Мияга сув керакми?

Одам ҳар куни меъёрий миқдорда сув ичиши бутун организмнинг, шу жумладан буйрак, жигар, тери, мушаклар ҳамда қон томирларининг меъёрий фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Одам ҳар куни меъёрий миқдорда сув ичиши бутун организмнинг, шу жумладан буйрак, жигар, тери, мушаклар ҳамда қон томирларининг меъёрий фаолият кўрсатишини таъминлайди. Сувни кам ичиш саломатлик борасида қатор нохушликларга олиб келиши мумкин. Бир қатор тиббиёт олимларининг айтишича бу одат мия суст ишлаши, яъни интеллект пасайишига ҳам сабаб бўлар экан.

Биласизми, танамизнинг 65-70 фоизи сувдан иборат. Миямизнинг эса деярли 80 фоизини сув ташкил қилади. Табиат инсон организмини мукаммал қилиб яратган. Сув етарли бўлган муҳитда танада модда алмашинуви, ҳужайраларнинг янгиланиши жараёнлари фаоллашади. Сув етарли бўлганда танада йиғилган токсик моддалар тез чиқариб юборилади, озиқ-моддалар ҳамда кислород тана бўйлаб бир маромда тақсимланади.

Мия — инсон танасидаги ўта мураккаб тузилган аъзолардан бири. Унинг ёрдамида биз барча ахборотларни қабул қилиб оламиз, фикрлаймиз, ҳис қиламиз, фойдали режалар тузамиз. Бунда миямизнинг бор-йўғи 2-3 фоизи иштирок этади. Демак, мия интеллектини ривожлантириш ёрдамида катта ютуқларга эришиш мумкин. Агар имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмасак, миямиз бора-бора “ўтмаслашиб” қолади. Албатта, бунга бир қатор ташқи омиллар ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш, жисмоний ҳаракат қилмаслик, овқатланишда витаминлар камлиги, етарли сув ичмаслик, вақтида дам олмаслик, хавода кислород етишмаслиги кабилар мияга салбий таъсир кўрсатиб, хотира ва онг пасайишига олиб келади.

Мия нега чанқайди?

Инсон мияси сув тақчиллигига ўта сезгир бўлади. Хатто таркибидаги 1 фоиз сувни йўқотиш ҳам бу аъзога халокатли таъсир кўрсатиши мумкин.

Хўш мияга сув нега керак? Қувват ишлаб чиқариш, асаб импульсларини етказиб бериш, ахборотни қайта ишлаш ва ўзлаштириш учун. Сув қувват ишлаб чиқаришда муҳим бўлган кислород ва глюкозани эритишга ёрдам беради. Шунингдек, сув миядаги фикрлаш ва ахборотни эслаб қолиш қобилиятини яхшилайдиган электр манбаи ҳамдир.

Кимки ҳар 10 дақиқада бир неча қултум сув ичиб миясини етарли сув билан таъминлаб турса, у тез ўйлаш, тез фикрлаш, эътиборни тез жамлаш қобилиятига эга бўлади, ҳар бир ишга ижодий ёндашади. Бу омил болалар учун ҳам, катталар учун ҳам жуда муҳимдир. Сув кам ичилса, организм сувсизлана бошлайди. Бунда энг кўп зиён кўрадиган аъзо мия бўлади.

Кўп сув ичиш зарарлими?

Агар танадаги барча аъзолар меъёрий фолият олиб бораётган бўлса, танада ортиқча сув йиғилиб қолмайди. Унинг ортиқчаси доимий тарзда буйраклар воситасида ташқарига ҳайдалади. Бу аъзо ишида муаммо пайдо бўлса, унда танага кўп сув тўпланиши ножўя ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Олимларнинг таъкидлашича семизлик, депрессия ҳамда саратон ҳам организмнинг сурункали сувсизланиши оқибатидир.

Сув ичиш тартиблари

Овқат ҳазм қилганда организм энергия сарфлайди, сувни ҳазм қилиш учун эса ферментлар ҳам, қувват ҳам керак бўлмайди. Сув ҳеч қандай калорияга эга эмас. Агар сув ўрнига бошқа ичимлик ичсангиз, у қандайдир маънода чанқоқни қондириши мумкин, аммо сувга бўлган эҳтиёж ўрнини қоплай олмайди. Бунинг устига турли ширин ичимликлар таркибида қанд ва бошқа зарарли моддалар бор.

Яхшиси, сувни илиқ ҳолатда ичиш керак. Сувни асосан овқатланишлар орасида ичиш ва овқатланишдан 30 дақиқа олдин сув ичишни тўхтатиш зарур. Овқатлангандан кейин бирон соат ўтгандан кейин сув ичиш тавсия этилади. Соат 18.00 дан кейин сув ичмаган маъқул. Тунда эса сув ичишга эҳтиёж бўлмайди.

Ишда бўлганимизда кўпинча сув ичишни унутиб қўямиз ва хатто баъзида чанқоқни очлик билан адаштирамиз. Сувсизлик ва унинг асоратларини бартараф этишнинг оддий усули – ишхонада ва уйда столга тоза газсиз минерал сув қўйиш ва ҳар кўз тушганда ундан бир қултум ҳўплашдир.

Қандай сув ичиш керак?

Сув ичганда унинг тозалигига, кимёвий, радиоактив ва заҳарли моддалар, токсик металлар, бактерия ва вируслар, хлор ва фтордан зарарланмаганлигига, табиий минералларга бойлигига, таъми яхшилигига эътибор қилиш керак.

Фойдали маслаҳатлар

  • Кунингизни 350-500 мл илиқ сув ичишдан бошланг. Қиш пайти кунига 1,5-2 литр, ёзда 2-2,5 литр сув ичинг.
  • Ҳар доим қўлингиз етадиган жойда 1 бутилка тоза сув бўлсин. Айниқса ақлий меҳнат талаб этадиган касб-кор билан машғул бўлсангиз, бу нарсага алоҳида эътибор беринг.
  • Истеъмол қилиш учун яхшиси фильтрланган, қайнатилган ёки бутилкаларда сотиладиган тоза сувларни танланг.
  • Салқин ичимликлар, кофе, сут, шарбатлар сувнинг ўрнини босолмайди.
  • Агарда сиз теран ақлга, зукко интеллект, ўткир хотирага эга бўлишни истасангиз миянгизни етарли сув билан таъминлашга эътиборли бўлинг.

Мия сувсизланса нима бўлади?

Агар сув етишмаса мия фаолияти тормозланиб қолади ва бошда оғирлик, хорғинлик, эслаб қолиш ва эътибор сусайиши, депрессия, жиззакилик, жаҳлдорлик, ҳаяжонни жиловлай билмаслик, кенг фикрлай олмаслик каби аломатлар кузатилади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, агар миядаги сув 2 фоизга камайса, хотира йўқолади, паришонхотирлик ҳамда математик ҳисоб-китобларда оқсаш кузатилади. Сурункали сув етишмаслиги аста-секин миядаги ҳужайраларнинг нобуд бўлишига, мия ҳажми ва массаси камайишига олиб келади.

Бундай ўзгаришлар кўпинча йиллар давомида керакли миқдордаги сувни истеъмол қилмаган кексаларда кузатилади. Бу ҳолат ақлий заифликка етаклайди. Аксинча, етарли даражада сув ичиб юриш Альцгеймер, Паркинсон касалликлари ҳамда амиотрофик склероз хавфини камайтиради.

Шаҳризода АТАБАЕВА тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: