Савобга ундаган воқеа (Ҳикоя)

Сиз навбатсиз кириш учун мендан эмас, мана шу кутаётган одамлардан руҳсат олинг. Ана қаранг, ёш болалилар, ҳомиладорлар, сизга ўхшаб невара етаклаб келган кекса онахонлар ҳам бор…

Болалар асаб касалликлари шифокорига навбат кўп, узун диқққинафас коридорнинг ярми тўлган, анчагина танилиб қолган мутахасисга бемор кичкинтойларини кўрсатиш илинжидаги ота-оналар садага қўнган чумчуқлардай чуғурлашарди:
— Охири ким?
— Биз.
— Вой-вў, сиздан олдин ўттизтача одам бор шекилли?
-Кўпроқ денг, ўргилай, — гапга қўшилди, кўк рўмоли елкасига тушиб сочлари тўзғиб қолган жувон. У озғин қўллари билан боласи эмаётган кўкрагини яширар экан, бир кўзи билан ўтиргани ўриндиқ қидирарди.
— Касал кўп келишини билишади, ҳамма болалик. Шароит яратиб қўйишса бўларди…
Унинг гапини мақуллаб, бош ирғаган олтмиш ёшлардаги онахон ҳам норози эди:
— Гапирманг… Кеча неварамни келиним олиб келганди. Бояқиш кечга яқин ўзи касалхонага тушиб қолди. Хомиладорда. Анави икки келин ҳам оғирбўй экан, ҳеч бўлмаса яна беш-ўнтача стул қўйишса давлатлари камайиб қолармикан.
— Вой, бу ҳамма жойдаги ахволку…
-Йўқ. ҳамма жойда эмас- деди, қўлидаги сут идишни боласининг оғзига тутаётган жувон, — аксарият поликлиникаларда денг. Тунов куни каттамни эндокринолокка олиб боргандим. Ўттизтача ўриндиқ қўйишибди. Хусусийларда ундан ҳам яхши…
Учта ўриндиқда тўртта бўлиб омонат ўтирган чақалоқлик келинлар ўнғайсизланиб кўзларини яширишди. Жой берай дейишса, қиш кийимида анчагина оғир бола билан оёқда туришнинг ўзи бўлмайди, қийналиб қолишади. Ўтираверишса, тик турганларнинг олдида айбдордай, селгимаётган навбат ва шифокор ўтирган хона эшигига қараб пичирлашарди:
— Тезроқ навбатимиз келсинда…
— Илоҳим. Одамни қаранг. Болами памперси ҳам тўлиб кетди.
— Меникиям.
Чириллаб йиғлаётган чақалоғини овута олмаётган рангпар жувон атрофдагиларга айбдорона мўлтиради:
— Водийдан сахар тўртда келганмиз. Бирор нарсаям еб олмабман. Сутим йўқ шекилли, эмса ҳам йиғлаяпти. Жижиси борлар навбатсиз киради дейишса хурсанд бўлибман. Батга келганларнинг ярмидан кўпида чақалоқку. Қолаверса ҳамманинг боласи ҳам касал…
Унинг гапи чала қолди. Эшик очилиб кўзойнаги ярашмаган ҳамширанинг чийиллаган овози эшитилди.
— Воҳидова…Воҳидова Шахло.
Хозиргина нолиб турган жувон » Биз» дея овоз бериб, шифокор хузурига кириб кетган чоғ, эшик ёпаётган ҳамширанинг рўпарасида олти ёшлар чамасидаги қизалоқни етаклаган барваста эркак пайдо бўлди.
— Раъно Муродовна қабул қиляптими?
— Ха, сиз кимсиз? Регистратурадан тартиб рақами ёзилган қоғозча олган бўлсангиз қайд варақангиз билан беринг. Ўзим чақираман.
Эркак икки дона тилла тишини кўрсатиб илжаяр экан, ичкаридаги шифокор эшитсин деб, овозини баландлатди:
— Эээ синглим. Қанақа тартиб рақами? Вазирликдан Олимжон Ҳакимович юборган одам келибди денг, бўлди.
Навбатда турган хотин- халаж чувиллаб кетди:
-Қанақа вазирлик, уятингиз борми? Шунча одам, ногирон боласи борлар ҳам кутиб турибдику…
— Дўхтирнинг ўзи кеч келди. Қолмишига ётиб даволанаётган беморлардан ҳам консультацияга олиб тушиб, анча вақтимизни олишди. Энди сиз пайдо бўлдингизми?
— Қочинг, орқага ўтинг. Президент юборган бўлса ҳам навбат билан кирасиз!
Оломон ўз хаққини талаб қилган сари у ҳам авжига чиқди:
— Мениям эшитинглар. Ўзим ҳам врачман. Худди сиздака касалларим кутиб турибди. Неварами кўрсатаман-у чиқаман. Ўн минут ҳам кетмайди-ку. Телефон қилиб айтиб қўйишган.
Сабр косалари тўлиб турган бўлса ҳам одамларнинг уни ўчди. Бирор куни шу шифокорга ҳам ишимиз тушиши мумкунку, деган истихолада тақдирга тан беришди.
У ҳамширанинг «ичкарида касал бор» деганига ҳам қарамай шахд билан эшикни очиб, «Ассалому алайкуууум» дея чўзилганча ортга тисарилиб турган қизчани олдингга итариб кириб кетди. Бироқ, икки дақиқа ҳам ўтмай, шумшайганча қайтиб чиқди. Коридорнинг у бошига бориб, кимнингдир рақамларини териб, асабийлашиб баланд оҳангда гаплашди, арзи ҳол қилди.
Гапи тугаб, яна бир рақамни тераётган чоғ ичкаридан чиққан шифокорнинг овози эшитилди:
— Султонхўжаев…
Гавдасига ярашмаган чаққонлик билан пилдираб келган эркак шифокорга ғолибона нигоҳ ташлаб тиржайди:
-Алдамабманми? Ўзлари қўнғироқ қилдими?
Асабийлашиб ўнг қовоғи учаётган шифокор аёлнинг овози титраб чиқди:
-Ҳа қилди.Майли, неварангизни навбатсиз кўриб қўяман. Фақат сиз бунинг учун мана шу одамлардан руҳсат олинг. Ана қаранг, ёш болалила р, ҳомиладорлар, сизга ўхшаб невара етаклаб келган кекса онахонлар ҳам бор. Ўзи эрталаб ярим соатга чўзилган «бешминутлик»ни деб кеч қолдим. Ичкарида ўтирган жувоннинг боласи оч қолганидан ва калла ички босими туфайли чирриллаб йиғлаяпти. Сиз бўлса… Кейин буларни врачман деб алдаманг, мебель дўконининг эгаси, тадбиркорсиз. Буниям қўнғироқ қилиб айтишди. Нима, сиз кечроқ борсангиз савдо тўхтаб қоладими? Ёки харидорларингиз аразлаб қолишадими ? Энди, қайтиб қўнғироқ қилинг. Ишдан олишса амаллаб куним ўтар!

Титраб турган шифокор шунча «ширин» гапдан сўнг шалвираб қолган эркакка яна бир карра нафрат билан назар ташлагач, хонасига кириб кетди.
…Ўша куни унинг боши ҳам бўлди.
Ўша куни у кўзларини каттароқ очиб, атрофига назар ташлади.
Узоқ -яқиндан келган ҳамюртларининг маҳзун қиёфаларига қараб, дунёда фақатгина ҳамма жойда сўзини ўтказадиган бойваччалар эмас, ҳеч қанақа таниш-билиши йўқ оддий одамлар ҳам борлигини ҳис қилди.
Ўша куни у қизининг тўйига фалонча турадиган мебелллар олувчи Вазирликдаги акахонидан ҳам нафратланиб кетди.
Ўша куни у умрида илк бор навбат кутди.
Эл қатори – дўконида сотилаётган, уйида тиқилиб ётган кресло, юмшоқ стулларда эмас, тик оёқда, ўзлари чақиришмагунча сабр билан навбатини пойлади.
Ўша куни у бошқа ҳеч кимга қўнғироқ қилмади.
…Уч кундан сўнг эса узун коридорда навбат пойлаётган одамларнинг бирортаси тик туриб қолмади. Қатор қўйилган янги стулларга бемор болажонларини ҳам ўтирғизиб олган хотин-халаж, чумчуқдай чуғурлаб, қулай ўриндиқлар эҳсон қилган одамни тинмай дуо қилишар эди…

Муаззам Иброҳимова

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: