ИПОТЕКА-БАНК: Кредит олиш учун нима қилиш керак?

Кредит олмоқчи бўлган тадбиркор биринчи навбатда ўз ғояси билан маҳалла фуқаролар йиғини раисига мурожаат қилиши лозим. Ҳар бир маҳаллага тумандаги ёки шаҳардаги 4 та сектордан  биттаси бириктирилган. Тадбиркор шу сектор раҳбари ҳамда маҳалла раисидан тавсиянома олади.

Ипотека банкнинг навбатдаги анжуманида тадбиркорларга кредит ажратишни янада енгиллаштириш масалалари муҳокама этилди. Унда ўтган йилларда ва 2019 йилда кредит ажратиш борасида қандай янги тизимлар жорий этилгани, кредитларни мақсадли сарфлаш, муаммоли кредитларни ёпиш тартиблари, кредит сиёсатига хорижий линияларни жалб қилиш ва бошқа мазмундаги саволлар ўртага ташланди. Банк мутахассислари уларга батафсил жавоб беришди.

ВАЛЮТАДА КРЕДИТ  КЕРАКМИ – МАРҲАМАТ!

Иброҳим МАМАЖОНОВ, Инвестицион лойиҳаларни мувофиқлаштириш маркази директори:

–Бугунги кунда барча тадбиркорлар хориж технологияси асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилган. Бу орқали Ўзбекистон иқтисодиётига ўз ҳиссаларини қўшишяпти. Бизнинг банкимиз ҳам инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришда хорижий кредит линиялари ҳисобидан уларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратган. Бугунги кунда республикада 16 та хорижий кредит линияси мавжуд бўлиб, уларнинг асосий суммаси бугунги кунда 359 млн долларга етди. Ипотека банкда 16 та хорижий линия бўйича 177 млн доллардан ортиқ маблағ мавжуд.

Яна бир муҳим жиҳати Ипотека банк томонидан ҳукумат кафолатсиз хорижий кредит линияларини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилган. 2019 йилнинг ўзида Россиянинг Газпром банки билан 30 млн.долларлик, Германиянинг Одо банки билан 50 млн.ЕВРОлик, Швейцариянинг Кредит Суис банки билан 200 млн долларлик келишувларга эришди. Бундан ташқари Хитой давлат тараққиёт банкининг 40 млн долларлик, Корея Эксим банкининг 10 млн долларлик, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 30 млн.долларик кредит линияларини жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Жорий йил феврал ойида тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Ипотека банк инвестицион фаолиятни мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази ташкил қилинди. Унинг вилоят бўлимлари ҳам бор. Инвестиция марказининг вазифаси хорижий кредит олишни истаган тадбиркорларга маслаҳат кредит хизматлари кўрсатади. Яъни кредит олишдан тортиб, фойдаланиш ва ёпишгача бўлган жараёнда бизнес юритувчиларга ёрдам беришдан иборат.

КАМ ТАЪМИНЛАНГАН ОИЛАЛАР – ЭЪТИБОРДА

 Санжар МУРОДОВ, Аҳоли тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш дастурларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи:

–Барчага маълум Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб аҳоли хонадонларига бориб, суҳбат ўтказиш орқали, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ишлари бошланган эди. 2019 йил 7 мартда Ўзбекистон республикаси Президентининг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4231-сонли қарори қабул қилинди. Унда барча маҳаллалар ва хонадонларни қамраб олиш учун тижорат банкларига масъулият юклатилди. Бизнинг банк томонидан ҳам 345 минг маҳаллага мутахассислар бириктирилиб тарғибот-ташвиқот ишлари йўлга қўйилди.

Биз асосий эътиборни кам таъминланган оилаларни тадбиркорликка жалб қилишга қаратяпмиз. Мақсад – уларни кам таъминланганлар рўйхатидан чиқариш. Маҳаллаларимизда 6511 дан ортиқ кам таъминланган оилалар мавжудлиги аниқланди. Шу кунга қадар уларнинг 3405 нафари кредит олиб тадбиркорлик қилиш истагини билдирди. Айни кунгача кам таъминланган 2316 та оилага 13 млрд сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилган.

КРЕДИТ ОЛИШ ТИЗИМИ ҚАНДАЙ?

Кредит олмоқчи бўлган тадбиркор биринчи навбатда ўз ғояси билан маҳалла фуқаролар йиғини раисига мурожаат қилиши керак. Ҳар бир маҳаллага тумандаги ёки шаҳардаги 4 та сектордан  биттаси бириктирилган. Тадбиркор шу сектор раҳбари ҳамда маҳалла раисидан тавсиянома олади. Кейин туман марказидаги оилавий тадбиркорликни ривожлантириш марказига (ҳудудий ишчи гуруҳи) мурожаат қилади. Гуруҳ раҳбари – туман ҳокимининг биринчи ўринбосари тадбиркорнинг сўровномасини кўриб чиқиб, кичик ишчи гуруҳини ўрганишга юборади. Кичик ишчи гуруҳи томонидан ижобий хулоса берилгач тадбиркор ўз йўналиши бўйича олмоқчи бўлган ускуна ёки хомашёни таъминотчидан олади. Вилоят ишчи гуруҳи ва ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи томонидан таъминотчилар рўйхати тасдиқланган. Таъминотчидан товарни олиб келиб ўрнатгач ва унинг миқдори, қиймати ва сифатига ҳеч қанақа эътирози бўлмаса тадбиркор розилик хати билан ҳисоб варақ-фактурани банкка тақдим қилади. Кейин банк унга йиллик 8 фоизли кредитни 3 йилга 6 ойлик имтиёзли шартнома асосида ажратади. Унга кўчмас ёки кўчар мулк кафиллик сифатида қабул қилиниши мумкин.

Кредитлар мақсадсиз сарфланишининг олдини олиш учун ҳозирда муҳим механизм йўлга қўйилган. Мисол учун тадбиркорнинг хонадонига олдин ускуна, хомашё келтирилади ва ундан кейин кредит берилади. Бу тизим самарасида 2019 йилда кредит мақсадсиз сарфланган ҳолатлар учрамади.

РАҚАМЛАР ГАПИРГАНДА:

ИпотекабанкАТИБнинг 2019 йилги кредит портфели 20 трлн 5 млрд сўмни ташкил қилди. Шундан инвестицион кредитлар қолдиғи 15 трлн 600 сўм (76 фоиз)дан иборат. 2019 йилнинг ўзида Ипотека-банк АТИБ томонидан 38 млн доллардан ошиқ лойиҳалар хорижий валютада молиялаштирилди. 2019 йилнинг ўзида 1 трлн 600 млн. сўмлик узоқ муддатли инвестицион кредитлар ажратилган. Улардан саноат йўналишига 158 млрд сўм, қишлоқ хўжалиги йўналишига 212 млрд сўм, транспорт ва коммуникация йўналишига 12,9 млрд сўм, қурилиш соҳасига 152 млрд сўм, ижтимоий соҳага 82 млрд сўм, моддий техника, таъминот ҳамда маиший хизмат соҳасига 618 млрд сўм ва бошқа секторларга 17 млрд сўмдан ортиқ инвестицион кредитлар йўналтирилган. Ипотека-банкка бириктирилган маҳаллаларда жами 273 мингдан ортиқ хонадонлар мавжуд бўлиб, бугунгача улардан 15 мингдан ортиғи кредит олиш истагини билдирди. Шундан 7,5 мингдан ортиғига 153 млрд сўмдан зиёд кредит маблағлари берилди.

Ипотека банк томонидан ажратилган кредитлар ҳисобига 2019 йилда 10 мингдан ортиқ янги ишчи ўринлари яратилди.

Манзура БЕКЖОНОВА.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: