайёр, деб ҳисоблаши маълум бўлди. 89 фоиз қизлар эса, тасаввурида келажакдаги оналик, эр-хотин, қайнона-келин муносабатларида низоли ҳолатлар вужудга келганда катта хавотирланиш бор эканини кўрсатди. Эртанги кунга нисбатан хавотирланиш ва ўзига ишончи кам бўлган бу қизлар турмушга чиққач ҳаёт синовларига бардош бериши даргумон. Оқибатда эса…
– Боғимизда бир ниҳол эксак, шу ниҳол ўсиб, мевага киргунга қадар атрофида неча марта парвона бўламиз, –– дейди “Оила” илмий марказининг ходими Инобат Каримова. – Бировнинг жонига жойлаб ўстирган қизини уйимизга олиб келарканмиз, унинг ҳам бир ниҳол эканлигини унутмайлик. Уни қанча ардоқласак, билмаганларини ўргатсак, етакласак, шунда келиннинг ҳам шу оилага мослашиши осон бўлади, оиласи мустаҳкам бўлади. Набираларимиз ҳам кўзимизни қувонтириб, бағримизда яшайди. Қизларимизни фақатгина уй тутиш, кир ювиш ва овқат пиширишга эмас, ҳаёт синовларига бардошли қилиб тарбиялашимиз лозим. Дунёқараши кенг, маълум бир касби-корнинг бошини тутган қиз оиланинг ҳам қадрига етади. Ёшларимизни ана шундай тарбиялашда биз, катталар айрим ҳолларда қаноат, сабр, тоқат, кечиримлилик етишмаяпти.
«Қайнотам қиммат костюм-шим олиб берсин!»
Ажримлар сабабини ўрганганимда қизиқ бир статистикага дуч келдим. “Оила” илмий амалий маркази ўтказган тадқиқотда 57 фоиз иштирокчи ота-онаси бадавлат қизга уйланган йигитларнинг ҳаёти моддий қийинчиликсиз ўтади, деган фикрни қўллаб-қувватлаган. Қайнота-қайнонанинг куёвига берган моддий кўмагига ишониб қолиш йигитларимизда масъулиятсизлик, боқимандалик хусусияти шаклланганлигини кўрсатади. Бундай қарашлар бугунги кунда катта оилавий муаммоларга сабаб бўлаётгани сир эмас. Бу айниқса, тўйларимизда яққол кўзга ташланмоқда. Келин олиб келган мебеллар хорижники бўлмаса, сарпо-суруғлар ва ўйлаб топилган бошқа расм-русумларда камчилик қайнонанинг эътирози, хархашасига сабаб бўлаётгани, натижада қуда-андалар ўртасига совуқчилик тушаётгани, арзимаган гап-сўзлар туфайли оилалар бузилиб кетаётганининг кўп бор гувоҳи бўлганмиз.
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Ажримлар сони ортиб бориши, етим қолаётган фарзандлар, гўдакларини ёлғиз тарбиялаётган оналарнинг кўпаяётганлиги, йигитларимизда йўқолиб бораётган мардлик, ғурур, орият айни юқоридаги каби тасаввурнинг маҳсулидир.
– Яқинда шундай бир воқеага гувоҳ бўлдим, – дейди Республика хотин-қизлар қўмитаси хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўлим бошлиғи Дилором Қўзиева. – Келин томон бўлажак куёвга сарпо қилиш мақсадида уни магазинга чақиради. Куёвга эса улар танлаган сарпо ёқмайди. Ўзи ундан уч баравар қимматроқ сарпо танлайди ва сотувчига “Қайнотам пулини ташлаб кетади”, дейди. Сотувчи бўлажак қайнотанинг энг яқин дўсти бўлиб, бу ҳолатдан ҳайратга тушади. У дўстига бундай йигитга қиз бермаслигини маслаҳат берибди. Ҳали тўй бўлмасдан туриб, қайнотадан таъма қиладиган йигит эртагаоила таъминотини бўйнига оладими? Куёвнинг пайпоғидан тортиб, ички кийимигача олиб келган келин-чи, эрини гапиришга қўядими? Йўқ! Мана шундай оилалар пойдевори омонат бўлади.
Ўғил бола улғайиб йигитга айланади. Сўнг, уйлангач, оиласини ҳар томонлама таъминлаш учун ўзини ўтга-чўққа уриб ҳаракат қилади. Тўғри, бозор иқтисодиёти пайтида йигитларимиз оила боқишда муаммоларга дуч келаётгандир. Буни кечириш мумкиндир, аммо, астойдил ҳаракат қилмасликни кечириш мумкин эмас. Бунда аёлларнинг ҳам қисман айби бор. Аёл оила таъминотининг оғир қисмини зиммасига олган сари, эркаклар асосий масъулиятни зиммаларидан соқит қилишлари турган гап. Бу эса қадриятларимизга тўғри келмайди.
«Менинг ҳам рафиқам жанжалкаш…»
Яна бир қизиқ факт: қаранг-ки йигитларимизда “Эр-хотин бир-бири билан қанча кам мулоқот қилса шунча низолар кам бўлади” деган фикр устун экан. Шундай фикрлайдиган йигит оилада соғлом муҳит ярата оладими? Йўқ. Аслида оиладаги кемтикликлар мулоқотнинг етишмаслиги, руҳан ва маънан ёлғизлик туфайли юзага келади. Ҳар қандай суҳбат бир-бирини тушуниш, маънавий жиҳатдан тўлдириш, руҳнинг озиқланишига хизмат қилади, инсонни яқинлаштиради. Мулоқот орқали оиланинг кам-у кўсти, маънавий муҳити, фарзандлари тарбиясидаги ижобий ёки салбий қирралар очилади. Ноаниқ масалаларга ойдинлик киритилади, саволларга ечим топилади.
– Охирги марта турмуш ўртоғингиз билан қачон дилдан суҳбатлашдингиз, – дея савол бердим ажрашиш арафасидаги бир йигитга. — Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, унинг ҳам сизга айтадиган гаплари бордир. Фарзанд тарбияси, келажаги, орзулари борасида суҳбатлашасизларми ҳеч?
–Феъли ёмон, йўқ жойдан жанжал чиқаради, — деди суҳбатдошим.
–Аслида ёмон феъл эътиборсизлик натижаси эмасми?
Суқротнинг аёли ўта жанжалкаш бўлган экан. Шогирдлари ундан бундай худбин аёлга қандай чидаб яшаётганлиги ҳақида сўрашганида, Суқрот: “Жанжалкаш рафиқам мен учун гўё чавандознинг асов оти кабидир. Асов отни бўйсундиролган чавандоз ҳар қандай тулпорни бемалол мина олганидек, мен ҳам Ксантиппа билан муроса қилиш воситасида ўзга кишилар билан осонгина муомалада бўла оламан”, деган экан.
Гапирсак гап кўп. Орамизда ҳаёт синовларидан мардона ўтиб, ўзи учун бахт қўрғонини яратаётганлар ҳам кам эмас. Улар ҳақида “Уйида бахти борлар, чинакам бахтиёрдир”, деб ёзган бир шоир. Сабр-қаноат, ўзаро ҳурмат муҳити устун бўлган оилада барака ва осойишталик ҳукм суради.
Рисолат МАДИЕВА, журналист