ЯНГИ ЙИЛ ДАСТУРХОНИ: Ҳазм бўлмаган таомнинг “қилиқлари”

Байрам тантаналаридан кейин ошқозон бузилиши ёки вазн ортиши билан боғлиқ хотиралар ёдда қолади. Хўш, унда базму жамшиддан сўнг ҳақиқий байрамона кайфият ҳукм суриши учун нима қилиш керак?

Бор парҳезларни бузган ҳолда Янги йилни кутиб олиш барчамиз учун мажбурий одатга айланган. Бироқ бундай байрам тантаналаридан кейин ошқозон бузилиши ёки вазн ортиши билан боғлиқ хотиралар ёдда қолади. Хўш, унда базму жамшиддан сўнг ҳақиқий байрамона кайфият ҳукм суриши учун нима қилиш керак?
Умуман олганда, Янги йил кечасидаги овқатхўрликдан беталофат чиқиш сиз ўйлаганчалик қийин эмас. Асосийси бу кунга тўғри тайёргарлик кўриш зарур. Шунда Янги йил киргандан кейинги дастлабки ўн кун сиз хоҳлагандек яхши кайфиятда ўтади ва тарозига чиққанда ўзингиздан уялмайсиз.

Қўрқманг, сизга қатъий парҳезга ўтинг, демоқчи эмасмиз! Биласизми, байрам олдидан одам ўзини овқатдан тийиши мумкин эмас. Чунки тез вазн ташлаш организмнинг “жаҳлини чиқаради”. Натижада у шу заҳотиёқ ўзидаги моддалар алмашинуви жараёнини секинлаштиради. Кўп ўтмай уни оливье, норин ва қийма кабоблар билан сийлашингизни қаердан ҳам билсин?! Модда алмашинувининг сусайиши ва кириб келаётган калорияларнинг ортиши ташлаган вазнингизни икки баравар қилиб қайтариши мумкин.

Агар сиз байрам олдидан бироз озмоқчи бўлсангиз, ҳозирнинг ўзида ишга киришинг. Ва, ҳеч қандай қалтис ҳаракат қилманг! Кундалик калория истеъмолини бирдан эмас, озроқ камайтирсангиз етади. Негаки, ҳар куни ейдиган озуқангиз калорияси сизнинг кун давомида меъёрий ишлашингиз учун сарфланади. Бундан ташқари, истеъмол қилинадиган овқатнинг таркиби мувофиқ, барча керакли витамин ва минералларга бой бўлиши керак. Ёғ ва ширинликларни камайтиринг аммо улардан тамоман воз кечманг. Агар организмни қийнамасдан ҳаммасини тўғри бажарсангиз, ўзингизни очликка маҳкум қилмай ҳафтасига 0,5-0,7 кг вазн ташлай оласиз.

Анъанани ўзгартирамиз

Келинг, Янги йил дастурхонига бироз ўзгартиш киритамиз: экзотик мевалар ва креветкадан тайёрланадиган салат, ўзгача таъмли, осон ҳазм бўлувчи сабзавотли қайлалар, қуён ёки курка гўшти солинган енгил таомлар байрам дастурхонини ғариб қилиб қўймайди. Ичимликлардан газли сувлар ўрнига концентратсиз табиий шарбатларни танланг.

Бир ҳафта давомида нари-бери овқатланиб, байрам арафасидаги меҳмондорчиликка иштаҳа тўплаш – энг ёмон одат. Бунда бўкиб овқат еб қўйишингиз ва ўзингизни очофатликда айблашингиз тайин. Унутманг, ўтаётган йилнинг охирги куни одатдагидан кўпроқ овқат еб қўйишингизга асос бўлолмайди! Шу билан бирга, кун бўйи оч-наҳор овқат тайёрлаш билан овора бўлиб, кечқурун ўзингизни дастурхонга «ташламанг». 31 декабрда ҳам одатдагидай нонушта, ўз вақтида тушлик қилинг. Шунда кечга бориб иштаҳангизни бемалол жиловлай оласиз.

Байрам олдидан ҳаммамиз жуда сахий бўлиб кетамиз. Янги йил дастурхонида ҳамма нарса сероб бўлиши учун лаган-лаган салатлар, қозон-қозон таомлар, коса-коса холодецлар тайёрлаймиз, бир дунё ширинлик ва катта тортлар сотиб оламиз. Охир-оқибатда бизга «термулиб» турган егуликларни исроф бўлмасин, деб паққос туширамиз. Келинг, бундай қилмайлик, исрофгарчилик ёмон нарса. Яхшиси, бир кунга етарли қилиб овқат тайёрлайлик. Шунда ошқозон ҳам ҳамён ҳам азият чекмайди.

Меъёридан кўп овқатланиш – саломатликка зиён, бунда ҳазм тизими қўшимча зўриқиш билан ишлашига тўғри келади. Шунинг учун байрам тадбирларига боришдан олдин бирон егулик еб олинг. Иштаҳани пасайтириш учун энг зўр маҳсулотлар – бир сиқим ёнғоқ, бир бўлак пишлоқ, озроқ қайнатилган товуқ гўшти ёки шакар қўшилган творог. Меҳмондорчиликдан олдин улардан бирортасини еб тамадди қилиш мумкин.

Иштаҳани жиловлаш усуллари

Ва ниҳоят, сиз барибир ўзингизни тўхтатолмай бўкиб едингиз, дейлик. Овқат ҳазм қилишдаги бузилишлар қориндаги оғирлик, овқатлангандан кейин кўнгил айниши, қусиш, қорин дам бўлиши, метеоризм ҳамда диарея (ич кетиши) кўринишида намоён бўлади. Бундай ҳолатлар кузатилса энди мажбурий парҳезга ўтиш, шифокор билан маслаҳатлашиб ҳазмни яхшиловчи дори-дармонларни қабул қилиш лозим. Меъда-ичакларнинг меъёрий фаолияти тиклангунча ёғсиз сабзавотли шўрвалар, қотирилган нон еб, кўпроқ газсиз минерал сув ичиш зарур.

Кўриб турганингиздек, бир кунлик таомхўрлик сизга қимматга тушди. Энди ўзингизни овқатдан тийинг. Аммо очарчилик парҳезига ҳам ўтманг, ҳазм муаммолари барҳам топгач хотиржамликни сақлаб, одатдагидай овқатланишингиз мумкин.

Маслаҳатлар:

Овқатланишни енгил сабзавотли таомлар ёки салатлар билан бошлаш ошқозон зўриқишининг олдини олишга ёрдам беради. Чунки сабзавот ва меваларда клетчатка ҳамда сув кўп бўлиб, ҳазм жараёнини тезлаштиради.

Байрамда кўпчилик спиртли ичимлик ичишдан ўзини тўхтатолмайди. Унутманг, алкоголли ичимликлар меъда бузилишининг асосий сабабчисидир. Бундан ташқари, уларни истеъмол қилсангиз иштаҳани кучайтириши сабабли, тўйганингизни билмай қоласиз.

Байрам куни кўп овқат еб қўймаслик учун стрессни максимал даражада камайтириш керак. Бунинг учун бир кун олдин тўйиб ухлаш, чарчоқдан қутулиш, хавотирли ўй-хаёлларни ҳайдаш лозим.

Агар дастурхонга ўтиришдан олдин бир стакан сув ичилса очлик ҳисси бироз босилади. Тамаддилар орасида ҳам сув ёки шарбат ичиш тўқлик ҳиссини тезлаштиради.

Дастурхонда ноз-неъматлар кўп, шошилмай еяверинг, “тугаб қолмайди”. Аксинча, луқмангизни яхшилаб чайнасангиз қорин тез тўяди ва еган овқатингиз яхши ҳазм бўлади.

Меҳмонга борганда дастурхондаги барча маҳсулотдан татиб кўришни ҳеч қачон ўз олдингизга мақсад қилиб қўйманг. Барча аралаштириб ейилган нарсаларни ҳазм қилиш ҳам ошқозон учун азоб. Агар ўзингизга маълум чекловлар қўйсангиз ва уларни бажарсангиз, яъни сизни «яна озроқ енг», деб мажбурлашса ҳам ўзингизни тия олсангиз, меъдангиз ва қоматингиз бузилмайди, байрам сиз учун кўнгилли ўтади!

Терапевт Гулчеҳра Ортиқова маслаҳатлари асосида Шаҳризода АТАБАЕВА тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: