Болалар шифокордан қўрқмасин

Кўпчилик одамлар сут тишлари барибир тушиб кетади, киши ҳаётида у қадар аҳамиятга эга эмас, деб ўйлашади. Аслида бола организмининг овқат ҳазм қилиш жараёнига илк кўмакчи сут тишлари бўлади. Ҳомиладорликнинг бешинчи ҳафтасидаёқ эмбрионда тишлар шакллана бошлайди. Бу даврда ҳомиладор аёл кальцийга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиши зарур.

Болалигида тиш шифокори ҳузурига бормаган, қаршисида оқ халатда турган доктордан қўрқиб йиғламаган одам бўлмаса керак. Нафақат болалар, ҳатто катта кишилар ҳам стоматолог қабулига боришни ўйласа юраги безиллайди.

Шуниси қувонарлики, бугунги кунда қулай, оғриқсиз ва асоратсиз даволайдиган стоматология ҳаётимизга кириб келди. Замонавий тиббиёт мўъжизалари мушкулимизни осон, азиятимизни енгил қилмоқда. Биз Чирчиқ шаҳар Болалар стоматология поликникаси раҳбари, олий тоифали шифокор Камола Хўжаева билан суҳбатда болалар стоматологиясининг бугунги ютуқлари, соҳада яратилган қулайликлар ҳақида маълумот олдик.

–Камола опа, сиз ўтган 2018 йилда “Йилнинг энг яхши шифокори” республика танловининг “Энг яхши стоматолог” йўналишида юқори натижага эришган эдингиз. Келинг, дастлабки саволни шундан бошласак, яхши стоматолог қандай бўлиши керак? Шу билан бирга, болалар стоматологиясининг муҳим жиҳатлари ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

–Даво истаб ҳузуримизга келаётган ҳар бир беморга, аввало, инсон деб қараш бу ҳаётий принцип бўлиши керак. Чунки шифохона остонасидан ҳатлаб келган киши борки, биздан нажот кутади. Буни шифокор бошқаларга қараганда кўпроқ англаши муҳим ҳисобланади.

Болаларнинг тиш касалликларини даволовчи шифокор йилда бир марта эмас, ҳар куни ўз малакасини ошириши, ўз устида ишлаши зарур. Чунки замон тараққиёт сари юзланаяпти. Тиббиёт жадал суръатда ривож топиб бораяпти. Хусусан, бизнинг соҳамизда ҳам, оғиз бўшлиғи касалликларини тез ва қулай тарзда даволашнинг янгича усулари татбиқ этилмоқда. Яхши стоматолог соҳа янгиликларидан бохабар бўлиши ва стоматологияда жорий этилаётган янгича усулларни пухта эгалламоғи шарт.

–Айни пайтда соҳага қандай янгиликлар жорий этилмоқда? Айнан қандай усулларни бугун энг самарали, кичкинтойлар учун қулай даво чоралари деб айтиш мумкин?

–Ҳозирда болалар терапевтик стоматологияси бир қатновда бажариладиган даво муолажаларига асосланган. Бу жараён замонавий оғриқсизлантирувчи ва зарарсизлантирувчи воситалар, кафолатли, юқори сифатли пломбаларни қўллаган ҳолда олиб борилмоқда. Бу борада тиш-жағ тизимида нуқсони бор болаларда миобрайслардан, резинали трейнерлардан, мураккаб комбинацияли пластинкалардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Санаб ўтилган усуллар айни пайтда хорижда ҳам самарали қўлланилмоқда. Шунингдек, болалар жарроҳлик амалиётида тил, юқори лаб, тил ости тугунчаси нуқсонлари, оғиз бўшлиғи кисталари ва абцессларни даволашда ҳам ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.

Айтиш мумкинки, бугунги кунда болалар тиш касалликларини даволашда болаларни чўчитмай, оғритмай, кўп қатнатмай бир мартада даволаш имконияти пайдо бўлди. Булар болаларнинг тиш шифокоридан қўрқмаслигига, ота-оналар учун эса оворагарчиликсиз фарзандининг тишларини ўз вақтида даволатишга шароит яратмоқда.

Лекин биринчи тасаввурига кўра, уколдан, оқ халатдан қўрқиш барибир кичкинтойларда ҳадиқ уйғотади. Демак шифокор илк бор келган бола билан тил топишиб, сўнг ўз ишига киришса, кейинги сафар бола ҳам чўчимай, салом бериб ўзи кириб келади.

–Ҳомиладор ёки лактация даврини бошидан ўтказаётган оналарда тиш касалликлари кўп кузатилади. Бу муҳим даврда аёлларимиз ўз тишларига нечоғли эътиборли бўлишлари керак? Бу борада ёш оналарга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

–Дарҳақиқат, кўпчилик одамлар сут тишлари барибир тушиб кетади, киши ҳаётида у қадар аҳамиятга эга эмас, деб ўйлашади. Аслида бола организмининг овқат хазм қилиш жараёнига илк кўмакчилар сут тишлари бўлади, десам адашмайман. Ҳомиладорликнинг бешинчи ҳафтасидаёқ эмбрионда тишлар шакллана бошлайди. Бу даврда ҳомиладор аёл кальцийга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиши зарур. Бола туғилгандан кейин уни тўғри овқатлантириш ҳам тишларнинг ўз вақтида ёриб чиқишини, мустаҳкам бўлишини таъминлайди. Демак кичкинтойни унинг организми учун зарур бўлган кальций, фосфор тузларига бой витаминлар билан тўлақонли озиқлантириш тиш тўқималари тўғри шаклланишига ёрдам беради.

Болаларда тишларнинг эрта тушиши, синиши – бу меъёрий ҳолат эмас, аксинча организмда кальций етишмовчилигидан нишонадир. Шунинг учун оналар ҳомиладорликнинг илк кунлариданоқ сервитамин, минерал моддаларга бой маҳсулотларни истеъмол қилиши лозим. Бола дунёга келгандан кейин ҳам уни яхши озиқлантириши, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда керакли витаминларни бериб бориши, стоматологдан керакли тавсияларни олиб туриши, боланинг тиш ва оғиз бўшлиғи гигиенасига эътиборли бўлиши талаб этилади.

Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди.  

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: